Халифалик барпо бўлиши омиллари Умматда тайёр

556
0

Халифалик барпо бўлиши омиллари Умматда тайёр

Устоз Абдуррауф Омирий қаламига мансуб

Маккаи Мукаррамада Ислом тонги отгандан бошлаб, ҳатто Мадинаи Мунавварада давлат барпо бўлгандан кейин ҳам Ислом нурини ўчириш ва бу нурга кўз тикиб турганларга унинг зиёси етиб боришига йўл қўймаслик уринишлари бўлди. Бироқ ушбу диннинг буюклиги, мусулмонлардаги имоннинг қуввати ҳамда уларнинг шу дин билан яшашга ва уни бутун инсониятга ҳидоят рисоласи сифатида етказишга бўлган қатъиятлари мунофиқлар хиёнатини ва Мадинадаги яҳудийлар макрини йўқ қилди. Бундан ташқари, Рум ва Форс давлатларининг араб ҳудудларидаги ушбу ёш давлатни бўғизлаш учун қилган ҳарбий ҳаракатларига барҳам бериб, салибчилар ва мўғулларнинг Ислом давлатини нафақат парчалаб ташлаш, балки мусулмонларни илдизидан қуритиш учун бўлган уринишларига якун ясади.

Бу урушларда нусрат ва зафар мусулмонларни тарк этмади. Фақат баъзи ҳоллардагина зафар душман томонида бўлди. Аммо мусулмонлар тез орада улардан ташаббусини қайтариб олдилар. Бироқ ҳижратнинг олтинчи асрида мусулмонлар Исломни тушуниш ва унга амал қилишда араб тилига эътиборсизлик қилганликлари туфайли араб тили қудрати Ислом қудратидан узилиб қолди. Ана шунда мусулмонлар зеҳнида Исломни тушунишда хиралик юз берди. Ўн учинчи асрдан бошлаб эса, мустамлакачи европаликлар онгига Исломни ҳаётдан узоқлаштириш ва мусулмонлар устидан ҳукмронлик ўрнатиш фикри мустаҳкам ўрнашди. Бунинг учун мусулмонларнинг давлатини йиқитиш ва ҳокимиятларни йўқ қилиш керак эди… Шундай бўлди ҳам. Бу ишда мустамлакачилар макрига айрим турк ва араб хоинлари ёрдам беришди. Шундай қилиб, кофир Ғарбнинг сиёсий эътиқоди Исломни қайта ҳокимиятга келтирмаслик устига қурилди. Кейинчалик бу Ғарбнинг ҳаёт-мамот масаласига айланди. Кофирларнинг туҳматларига мусулмон юртларидаги барча ҳукмдорлар ёрдам беришди. Аллоҳ ва Росулининг душманлари мусулмонларнинг ҳар бир масаласини ўз қўлларига олишди. Ҳатто иш шу даражага етдики, устимиздан ҳукм юритадиган ҳукмдорлар ҳам тоғут душманларимиз розилиги билан тайинланадиган бўлди. Бунинг далили шуки, Сурияда 1936 йил Муҳаммад Али Обид ҳокимиятга келгандан то 1971 йил Ҳофиз Асад келгунига қадар кетма-кет йигирмадан ортиқ давлат раҳбари алмашди. Бу – Сурияда Британия билан АҚШнинг тинимсиз давлат тўнтаришлари уюштиришлари натижасида рўй берди.

Бироқ Исломнинг буюк Уммати ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Росулуллоҳ ақидасига эга бўлиб ушбу ақидага ҳеч қачон эътиборсизлик қилмай, уни ҳамиша қанотлари остида маҳкам асраб келди. У ўз туйғуларини муҳофаза этиб, куч-қудрати ва улуғлигига интилиб келди ҳамда ўзининг аламли воқеидан ташвишланиб, ўзилигига қайтиш йўлини қидирди. Мана шу сифатлари сабабли Уммат ўзининг устидан узоқ йиллар мобайнида ҳукмронлик қилиб келган кофир Ғарбга ва унинг фикрларига маҳлиё бўлиш ғуборларини эгнидан қоқа бошлади. Энди Ғарбнинг фикр ва тушунчалари Умматни мафтун ва маҳлиё қилолмайдиган бўлиб қолди. Аксинча, унинг фикр ва тушунчаларини Уммат текшириб, танқид қиладиган, сўнг рад қилиб, ўзининг хазинасига, яъни, Аллоҳнинг Китоби ва Росули ﷺнинг суннатларига мурожаат қиладиган, уни қайта-қайта ўқиб, ҳушёр тортадиган бўлиб қолди. Натижада, Умматнинг тўғри йўлдаги ростгўй фарзандлари гуруҳи вужудга келди. Бу гуруҳ Умматга қандай фикрлашни белгилаб бера бошлади. Натижада, Уммат қарашларидан хираликлар тарқаб, фикрлари жилолана бошлади. Шунда душман Умматдаги уйғониш аломатларини сезгач, юртларимиз ва бойликларимиз устида кечадиган Ғарб давлатлари ўртасидаги кураш омиллари бир оз пасайди. Чунки у Умматдаги уйғониш аломатларининг нақадар хавфли эканини, бу нарса юртларимиз устидаги мустамлакачи кучларга ва уларнинг нуфузларига таҳдид туғдиришини англаган эди. Шунинг учун Уммат онгини ўзлари учун стратегик душман, деб ҳисоблаб, ўз позицияларини шу тушунча асосида белгилайдиган ва Ислом Умматига қарши уруш режаларини шунга қараб чизадиган бўлишди.

Ғарб томонидан ўрнатиб қўйилган ҳукмдорларга қарши мусулмонларнинг кўтарилиши натижасида мустамлакачи Ғарб ғафлат уйқусидан уйғонишни, ҳақиқатни англаб етишни бошлаган ушбу мағрур Умматдан янада хавфсирайдиган бўлди. Чунки одамлар бу ҳукмдорлардан, атрофларидаги бузуқ воқеликдан, кузатган одамга очиқ кўриниб турган хиёнатлардан умидлари узилиб, ҳафсалалари пир бўлган эди. Одамлардаги бундай вазият Ғарбни ўз элчихоналари, консулликлари ва фуқаровий ташкилотларини ишга солишга ундади… Энди Ғарб шулар орқали юртларимиздаги ҳокимият бўғинларига тўғридан-тўғри аралашишга, ишлар тизгинини бевосита қўлга олишга, нозик ишларни қаттиқроқ назорат қилишга мажбур бўлди… Бу ишлари билан одамлар олдида баттар фош бўлиб, унинг душманлиги энди ҳеч кимга сир бўлмай қолди.

Уммат буларнинг барчасини буюк арш Парвардигори Умматга Ҳизбни армуғон этганлиги сабабли тушуниб етди. Чунки Ҳизб Умматнинг энг яхши уммат эканлигини ифода этиш учун унинг бағридан отилиб чиқди. Уммат адашган ва адаштирувчи ёвуз душманга рўбарў бўлиб турган бир пайтда, Ҳизб унинг ҳаётидаги чалкашликларни ойдинлаштириб берди. Шунингдек, Уммат ҳаётдаги ўз ролини қайта тиклашга, халқлар орасида биринчи ўринни эгаллаб, башариятга етакчилик қилишга ҳамда капитализмнинг шафқатсизлигидан халос бўлишга интилаётган бир пайтда унинг барча эҳтиёжларини қониқтирадиган сақофатни белгилаб берди. Ҳизб тавҳид асосида бир дастур ишлаб чиқиб, боблари, фасл ва моддаларини Аллоҳнинг Китоби ва Росули ﷺнинг суннатларидан истинбот қилиб, уни Умматга тақдим этди. Зеро, бу дастур инсоннинг давлат ва жамиятдаги эҳтиёжларини муолажа қиладиган, давлат органларининг барча вазифаларини белгилаб берадиган дастурдир. Бу дастур инсон кутган нарсаларга жавоб берувчи фикрий стимул ҳамда Уммат масалаларига етакчилик қилувчиларни ғайратини қўзғовчи мотор вазифасини ўтаб келмоқда. У шунингдек, Умматнинг хотиржам, мамнун бўлишига, итоатга доим тайёр туришига омил бўлди.

Ушбу фикрий қувватнинг юксалиши Аллоҳ Азза ва Жалла Умматга ато этган бойликларга ҳақиқий маъно беради. Бу билан Уммат бу бойликларга эга бўлишнинг маъносини ва уларни тасарруф этишга қодирлигини ҳамда бу бойликлар бутун оламга эзгулик улашиш вазифасини бажаришда ўз қувватининг асосий омили, Халифалик давлатининг энг муҳим ирмоғи бўлишини англаб етади. Ушбу кучли инсоний энергия Умматни ўнлаб йиллар давомида таъқиб, зулм ва қамал остида қолган етакчилик юкини ақл-идрок ва онг билан кўтаришга ундайди. Умматда ушбу энергия мавжуд экан, уни масаласидан чалғитишга ёки Парвардигори амрини бажаришдан тўсишга ҳеч нарса қодир бўлмайди. Чунки у Аллоҳнинг изни ила, Росулуллоҳ ﷺга асҳоб бўлган ва ул зотга ёрдам берган гуруҳга иқтидо қилиб, Роббисини рози қилишдан ўзга нарса ташвишлантирмайди. Зеро, айнан мана шу инсоний энергия билан Уммат барча нарсани яратиб бошқарувчи Аллоҳга бўлган алоқани тўғри англаган ҳамда Ислом мабдаини кўтариб, қудрат ва мақтов эгаси бўлган Аллоҳнинг розилигидан ўзга нарсани умид қилмай, бунинг учун жонини беришга тайёр Умматга айланган.

Аллоҳ Таоло айтади:

مَّا كَانَ اللَّهُ لِيَذَرَ الْمُؤْمِنِينَ عَلَى مَا أَنتُمْ عَلَيْهِ حَتَّى يَمِيزَ الْخَبِيثَ مِنَ الطَّيِّبِ وَمَا كَانَ اللَّهُ لِيُطْلِعَكُمْ عَلَى الْغَيْبِ وَلَكِنَّ اللَّهَ يَجْتَبِي مِن رُّسُلِهِ مَن يَشَاءُ فَآمِنُوا بِاللَّهِ وَرُسُلِهِ وَإِن تُؤْمِنُوا وَتَتَّقُوا فَلَكُمْ أَجْرٌ عَظِيمٌ

«Аллоҳ мўминларни сизлар бўлган мана шу ҳолатда (яъни ким мўмин-у, ким мунофиқлиги маълум бўлмаган ҳолатда) ташлаб қўймайди. Ҳали У (Уҳудда мунофиқларни мўминлардан ажратиб қўйгани каби) нопокни покдан ажратади. Аллоҳ сизларни ғайб илмидан хабардор қилмади. Лекин Аллоҳ пайғамбарларидан Ўзи истаган зотларни сайлаб олур (ва уни ғойибдан хабардор) огоҳ қилур. Бас, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига имон келтирингиз! Агар имон келтириб, Аллоҳдан қўрқсангиз, сизлар учун улуғ ажр-мукофот бордир»    [Оли Имрон 179]

Роя газетасининг 2021 йил 10 март чоршанба кунги 329-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here