Ҳизб ут-Таҳрир амири улуғ олим Ато ибн Халил Абу Роштанинг Халифалик қулатилганининг аламли юз йиллик хотираси муносабати билан сўзлаган нутқи

441
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Ҳизб ут-Таҳрир амири улуғ олим Ато ибн Халил Абу Роштанинг Халифалик қулатилганининг аламли юз йиллик хотираси муносабати билан сўзлаган нутқи

Аллоҳга ҳамд бўлсин. Аллоҳнинг Росулига, у кишининг аҳли оиласи ва саҳобаларига ҳамда у кишини дўст тутганларга салоту саломлар ёғилсин. Аммо баъд…

Бутун Ислом Умматига ҳамда рошид Халифаликни қайта барпо этиш учун даъватни кўтариб чиқаётган йигит-қизларга…

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Бундан роппа-роса юз йил аввал (ҳижрий 1342 йил ражаб ойининг охирлари, милодий 1924 йил 3 март куни) Британия бошчилигидаги мустамлакачи кофирлар араб ва турк хоинлари билан ҳамкорликда Халифаликни қулатишга муваффақ бўлишди. Аср жиноятчиси Мустафо Камол Халифалик бекор қилинганини, Истанбулда халифа қамал қилиниб, ўша кун тонгда шаҳардан чиқариб юборилганини билдирди. Бу – илмоний Туркия республикасининг заиф президенти қилиб тайинланиши эвазига Британия талаб қилган тўлов эди. Шундай қилиб, мусулмонлар куч-қудрати ва Парвардигор розилиги манбаи бўлган Халифаликнинг йўқ қилиниши билан Ислом юртларида даҳшатли силкиниш юз берди.

Жиноятчи Мустафо Камол мавжуд бўлиб турган Халифаликни бекор қилиши билан очиқ куфрни эълон қилди. Шу сабабдан Уббода ибн Сомит розияллоҳу анҳу

«وَأَنْ لَا نُنَازِعَ الْأَمْرَ أَهْلَهُ إِلَّا أَنْ تَرَوْا كُفْراً بَوَاحاً عِنْدَكُمْ مِنْ اللَّهِ فِيهِ بُرْهَانٌ»

«… Ишни эгасидан талашмаслигимизга байъат беришимизни айтиб: фақат агар очиқ куфрни кўрсангиз ва сизда бу ҳақда Аллоҳдан аниқ ҳужжат бўлсагина мумкин, дедилар», дея Росулуллоҳ ﷺдан ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда таъкидланганидек, Уммат  унга қарши жанг қилмоғи керак эди. Бироқ, Умматнинг лоқайдлигида Мустафо Камол ўтказган зулмнинг таъсири кучли бўлди. Чунки у Умматга, хусусан, уламоларга шафқатсизларча ҳужум қилди. У уламолардан кўпчилигини, шу жумладан, Саид Бирон роҳимаҳуллоҳни қатл қилиб, яна бошқаларини қамоққа олди. Буларнинг барчаси Умматнинг бепарволигига сабаб бўлди. Натижада Уммат бу жиноятчини, унинг гумашталарини ва ёрдамчиларини тийиб, танобини тортиб қўймади. Аллоҳга, Унинг Росули ва мўминларга хиёнат қилган бу хоинга берилган жавоб жуда заиф бўлди, уни йўқ қилиш даражасига етмади! Шундай қилиб, жирканч қилмиши билан очиқдан-очиқ куфр содир этган бу кимса Умматнинг тарих ахлатхонасига улоқтириб ташлашидан омон қолди!

Шундан кейин мустамлакачи кофирлар мусулмон юртларда ўз нуфузларини ёйишди. Улар Халифаликнинг қулатилиши натижасида юз берган силкиниш сабабли Ислом юртларини парчалаб, элликдан ортиқ давлатчаларга бўлиб ташлашди. Бу билан ҳам кифояланмай, Росулуллоҳ ﷺнинг Исро ва Меърож маскани бўлмиш муборак заминда яҳудийлар учун бир давлат қуриб, уни сақлаб қолиш учун керакли барча сабаб-воситалар билан таъминлашди. Буларнинг энг биринчиси, яҳудийларни ушбу замин атрофидаги малай ҳукмдорлар орқали мудофаа қилиш бўлди. Улар бу билан ҳам кифояланишгани йўқ… Балки ҳукмдорлар яҳудийлар «давлат»и ҳажмини янада катталаштириш, суратини янада бошқача тасвирлаш мақсадида улар билан бўлган барча урушларда мағлубиятга учрашди. Малай ҳукмдорларга бу ҳам камлик қилди. Улар яҳудийларнинг 1967 йилда босиб олган ерлардан бир оз чекинишларидан умидвор бўлиб, Фаластиндан яҳудий вужудини илдизи билан қўпориб ташлаш масаласини музокаралар масаласига ўзгартириш учун бор кучларини сарфлаб, Аллоҳ ва Росулига қарши уруш очишди. Кейин ҳукмдорлар бундан ҳам тубан даражага тушиб, яҳудийлар босиб олган ерлардан умуман чекинмаса ҳам, улар билан муносабатларни нормаллаштириш учун елиб югурадиган бўлишди!! Баъзи ҳукмдорлар яҳудийлар билан муносабатларни нормаллаштириш жиноятини парда ортида қилса, баъзилари уни кечаю кундай ошкора тарзда содир этишди! Бундай разил ва расво қилмишга биринчи Миср ҳукмдорлари етакчилик қилган бўлса, уларга Фаластин Озодлик Ташкилоти, сўнг Иордания, Амирликлар, Баҳрайн, Судан ва Марокаш ҳукмдорлари эргашди. Саудиялик ҳукмдорлар ҳам уларнинг орқасидан етиб олишларини, ва орқада қолиб кетмасликларини кўрсатиш учун йўлнинг ўртасида улар билан қўл сиқишмоқда. Шу тарзда яҳудийлар билан муносабатларни нормаллаштириш жиноятига ҳар бир ҳукмдор шошмоқда, бу билан қулоғигача хорлик ботқоғига ботаётганига парво қилишмаяпти:

سَيُصِيبُ الَّذِينَ أَجْرَمُوا صَغَارٌ عِنْدَ اللَّهِ وَعَذَابٌ شَدِيدٌ بِمَا كَانُوا يَمْكُرُونَ

«Яқинда бундай жинояткорларга қилиб ўтган ҳийла-найранглари сабабли Аллоҳ ҳузурида хорлик ва қаттиқ азоб етажакдир» [Анъом 124]

Кейин бу ҳукмдорлар фақат Фаластинга ханжар уришгани йўқ. Балки таслим бўлиб, Ислом ерларидан бўлган покиза тупроқларни ҳам топширишди. Масалан, Кашмирни мушрик ҳиндулар ўз давлатларига қўшиб олишди… Россия Қиримни қўшиб олди… Судан жануби шимолидан бўлинди… Шарқий Тимор Индонезиядан суғуриб олинди… Яна бир тарафда Кипр. Кипрнинг қандай юртлигини биласизми?! Узоқ йиллар мусулмонлар қалъаси бўлиб турган бу ернинг аксар қисмига бугун Греция эгалик қилмоқда… Роҳинга мусулмонлари Мьянма (Бирма)да қатл қилинмоқдалар… Улар Бангладешга бош уриб боргандилар, режим уларни инсон зоти яшашга яроқсиз бўлган, тинимсиз тошқин бўлиб турадиган «Бхасан Чар» оролига жўнатди! Шарқий Туркистонни айтмайсизми… Хитой у ердаги мусулмонларни эзиб, уларга нисбатан ҳайвонларга ҳам қилинмайдиган ваҳшиёна муносабатда бўлмоқда. Бу юртни аҳрор эркаклару ҳур аёллар учун қамоқ лагерига айлантириб, очиқдан-очиқ қирғин амалиётларини содир этмоқда. Мусулмон юртларидаги мавжуд ҳукмдорлар буни кўриб-эшитиб, худди мурдалар мисол миқ этмай туришибди. Мабодо Хитойнинг мусулмонларга қилаётган репрессияси ҳақида гапирсалар ҳам, бу унинг ички иши экани ҳақидаги гап бўляпти!

كَبُرَتْ كَلِمَةً تَخْرُجُ مِنْ أَفْوَاهِهِمْ إِنْ يَقُولُونَ إِلَّا كَذِباً

«Уларнинг оғизларидан чиққан гап (жуда) оғир гапдир. Улар фақат ёлғон гапирадилар» [Каҳф 5]

Бошқа мусулмон юртларга келсак, у ерларни мустамлакачи кофирлар қаёққа судраса кетадиган ҳукмдорлар бошқаришмоқда. Улар на юрт хавфсизлигини сақлашяпти ва на фуқаро ҳаққига риоя қилишяпти. Бу юртларда фуқаронинг бойликлари талон-торож этилиб, номуслари топталяпти, бунга бирор кимса эътибор ҳам бермаяпти. Мустамлакачи кофир, айниқса Америка бунга нафақат панжа орасидан қараяпти, балки малайларига ўз халқларини бундан ҳам кўпроқ хор-зор аҳволга солишни буюриб, «агар биз бўлмасак, ликиллаб қолган курсиларингда бир неча кун ҳам қололмайсанлар, шундай экан, бор имкониятингни, балки имкониятингдан ортиғини ҳам сарфлаб, бизга ўлпон тўлайсанлар», демоқда!!

Эй мусулмонлар!

Халифалик қулатилиши ортидан мана шундай ҳолатга тушиб қолдингиз. Миллатлар ҳар томондан сизларга ёпирилиб ташланмоқда. Шу боис, бир эсланг, Халифалик соясида яшаган пайтда қандай ҳолатда эдингиз?!

Сизлар инсонлар учун чиқарилган энг яхши Уммат бўлгансиз. Анбиёлар сўнггиси, мужоҳидлар имоми Муҳаммад мустафо ﷺнинг тобеларисиз. Аждодларингиз рошид халифалар, фотиҳ қўмондонлардир. Ушбу буюк Ражаб ойида салибчиларни ер тишлатиб, уларнинг ифлослигидан Қуддуси Шарифни озод этган носир Салоҳиддин Айюбийнинг ҳамда татарларни торм-мор этган Қутз ва Байбарисларнинг авлодлари сизларсиз…

Ҳижрий 857 йил, милодий 1453 йил Константинополни фатҳ қилган пайтда ёши ҳали йигирма учдан ҳам ошмаган ва бу билан Росулуллоҳ ﷺнинг

«فَلَنِعْمَ الْأَمِيرُ أَمِيرُهَا وَلَنِعْمَ الْجَيْشُ ذَلِكَ الْجَيْشُ»

«У қўшиннинг амири қандай ҳам яхши амир, у қўшин қандай ҳам яхши қўшин», дея ёғдирганмақтовларига мушарраф бўлган Муҳаммадфотиҳнинг набиралари сизларсиз.

Ўн олтинчи аср (милодий 1525 йил)да Франция ўз қиролини асирликдан қутқаришини сўраб ёрдам сўраганда ёрдам берган халифа Сулаймон Қонуний авлоди сизларсиз. Бироқ бугун эса, Франция мусулмонлар халифасидан ёрдам сўраганини унутди ёки ўзини унутганга солиб, Исломни, Исломнинг пайғамбари Муҳаммад ﷺни ҳақорат қилмоқда. Буни қайтарувчи ёки бундан ҳисоб сўровчи ҳеч ким йўқ. Чунки бугунги кунда Исломнинг қалқони йўқ.

Эй мусулмонлар, сизлар халифа Салим IIIнинг авлодларисиз. Дарҳақиқат, ушбу халифа замонида АҚШ ўзининг кемалари Атлантика океанидан Ўрта ер денгизига хавфсиз равишда ўтиши учун ҳар йили Усмоний давлатига солиқ тўлаб келган. АҚШ ўзининг кемаларига Усмоний давлатнинг Жазоир вилоятидаги денгиз флоти томонидан зарар етмаслиги учун шартнома имзолашга мажбур бўлган. Яъни Қўшма Штатлар ҳижрий 1210, милодий 1795 йилда ўзининг тилида эмас бошқа тилда – Усмоний Халифалик давлати тилида – шартнома имзолашга мажбур бўлган. Ана шу Америка бугун мусулмон юртларидаги ҳукмдорлар устидан хўжайинлик қилиб, сенларни биз ҳимоя қиляпмиз, демоқда.

Шунингдек, сизлар миллионлаган олтин ҳам ўзгартиролмаган халифа Абдулҳамиднинг авлодларисиз. Ўшанда яҳудийлар Фаластиндан ватан топишлари эвазига Усмоний давлат хазинасига миллионлаб олтин тўлашни таклиф қилишганда, Абдулҳамид уларга ўзининг қуйидаги машҳур сўзларини айтган эди: «Фаластиннинг Халифалик давлатидан ажратиб олинганини кўришдан кўра танамнинг бигиз билан қиймалаб ташланиши мен учун енгилроқдир… Бас, яҳудийлар бу миллионларини сақлаб қўйсинлар… бир кун келиб Халифалик давлати парчаланса, ўшанда улар Фаластинни текинга олишлари мумкин». Ҳақиқатда ҳам шундай бўлди!

Яна сиз мусулмонлар, соат ихтиро қилган зотларнинг авлодисизлар. Ўшанда аждодларингиз соат ихтиро қилиб, ўша пайтда Европанинг энг катта қиролларидан бўлган Карлга совға қилади. Қиролнинг аъёнлари эса, соатни кўриб, «ичига жин ва шайтонлар тўлиб олибди», дейишган! Мана, биз ўзимизнинг ёрқин фикрлар билан қандай ҳолатда бўлганмиз-у, улар ўзларининг пуч сохта фикрлари билан қандай аҳволда бўлишган!

Эй мусулмонлар, бошингиз узра Халифалик соя сочган пайтларда мана шундай эдингиз! Эй ақлирасо кишилар, Халифалик ағдарилгандан сўнг эса, мана бундай аҳволга тушиб қолдинглар. Бас, бундан ибратланинг!

Эй куч-қудрат аҳли… эй Салоҳиддин ва Муҳаммад Фотиҳлар авлоди, сўзимни тугатишдан олдин сизларга мурожаат қилмоқчиман.

Фақат сизгина Ислом дини душманларига қарши Умматнинг дардига малҳам бўла оласиз, фақат сизгина ўзларининг исломий юртларида хор бўлган мусулмонларни қутқаришга қодирсиз. Эртага сизга нафақат шараф етиб, Уммат умиди боғланади, балки бутун Уммат ҳамда унинг олдидаги ва ортидаги бутун армиялари сизга эргашади, Аллоҳнинг изни ила асло ёлғиз қолмайсиз. Шундай бўлгач, ўз бурчингизни бажарингки, Аллоҳ сизга барака берсин! Рошид Халифаликни барпо этиш учун бизга, Ҳизб ут-Таҳрирга нусрат-ёрдам беринг. Зеро, нусрат бериш фақат ғалабага олиб борадиган йўлгина эмас. Балки у биринчи даражадаги буюк фарздир. Чунки аҳкомлар ва ҳадлар у орқали қоим бўлади. Усиз инсонлар устидан на аҳкомлар татбиқ этилади ва на ҳадлар жорий қилинади. Кимда-ким қодир бўла туриб Халифалик давлатини барпо этишга ва халифага байъат қилишга ҳаракат қилмаса, қаттиқ гуноҳкор бўлади. Бундай кишининг гўё жоҳилият ўлимини топиши бунинг гуноҳи нақадар оғир эканига далолат қилиб турибди. Зеро, Пайғамбар ﷺ

«…وَمَنْ مَاتَ وَلَيْسَ فِي عُنُقِهِ بَيْعَةٌ، مَاتَ مِيتَةً جَاهِلِيَّةً»

«… Кимда-ким бўйнида байъат бўлмаган ҳолда вафот топса, жоҳилият ўлимида ўлибди», деганлар.

Дарвоқе, Росулуллоҳ ﷺ вафот этганда, мусулмонларнинг ул зотни дафнга тайёрлаб қўйиб, дафн қилишдан олдин халифага байъат қилиш билан шуғулланганлари ҳам бу ишнинг жуда муҳим ва буюк эканига далолат қилади. Буларнинг барчаси Халифаликнинг ғоят буюк ва аҳамиятли эканлигидандир.

Эй куч-қудрат аҳли, эй нусрат аҳли, эй мусулмон қўшинлар!

Наҳотки, орангизда Аллоҳ ва Росулига нусрат берган ва бу билан дунёю охират ютуғини қўлга киритган Мусъаб ибн Умайр, Усайд ибн Ҳузайр ва Саъд ибн Муозлар бўлмаса?! Ахир, Саъд ибн Муознинг вафотидан ҳатто Раҳмоннинг арши ларзага келди-ку. Имом Бухорий ривоят қиладики, Жобир розияллоҳу анҳу бундай дейди: «Мен Росулуллоҳ ﷺнинг бундай деганларини эшитгандим:

«اهْتَزَّ العَرْشُ لِمَوْتِ سَعْدِ بْنِ مُعَاذٍ»

«Саъд ибн Муознинг ўлимидан арш ларзага келди». Наҳотки, орангизда Аллоҳ, Росули ва даъват аҳлига нусрат берувчи ақлирасо кишилар бўлмаса?! Уммат сизни кутмоқда. Сизнинг такбир айтишингизга, сизга қўшилиб такбир айтишга, қўлларингизда роялар ҳилпираб, сиз учун таҳлиллар айтишга мунтазир. Ёлғиз шу билан Уммат уйғонади ва рошид Халифалик барпо бўлади. Шундагина Халифалик Исломни ичкарида татбиқ қилиб, ташқарида даъват ва жиҳод билан бутун оламга олиб чиқади… Ана шунда Умматга Аллоҳ нусрат беради:

إِنَّا لَنَنْصُرُ رُسُلَنَا وَالَّذِينَ آمَنُوا فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَيَوْمَ يَقُومُ الْأَشْهَادُ

«Биз пайғамбарларимизга ва имон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган кунда (қиёматда) ҳам албатта ёрдам берурмиз» [Ғофир 51]

Эй Аллоҳнинг қўшинлари!

Биламизки, осмондан фаришталар тушиб, бизга Халифаликни барпо қилиб бермайди, Ислом ва мусулмонларни куч-қудратга тўлдирувчи армияларга етакчилик ҳам қилмайди. Балки, биз қачон Халифаликни барпо этиш ва ер юзида исломий ҳаётни қайта бошлаш учун жиддий, холис ва чинакам ҳаракат қилсаккина Аллоҳ Субҳанаҳу бизга ёрдам бурувчи фаришталарни нозил қилади. Бу Аллоҳ Субҳанаҳунинг Китоби ва Росули ﷺнинг ҳадисларида келган ва ёлғонга чиқарилиши имконсиз бўлган ваъдадир. Бировларнинг «бугун Халифаликни барпо қилиш бир хаёлдир», деган гапи ушбу ваъдага асло таъсир қилмайди. Балки, аслида, бу гапни гапираётган кимсаларнинг ўзи хаёлпарастлардир. Халифаликнинг барпо этилиши эса, Аллоҳнинг изни ила албатта барпо бўладиган реал ҳақиқатдир. Буни қуйидаги тўрт ҳақиқат тасдиқлаб турибди:

Биринчи: Аллоҳ Таолонинг ваъдаси:

وَعَدَ اللَّهُ الَّذِينَ ءَامَنُوا مِنْكُمْ وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَيَسْتَخْلِفَنَّهُمْ فِي الْأَرْضِ كَمَا اسْتَخْلَفَ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِهِمْ

«Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган зотларни (ер юзига) халифа қилганидек уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ваъда қилди»   [Нур 55]

Иккинчи: Росулуллоҳ ﷺнинг Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифаликнинг барпо бўлажаги тўғрисидаги башоратлари:

«ثُمَّ تَكُونُ مُلْكًا جَبْرِيَّةً، فَتَكُونُ مَا شَاءَ اللهُ أَنْ تَكُونَ، ثُمَّ يَرْفَعُهَا إِذَا شَاءَ أَنْ يَرْفَعَهَا. ثُمَّ تَكُونُ خِلاَفَةً عَلَى مِنْهَاجِ النُّبُوَّةِ. ثُمَّ سَكَتَ»

«Сўнг золимўравон подшоҳлик бўлади ва у Аллоҳ хоҳлаганча давом этади. Сўнг Аллоҳ Ўзи хоҳлаганда уни кўтаради. Сўнг пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик бўлади. Кейин Пайғамбар ﷺ сукутга чўмдилар». (Имом Аҳмад Ҳузайфадан ривоят қилган).

Учинчи: Умматнинг инсонлар учун чиқарилган фаол жонли энг яхши уммат эканлиги:

كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ

«Сизлар инсонлар учун чиқарилган энг яхши Уммат бўлдингиз. Зеро, сизлар маъруфга буюриб, мункардан қайтарасизлар ва Аллоҳга имон келтирасизлар» [Оли Имрон 110]

Уммат агар Халифаликни барпо этишда озгина секинлашган бўлса, бу шернинг ҳужум қилишдан олдин пайт пойлашига ўхшайди.

Тўртинчи ҳақиқат – Аллоҳнинг изни ила, Аллоҳ учун холис, Росули ﷺ учун ростгўй, мазкур ваъда ва башоратни рўёбга чиқариш учун кунларини тунларга улаб, тинимсиз фаолият қилаётган Ҳизбнинг борлигидир. Ҳизб мисоли Росулуллоҳ ﷺнинг ушбу сўзларида айтилган тоифадир:

«لَا تَزَالُ طَائِفَةٌ مِنْ أُمَّتِي ظَاهِرِينَ عَلَى الْحَقِّ لَا يَضُرُّهُمْ مَنْ خَذَلَهُمْ حَتَّى يَأْتِيَ أَمْرُ اللَّهِ وَهُمْ كَذَلِكَ»

«Умматимдан бир тоифаси ҳақ устида ғолиб бўлиб бораверадилар. Ёрдамсиз қолдирувчилар уларга зиён етказолмайди. Ниҳоят, улар шу ҳолатда турганларида Аллоҳнинг нусрати келади». (Имом Муслим Савбондан ривоят қилган).

Халифаликни барпо этиш учун ҳаракат қилишнинг хаёл эмаслигига мана шу тўрт ҳақиқатдан биттасининг ўзи кифоя. Агар тўртталаси бирга бўлса нима бўлиши мумкин?! Бир вақтнинг ўзида, Халифалик барпо бўлиши, Аллоҳнинг изни ила, воқеликдаги ҳақиқат ҳамдир. Барпо бўлганидан кейин мустаҳкам ва барқарор туриши ҳам, инша Аллоҳ, муҳаққақдир. Бугунги йирик давлатлар пойдевори ўзларини қулатадиган пойдевордир. Зотан, бу давлатлар Аллоҳнинг наздида ва Аллоҳнинг бандалари учун ҳеч нарса эмас. Ахир, кўз илғамас майда махлуқ (KOVID-19)нинг ўзи бу давлатларни ва уларнинг етакчиси АҚШни нима аҳволга солгани ҳам бу ҳақиқатни айтиб турибди! Қаранг, АҚШ сайловларида нима бўлди, бир гуруҳ сайловларни ўғирлик ва сохтакорлик, деса, иккинчи гуруҳ катта ғалаба демоқда! Булар бир-бирлари билан даҳанаки жанг қилиш билан кифояланмай, ҳатто давлатнинг расмий муассасасигача бостириб киришди, капитализм етакчиси бўлган давлатнинг йўлакларида инсонлар жонига қасд қилинмоқда… Ҳар икки тараф ҳам чириган демократияга чақирмоқда! Бугунги кунда дунё мана шу аҳволда. Каттаю кичик воқеа-ҳодисаларга тўла бу дунёни Ислом давлатисиз, Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифаликсиз ҳеч нарса қутқаролмайди.

Қадрли биродарлар!

Биз Халифаликнинг юз йилга етмай барпо бўлиши учун ҳаракат қилиб, Аллоҳдан ёлвориб сўрадик. Ҳизб етмиш йилдан бери ўз фаолиятини давом эттирар экан, бу орада Халифаликни энди ушладик дегунимизча, яна узоқлашиб кетди. Шундай бўлса-да, биз Аллоҳнинг марҳаматидан асло умидсизликка тушмаймиз. Зеро, биз Халифаликка кўз тикиб, қалбларимизни унга ошуфта боғлаб, унинг учун ҳаракатимизни давом эттирмоқдамиз. Халифаликнинг барпо бўлажагидан барчамиз хотиржаммиз. Чунки бунга Аллоҳнинг Росули

«ثُمَّ تَكُونُ خِلاَفَةً عَلَى مِنْهَاجِ النُّبُوَّة»

«Кейин Пайғамбарлик минҳожи асосида Халифалик бўлади», дея хушхабар берганлар. Мана шуларнинг барчаси ҳиммат камарларини маҳкам боғлашга, аҳду вафони кучайтиришга ҳамда ҳаракатлари ҳароратини орттириб, кишини бошқа бир ҳолатга кўчишига кифоядир. Кифоядирки, киши бир фалокатга дучор бўлиб ҳушдан кетса, мана шу фалокат билан ёруғ кунга чиқиш орқали шод-хуррам бўлади, инша Аллоҳ.

Ҳар ишдан хабардор, ҳар нарсани билувчи Роббимиз бизга шундай хабар берган:

فَإِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْراً + إِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْراً

«Бас, ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга албатта бир енгиллик бор. Ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга албатта бир енгиллик бор» [Шарҳ 5-6]

Рузайн ҳадисида содиқул масдуқ Пайғамбаримиз бизга шундай таълим берганлар:

«وَلَنْ يَغْلِبَ عُسْرٌ يُسْرَيْنِ»

«Битта машаққат икки енгилликни ҳаргиз мағлуб қилолмас».

Умарнинг Абу Убайдага мактуби мана бундай бўлган:

«Ҳеч бир шиддат йўқки, унинг ортидан Аллоҳ чиқар йўлни тайёрлаб қўймаган бўлса. Битта машаққат ҳаргиз икки енгилликни мағлуб этолмас». Демак, оламлар Парвардигори Аллоҳнинг изни ила ёруғ кунлар албатта келади ва Халифалик содиқ мўминларнинг билагидаги куч билан барпо бўлиб, яҳудий вужудини йўқ қилади ва Фаластин заминини қайта Ислом диёрига айлантиради. Рим ҳам худди илгари унинг эгизаги фатҳ бўлгани каби фатҳ этилади. Яна покиза оғизлардан Аллоҳ Таолонинг

وَقُلْ جَاءَ الْحَقُّ وزهق الْبَاطِلُ إِنَّ الْبَاطِلَ كَانَ زَهُوقاً

«Яна айтинг: «Ҳақиқат (яъни, Ислом) келди ва ботил (яъни, куфр) ўчиб-йўқолди. Чунки ботил йўқолгувчи нарсадир»» [Исро 81]

деган каломи отилиб чиқади, дунё такбир садоларига тўлиб, ер юзи Ислом нури ила ёришади:

«لَيَبْلُغَنَّ هَذَا الْأَمْرُ مَا بَلَغَ اللَّيْلُ وَالنَّهَارُ وَلَا يَتْرُكُ اللَّهُ بَيْتَ مَدَرٍ وَلَا وَبَرٍ إِلَّا أَدْخَلَهُ اللَّهُ هَذَا الدِّينَ بِعِزِّ عَزِيزٍ أَوْ بِذُلِّ ذَلِيلٍ عِزّاً يُعِزُّ اللَّهُ بِهِ الْإِسْلَامَ وَذُلّاً يُذِلُّ اللَّهُ بِهِ الْكُفْرَ»

«Бу иш кеча ва кундуз етиб борган жойгача етиб боради. Аллоҳ биронта ҳам ўтроғу кўчманчининг уйини қолдирмасдан унга бу динни азизнинг азизлиги ёки хорнинг хорлиги билан киритади. Азизликки, у билан Аллоҳ Ислом динини азиз қилади. Хорликки, у билан Аллоҳ куфрни хор қилади». (Имом Аҳмад Тамим Дорийдан ривоят қилган).

Билиб турибмиз, Ислом душманлари бу ишни рўёбга чиқишини амри маҳол санаб, масхара қилиб, худди ўзларидан олдинги кимсаларнинг

غَرَّ هَؤُلَاءِ دِينُهُمْ

«Уларни (яъни, мусулмонларни) динлари ғурурлантириб юборди» [Анфол 49]

деган гапларини гапиришяпти. Ўшанда бу гап уни айтганлар бошига бало бўлган эди, Аллоҳ ўз динини азиз-кучли қилиб, имон аҳлига нусрат берган эди. Демак, бугун ҳам бундай гапни гапираётганлар бошига бало бўлади. Зотан, Аллоҳга таваккал қилган, Аллоҳ учун холис турган, Росулуллоҳ ﷺ билан ҳақ-рост бўлган ҳолда ҳамда қалблари ва танларини ажратмасдан жиддий ҳаракат қилаётган бандалари билан Аллоҳ ҳам Азиздир, Ҳакимдир:

إِنَّ اللَّهَ بَالِغُ أَمْرِهِ قَدْ جَعَلَ اللَّهُ لِكُلِّ شَيْءٍ قَدْراً

«Аллоҳ ўз ишига етувчидир, Аллоҳ ҳар нарсага миқдор-ўлчов қилиб қўйгандир» [Талоқ 3]

Кун сайин ушбу миқдор-ўлчовга (белгиланган вақтга) яқинлашилмоқда.

وَاللَّهُ غَالِبٌ عَلَى أَمْرِهِ وَلَكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَعْلَمُونَ

«Аллоҳ ўз ишида ғолибдир, лекин одамларнинг кўплари буни билмайдилар» [Юсуф 21]

Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Биродарингиз Ато ибн Халил Абу Рошта

Ҳизб ут-Таҳрирнинг амири

29 Ражаб 1442ҳ

13 март 2021м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here