Барчангиз раҳбарсизлар ва ўз қўл остидагиларингиздан сўралурсизлар

324
0

Барчангиз раҳбарсизлар ва ўз қўл остидагиларингиздан сўралурсизлар

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган ушбу ҳадис ҳар бир мусулмоннинг жавобгарлигини баён қилади. Ҳар бир мусулмон – раҳбар: ота оиланинг, муаллим ўқувчиларнинг, тадбиркор ишчиларининг, редактор нашриётнинг, ҳоким халқнинг… раҳбари. Ҳар бири ўз қўл остидагилардан жавобгар, қандай бошқаргани, қай даражада Исломга мувофиқ раҳбарлик қилгани учун Аллоҳнинг олдида жавобгардирлар. Ушбу ҳадиснинг давомида шундай дейилади: “Барчангиз раҳбарсизлар ва ўз қўл остидагиларингиздан сўралурсизлар. Одамлар устидан турган имом раҳбардир ва у ўз қўл остидагидан сўралур. Эр киши ўз аҳли байтида раҳбардир ва у ўз қўл остидагидан сўралур. Аёл киши эри ва (эрининг) Ўғли уйида раҳбардир ва у ўз қўл остидагидан сўралур…”. (Бешовлари ривоят қилганлар).

 Ҳозирги капитализм даврида бу масъулият камёб бир нарсага айланди, деярли йўқ бўлди десак ҳам бўлади. Масъулят йўқ бўлгани туфайли одамлар кўплаб бахтсиз ва кўнгилсиз ҳолатларга дучор бўлишмоқда. Одамлар Исломдан узоқлашиб, манфаат, даромад, бойлик биринчи ўринда турувчи капитализм ғояларига эргашиб, омонатга хиёнат қилишмоқда. Айниқса, бу ўринда ҳокимларнинг масъулиятсизлигини айтиб ўтиш муҳимдир. Сабаби якка шахснинг масъулиятсизлиги унинг қўл остидагилар билан чекланса, ҳокимнинг масъулиятсизлиги бутун мамлакатга салбий таъсирини кўрсатади. Юқоридаги ҳадисда ҳам ҳокимнинг масъулияти таъкидланиб, “Одамлар устидан турган имом раҳбардир ва у ўз қўл остидагидан сўралур” дейилган.

 Бугунги ҳокимлар масъулият деган тушунчани умуман унитишди, айримлари ўз халқича очиқчасига хиёнат қилишади, халқнинг бойликларини ейди, ўзи билан бирга мустамлакачиларга ҳам едириб, ўзидан кейин фарзандлари ёки яқин одамини ҳокимият тепасида қолдиришади. Мустамлакачи Ғарб худди шу каби одамларни ҳокимият тепасига олиб келади, сабаби бундай одамлар орқали халқнинг бойлигини талон-тарож қилиш, мусулмонлар бирлигини бузиш, капиталистик демократия тузумини мустаҳкамлаш, халқни Исломдан узоқлаштириш осон бўлади. Агар ўз халқи ҳақида қайғурадиган ҳалол одам ҳокимиятга келса, у ҳам масъулиятсиз бўлишга мажбур бўлади. Чунки халқаро, давлатлараро шартномалар, турли хил халқаро ва минтақавий ташкилотлар бундай ҳалол раҳбарни ҳам ўз халқига ҳиёнат қилишга мажбур қилади. Сабаби бундай шартнома ва ташкилотлар фақат мустамлакачилар манфаатигагина хизмат қилади. Ҳокимларнинг халққа масъулиятсиз муносабати туфайли ҳокимият ва халқ икки гуруҳга ажралди. Халқ ҳокимни “ҳаққимизни еб қўйди” деб ёмон кўрса, ҳоким “булар мени ҳокимиятдан қулатади” деб халқни ёмон кўрадиган бўлди. Уларнинг ўртасидаги жарлик тобора кенгайиб бормоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай ҳокимлар тўғрисида: “Мендан сўнг зулм қиладиган ва ёлғон гапирадиган амирлар бўлади. Ким уларнинг ёлғонларини тасдиқласа, зулмларида уларга кўмаклашса, у мендан эмас, мен ундан эмасман!”, деганлар.

 Мусулмон ота-боболаримиз жавобгарлик қандай бўлишини, фуқароларга қандай муомила қилиш кераклигини амалда кўрсатиб беришди, улар пайғамбаримизнинг юқоридаги “Барчангиз раҳбарсизлар ва ўз қўл остидагиларингиздан сўралурсизлар” деган васиятларини жуда яхши тушинишган. Уларнинг зарҳал харфлар билан битилган амаллари Қиёматга қадар сақланади. Мусулмонлар улар ҳақида яхши билишса ҳам, баъзи ҳолатларни қисқача айтиб ўтишни лозим топдим. 

 Ҳокимлар масъулияти ҳақида сўз бўлганда ёдимизга дарҳол рошид халифалар тушади. Улардан бири Умар ул-Фаруқ  розияллоҳу анҳу ҳокимлар ҳақида бундай дейди: “Аллоҳ ҳузуридаги энг бахтли раҳбар бу – фуқаролари бахтли бўлган раҳбардир. Энг бахтсизи бу – фуқаролари бахтсиз бўлган раҳбар”. Умар розияллоҳу анҳу масъулиятни эътиборсиз қолдиришдан жуда қўрққан, у бундай деган: “Аллоҳга қасам-ки, Фурот дарёси қирғоғида бирор қўй ё эчки қоқилиб кетса, бу йўлни нега текислаб қўймаганимга Аллоҳ олдида сўрок-савол қилинишимдан қўрқаман”.

 Мусулмон раҳбарларнинг халқ олдидаги бундай масъулияти мусулмонларни ҳоким атрофида бирлашишини кафолатлабгина қолмай, ҳатто ғайри мусулмонларни бир томондан ҳайратга солган бўлса, бошқа томондан мусулмонларнинг ҳукм юритишларини талаб қилишга ундаган. Сабаби, мусулмон раҳбар ўз қўл остидаги ҳар бир фуқаро – мусулмон учун ҳам, ғайримусулмон учун ҳам жавобгардир. Масалан, мусулмонлар қўшини Самарқандни фатҳ қилган вақтда баъзи шариат талаблари бузилгани туфайли Самарқанддан чиқиб кетмоқчи бўлди. Бироқ, бундай масъулиятни кўрмаган, фақат зулм кўрган Самарқанд халқи мусулмонлар қўшинидан қолишни талаб қилган.

 Шунингдек, мусулмонлар Шомни фатҳ қилишаётганда ҳам шунга ўхшаш воқеа содир бўлди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу Хомс аҳолиси жизясини ўзларига қайтариб бераётиб: “Биз бошқа ишлар билан банд бўлиб сизларга ёрдам беролмадик ва ҳимоя қила олмадик”, дейди. Унинг буюк инсоний позицияси Хомс насронийларга қаттиқ таъсир қилади ва улар: “Сизнинг дўстлигингиз ва адолатингиз биз учун мазлумлик аҳволимиздан кўра афзалроқ” деб, мусулмонлар қўшини билан бирга Византия шохи Хирақлга қарши урушишга қарор қилишади. Ислом тарихида бу каби воқеалар жуда кўп. Бу воқеааларни эшитиб Аллоҳга такбир ва ҳамд айтасан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “ўз қўл остидагиларингиздан сўралурсизлар” деган васиятлари ҳоким ва халқни бу дунё ва Охиратда бахтли қилиб, ғайримусулмонлар қалбини забт этди.

 Бундай улуғ масъулиятнинг пайдо бўлишининг сабаби нима? Албатта, Ислом! Исломгина инсонни шундай улуғ даражага кўтаради. Шунингдек, масъулият (одамларни бошқариш) Ислом ҳукмлари татбиқ қилиниши билан чамбарчас боғлиқдир. Уларнинг бир-бирига чамбарчас боғлиқлиги ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ислом ва Султон – эгизак ака-укалардир, улардан бири иккинчисиз яшай олмайди. Ислом пойдeвор, султон эса сақловчидир. Пойдeвори бўлмаган киши мағлубиятга учрайди ва унинг қўриқчиси бўлмаса йўқолиб кeтади”, деганлар. Мазкур ҳадис шарҳида Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “ Агар султон одил бўлса, одамларнинг ишлари ҳам яхши бўлади, султон адолатсиз бўлса, одамлар ҳам шунга яраша бузилади”.

 Қалқашондий “Субҳ ал-аъша” китобида бундай дейди: “Халифалик билан дин муҳофаза қилинади, Исломнинг поклиги сақланади, зулмат ёритилади, жазо-ҳадлар қўлланилади, тақиқланган нарсаларга йўл қўйилмайди, бузуқликлар ва қариндошлар аралашуви тўхтатилиб, чегаралар ҳимоя қилинади, ҳаром ишларга йўл қўйилмайди”.

 Кўриб турганимиздек, мусулмонлар Халифаликни тиклаб, Ислом татбиқ этган даврда буюк ғалабаларни қўлга киритишди, адолат ўрнатишди, ҳукмдорнинг ўз қўл остидагилардан қанчалик масъулятли эканлигини дунёга кўрсатдилар. Биз яна аввалгидек буюк бўлишни, халқ адолати туфайли ҳокимни дуо қилишини, ҳокимлар халқ учун дуо қиладиган даврни бошдан кечиришни хоҳласак, Ислом минҳожига қайтишими шарт. Бу Халифаликни тиклаш йўли!

 Хорун Абдулҳақ

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here