“Инқилоб” ниқоби остида давлат тўнтариш

502
0

“Инқилоб” ниқоби остида давлат тўнтариш

Президент Садир Жапаров 24 март куни муносабати билан қирғизистонликларга мурожаат қилиб чиқди.  Мурожаатда давлат раҳбари “март воқеаларининг сабаби адолатсиз бошқарув, қонунбузарлик, оилавий бошқарувни ўрнатиш ва шахсий манфаатларни давлат манфаатларидан устун қўйиш” бўлганлигини маълум қилди.

2008 йилдан бери ушбу кун расман Халқ инқилоби куни сифатида нишонланиб келинаётган эди. 2012 йилда парламент қарори билан ушбу сананинг расмийлиги бекор қилинди. Бундан аввал Собиқ президент Сооронбай Жеенбеков ушбу кун Қирғизистондаги демократиянинг ривожланишида муҳим воқеа сифатида тарихга киришини таъкидлаган эди.

Қирғизистон сиёсий тарихида “зарғалдоқ инқилоби” номи билан танилган март воқеаларида мамлакатни 15 йилдан бери бошқариб келаётган президент Асқар Акайевнинг режимини ағдариб ташланган эди. Акайев мамлакатдан қочиб, Россиядан бошпана олди. ҳокимият тепасига мухолифат етакчиси Қурманбек Бакиев келди ва у ҳам 2010 йил 7 апрел ҳодисаларидан сўнг мамлакатдан қочиб кетди.  2012 йилгача 24-март тақвимда қизил рангда ёзилиб, таътил куни деб ҳисобланди. Кейинчалик парламент қарори билан бекор қилинди.  Сўнг 2016 йилда Президент фармони билан “Хотира куни” деб эълон қилинди.

Сиёсат фанига кўра,  ҳар бир сиёсий воқеага халқаро сиёсатга боғлаб, битта ақида асосида баҳо берилиши лозим. Акс ҳолда, ўзгача баҳо берилиши муқаррар равишда нотўғри хулосаларга олиб келади. Маълумки,  биринчи президент Асқар Акаев халқаро сиёсат жиҳатидан олиб қараганда Россияга тобе президент бўлган. Россиянинг ўзи умумий инқирозга учраганига қарамай, Акаев режимининг Россияга мўлтираб қараб туриши, шунингдек, бошқарувга лаёқати йўқлиги аҳолида кучли норозилик уйғотди. Натижада, Ғарб бошчилигидаги кучлар вазиятдан фойдаланиб, мухолифатчи сифатида Қирғизистонда Курманбек Бакиевни тайёрлай бошлашди. Россия ҳукумати ҳам бунга эътироз билдирмади. Чунки Бакиев ҳокимиятга келса, ўзининг буйруғига бўйсунишига ишонарди. Шундай қилиб,  Ғарбнинг иродаси ва Россиянинг розилиги билан Акаев ўрнини Бакиев эгаллади. Ушбу усул барча мустамлакачи давлатларининг мустамлакаларида ишлатиладиган ҳийла-найранглардан биридир. Бунинг сабаби шундаки,  ҳукуматнинг ўзгариши ички тангликни яна бир неча йилга юмшатади.

Бакиев ҳокимият тепасига келганидан кейинги дастлабки йилларда у ташқи сиёсатда Россия сиёсатига тўлиқ риоя қилди. Бироқ, кейинчалик сиёсатда АҚШга юзланиб, иқтисодда Хитойга таяна бошлади. Ички сиёсатда халқ ишончини қозониш учун ислоҳотларни амалга оширган бўлди. Шунингдек, ҳокимиятни мустаҳкамлашда жануб аҳолисининг қўллаб-қувватловига таянди. Ҳукумат лавозимларида жануб тарафдан келган кадрлар сонини кўпайтирди. Шундан сўнг у ўзини “хон” каби ҳис қилиб, ўғли Максимни “шаҳзода” қилиб қўйди. Бакиевларнинг иштаҳалари очилиб одамларнинг чўнтакларига ҳам қўл узата бошлашди. Ушбу вазиятдан фойдаланган Россия ҳукуматни яна ўзгартиришга муваффақ бўлди. Бу ўзгартириш қон тўкиш билан амалга ошди. Апрел ва июн воқеларида ҳам бундай фожиа махсус снайперлар гуруҳи томонидан амалга оширилганлиги аниқланди. Россиядан олиб келингани тахмин қилинган десантлар бўйича терговлар президент Атамбаев даврида бошланиб, охирига етказилмади. Чунки уларнинг хўжайини маълум эди. Шунинг учун “Озодлик” бошчилигида Ғарб оммавий ахборот воситалари ҳамда демократия тарафдори бўлган сиёсатчилар ва тарихчилар мазкур ишларнинг қайта текширилишини расмийлардан тинмай талаб қилиб келишади.

Ғарб 2010 йилги давлат тўнтаришидан бери бир қатор малай кадрларини ҳокимиятга тиқиширишга муваффақ бўлди. Бунга муваққат ҳукумат аъзоларини мисол қилиш мумкин. Бундай кўриниш 2010 йилги сиёсий майдонни Россия тўлиқ назорат қила олмаганлигини билдиради. Аммо Атамбаев президент бўлганидан сўнг Россия томонига ўтиб, ғарбпараст мухолифатни турли сиёсий ўйинлар орқали тор-мор қилди.  Кейин “икки дўст” воқеаси ортидан Атамбаевнинг ўрнига Жээнбеков тайинланди. У ҳам бутунлай Россияга тобе сиёсат олиб борди. Унинг бошқарувдаги заифлигидан фойдаланган Ғарб ўз кадрларини парламентга олиб кириш ва ҳокимиятга тиқиштириш жараёнида самарали ишларни амалга оширди. Бундай фаол ҳаракарлар октябр тўнтаришига олиб келди. Энди эса Жеенбеков Жапаровга алмаштирилди. Россия ўз позициясини мустаҳкамлаш учун имкониятларини кенгайтирмоқда. Бунинг бир қисми сифатида ҳокимиятни президент атрофида тўплаб, конституциявий ўзгаришларни амалга оширтирмоқда.

Хулоса қилиб айтганда,  2005,  2010 ва 2020 йиллардаги тўнтаришлар фақат ҳукуматни алмаштиришдан бошқа нарсага олиб келмади. Бунда Россия мамлакатда мустамлакачилигини сақлаб қолишга муваффақ бўлган бўлса, Ғарб баъзи кадрларини ҳокимиятга олиб келиш ва сақофий таъсирини оширишга муваффақ бўлди. Аммо Уммат ҳеч қандай ижобий натижага эришмади. Аксинча, Акаев давридаги мусулмонларни таъқиб қилиш бугун ҳам давом этмоқда. Қамоқхоналар Аллоҳнинг динини олий қилишга ҳаракат қилаётган даъватчилар билан тўлдирилмоқда. Шунинг учун биз мусулмонлар, мана шундай сохта “инқилоблар”га алданиб қолмаслигимиз керак. Аксинча, мусулмонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўзининг бурчи деб биладиган ва Аллоҳнинг динини олий қилиш йўлида барча тўсиқларни бартараф этиш учун кураш олиб борадиган, аниқроғи Умматни чинакам уйғонишига элтадиган давлатни тиклашга ҳаракат қилишимиз лозим!

Мумтаз Маверанаҳри

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here