Муфтиёт атрофидаги шов-шувли ходисалар тўғрисида

556
0

Муфтиёт атрофидаги шов-шувли ходисалар тўғрисида

 Муфтиёт бу – мустамлакачиларнинг мусулмон юртларини босиб олганидан кейин, динга эътиқод қилганларни мустамлакачиларга итоат қилдириш, дин номидан мустамлакачилар манфаатларига мос келувчи фатволар чиқариш, мусулмонлар яна қайта Ислом асосида уйғонмасликлари учун уларни соф динидан чалғитиш мақсадида тузилган ташкилотдир. Россия Ўрта Осиё мусулмонларининг бевосита мустамлакачиси бўлгани сабабли, ундаги муфтиёт тарихига қисқача тўхталиб ўтамиз.

 Россиядаги биринчи муфтиёт императрица Екатерина II даврида ташкил этилган. “Оренбургское магометанское духовное собрание” деб аталган. Бундан ташқари, Советлар давлати ўрнатилгунга қадар Россияда “Закавказские мусульманские духовные правления”, “Таврическое магометанское духовное управление” ташкилотлари фаолият олиб борган. Улар чор Россияси манфаатлари учун хизмат қилишган.

 СССРнинг рақиби бўлган Ғарбий лагернинг “диний эътиқод эркинлиги” ғоявий ҳужумлари босими остида СССРда 1943-йили “Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси” (Духовное управление мусульман Средней Азии и Казахстана), 1944-йили “Кавказорти мусулмонлари диний бошқармаси” (Духовное управление мусульман Закавказья) ташкил этилди. Улар Советлар Иттифоқининг диний сиёсатига хизмат қилишган. Иттифоқ қулаганидан кейин, соҳта “мустақиллик” олган республикалар ўз муфтиётларини тузиб олишди. Улар “дунёвий давлат” ғояси ва минтақада пайдо бўлган давлатчалар манфаатларига хизмат қилишди. “Қирғизистон мусулмонлари диний идораси” ушбу занжирнинг бир учидир.

 Ҳозир Россия ўз мустамлакаларида мусулмонларга нисбатан “анъанавий ислом” сиёсатини қўлламоқда. Ғарб ҳам бунга ҳозирча рози бўлиб турипти. Чунки, қачонки мусулмонлар сиёсий аралашув босқичига етганда, Ғарб “мўътадил ислом” ғоясидан фойдаланган ҳолда уларни демократик сиёсатга аралаштириб, исломий сиёсатдан чалғитади. Унга қадар “анъанавий ислом”да ушлаб туришни истайди. Муфтиётга “анъанавий ислом”ни юклайди. Бу қолипга тушмаганлар ва муфтиёт тарафдорлари ўртасида мазҳабпарастлик можароларини келтириб чиқаради.

 Жээнбеков даврида давлат ва муфтиёт томонидан – баъзи баёнотларни ҳисобга олмаганда – мазҳабпарастлик низолари келтириб чиқаришга уриниш бўлмади ҳисоб (бу ўринда фақат шу иш назарда тутилмоқда). Бу ўринда “фосиқликдан кўра ожизликни” танлагани кўринди, албатта, бу уларниг обрўси ва охирати учун яхшироқ бўлди. Бугунга келиб давлат ва муфтиётда нима бўляпти?..

 Маълумки, Қирғизистондаги диний вазият ФХХ (ФСБ)нинг бевосита назорати остида. Ғарб эса билвосита таъсир ўтказиб келади. Шу сабабли янги ҳукумат дин ишлари бўйича комиссия ва муфтиётга “анъанавий ислом”ни маҳкам ушлайдиган, бошқа мусулмонларга итдек қутуриб ҳужум қиладиган, мазҳабпарастлик орқали мусулмонлар ўртасига фитна соладиган кадрларни олиб келса кофир хўжайинларининг эътиборини жалб қилади (аслида уларни ҳеч қачон рози қила олмайди). Шунинг учун Акин Токталиевни ишдан бўшатилишини президент ёки унинг аппарати раҳбари билан шахсий муносабатларига боғлаб бўлмайди. Сабаби Акин Токталиев кофирлар назарида “мўътадил ислом” вакили, шунинг учун у Россия ҳукуматига ёқмайди, Ғарб фикрича эса уни лавозимга келиши учун ҳали эрта. (Шуни таъкидлаш керакки, А. Токталиевни ишдан кетишига асосий сабаблардан бири сўнгги кунлардаги рўмол масаласи эди, бу дин душманларининг парда ортидаги келишуви натижасида бўлди). Мақсад хожи эса “Таблиғ” жамоатининг вакили сифатида танилган. Россияда “Таблиғ” жамоати тақиқланган. Шунинг учун Акин ва Мақсад хожилар халқаро сиёсатнинг қурбонлари бўлди десак янглишмаймиз. Буни Акин Токталиевнинг ўрнига тайинланган кадрнинг фаолияти, шунингдек, Мақсад хожини “кавлаштираётган” одамларнинг ҳаракатидан ҳам пайқаш мумкин. Дин ишлари бўйича комиссия раҳбарлигига аввал ИИВнинг 10-бўлимида мусулмонларга қарши эксперт бўлиб ишлаган одам келди. Мақсад хожига қўйилаётган айблардан бири “Мотурудий ақидасини бузди”, “салафийлик-ваҳобийлик ғояларини тарғиб қилди” деган туҳматлар бўлмоқда. Аслида, бу кофир хўжайинлари ва маҳаллий дин душманларини рози қилишга баҳона. Чунки, бунинг моҳияти “биз анъанавий исломни ниқоб қилиб олиб, унга бўйсунмаган мусулмонларга қарши курашамиз, мусулмонлар ўртасида мазҳабпарастлик фитналарини тарқатамиз” деган маънони англатади. Агар шу сиёсат давом этаверадиган бўлса, у ҳолда Акаев давридагидек, ҳар қандай исломий жамоатларга асоссиз тақиқ қўйилади (масалан, Ҳизб ут-Таҳрир тақиқлангани каби Таблиғ жамоаси ҳам тақиқланади); Бакиев давридагидек, мусулмонлар соҳта айбловлар билан қамоққа олинади (Новқат воқеаси каби); баъзилари ўлдирилади (Рафиқ қори Камолов ўлдирилгани каби); Атамбаев-Сариев давридаги каби “қамоқхонадан қочиш” ва бошқа терактлар уюштирилади, мусулмонлар учун қамоқ жазолари кучайтирилади. Бу ҳатто охир-оқибат мусулмонлар ўртасидаги зиддиятларга олиб келиши мумкин.

 Аммо, сиёсат шундай давом этаверса Ғарб “эътиқод эркинлигига тажовуз қилинмоқда” деган баҳона билан халқни ўзига жалб қилишга киришиб, ташаббусни ўз қўлига олади. Шу орқали Россия мустамлакачилиги ва маҳаллий ҳукумат барқарорлигига ҳужум қилади. Ҳозирча у сукут сақлаб турипти. Сабаби ташаббусни ўз қўлига олувчи кадрлари тайёр эмас. Масалан, Элмурат Кочкор ўғли каби кадрларини халқ қабул қиладиган даражада эмас. Акин Токталиев, Кодир Маликов сингари кадрларни қўллаб-қувватлашдан қўрқади. Чунки улар Ислом фойдасига ишлаб кетишлари мумкин. Агар Ғарб кадрлари тайёр бўлганида муфтиётга ўз кадрларини олиб келишга ҳаракат қилган, буни имкони бўлмаса, муфтиётни бутунлай обрўсизлантириб, ташаббусни “мўътадил ислом”чи сиёсатчиларга олиб берар эди.

 Демак, халқаро сиёсат доирасида дин ишлари бўйича комиссия ва муфтиётда ўзгаришлар бўлиши зарур бўлиб қолди. Маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳам бундан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишмоқда. Маълумки, Акаев давридан буён қайси ҳукумат келишидан қатъий назар, айрим мансабдор шахслар маълум бир тармоқларнинг миллионлаб даромадлари устига ўтириб олишади. Масалан, энергетика тармоғига биттаси, кон тармоғига яна бири… Муфтиёт даромади эса президент маъмурияти ва дин ишлари бўйича комиссия қўлида. Бу ўринда, дарҳақиқат муфтиёт маблағларни бошқа мақсадда сарфлабди ва буни яшириш учун пора таклиф қилибди деб айта олмаймиз. Сабаби, бу уюштирилган (подстава) бўлиши ҳам мумкин. Аммо шу билан бирга, бундай эмас деб ҳам айта олмаймиз. Чунки, ҳар бир ҳукумат муфтиётдан ўзи хоҳлагандек фойдаланиб келгани маълум, шунингдек, халқ ичида анчадан бери қозилик ва котиблик хизмати қанчага баҳоланиши айтиб келинади, демак, бу соҳада порахўрлик одатий ҳолга айланган. 

 Энди бу ходисанинг муфтиёт ичидаги жиҳатларига тўхталсак, бу муфтиёт ичидаги амал талашишдан бошқа нарса эмас. Курси талашганлар биринчидан кофир хўжайинларини рози қилиш позициясини эълон қилишади, сўнг давлатдаги “крышаси” билан келишади, кейин муфтийлик тахтини талашади. Бу муфтиётда ишлаётганларнинг барчаси шундай дегани эмас, балки муфтиётдаги асосий одамлар шундай касаликка чалинган деган маънода айтиляпти. Агар амал талашаётганлар чиндан ҳам Мотурудий ақидаси учун жон койитишаётган бўлса, дин сиёсатдан ажратилган дунёвий ақидага рози бўлиб ўтиришармиди? Агар чиндан Ҳанафий мазҳаби учун куйишса, рўмол масаласида даюслик қилиб, инларида ётишармиди? Инларида ётволиб, амал талашиб қирпичоқ бўлишармиди?

 Эй мусулмонлар, дунёвий давлат ва унинг муфтиётининг ҳақиқати мана шу. Аммо, уларнинг бу ҳолига бепарво қараб бўлмайди. Уларни қандайдир дунё манфаатлари учун эмас, яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтариш асосида муҳосаба қилиш керак.

 Эй мусулмонлар! Кофирлар ва уларнинг маҳаллий малайларининг муфтиёт орқали мазҳабпарастлик фитналарини тарқатишларидан эҳтиёт бўлинглар. Биз бир Умматмиз. Биз барчамиз биргаликда жаннатга кирувчи фирқадан бўлайлик. Уммат ичидаги Исломдан чиқмаган ақида эгалари, жазмий шаръий ҳукмларни инкор қилмаган мазҳаб эгалари – буларнинг барчаси жаннатий фирқадан. Ақидада ашъарий, асарий, мотурудий, каломий бўлсин – улар жаннатга кирувчи фирқадан. Фиқхий мазҳабда Ҳанафий, Моликий, Шофиий, Ҳанбалий ва бошқалар жаннатий фирқадан. Ҳизб ут-Таҳрир, Иҳвон, Таблиғ, Салафий каби партия ва ҳаракатлар – жаннатий фирқадан. Қолган Исломдан чиққанлар – жаҳаннам фирқаларидир. Друзлар, нусайрийлар, исмоилийлар бахоийлар ва бошқалар.

 Эй жаннатий фирқа эгалари, ўз мазҳабларингга риоя қилинглар, чунки, бу шаръий ҳукм. Аммо ораларингга мазҳабпарастлик фитнаси киришига йўл қўйманглар!

 Эй мусулмонлар, “қалоқ халққа кофир мулла, бузуқ халққа пучуқ мулла” бўлмай, соф Исломни ўрганилар! Мана шунда дунёвий, мазҳабпарастлик деган балолардан қутулишнинг шаръий йўлини топасизлар.

 Абдулҳакийм Қорахоний

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here