АҚШдаги президентлик сайловлари натижалари

85
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Саволга жавоб

АҚШдаги президентлик сайловлари натижалари

Савол:

Бу сафар АҚШда президентлик сайловлари Президент Трамп ва унинг демократ рақиби Байден ўртасидаги зиддиятлар билан ўтди. Кейин оммавий ахборот воситалари Байденнинг ғалабасини эълон қилди, аммо Трамп овоз бериш натижаларини тан олмади. Сизнингча, Байден ғалаба қозонганидан кейин сайловлар жараёнида кузатилган кескинлик аста-секин сўнадими? Вашингтонда ҳокимият алмашиш жараёни муаммосиз ўтадими? Ёки воқеалар ривожи Қўшма Штатлар ичкариси ва ташқарисида янада жиддий оқибатларга олиб келадими?

Жавоб:

Америкадаги бу сафарги президентлик сайлови аввалда ҳеч кузатилмаганини ҳамма бир овоздан тасдиқламоқда. Чунки сайлов жиддий зиддиятлар билан ўтди. АҚШ Президенти Трамп сайловга бир неча ой қолганида, сайловлар сохталаштирилган тақдирдагина ютқазиши мумкинлигини айтди. Унинг президентлик лавозимини сақлаб қолишга қатъий қарор қилгани шунчалик равшан эдики, Вашингтондаги сиёсатчилар Трамп Оқ уйни тарк этишни рад этгудек бўлса, қандай чоралар кўриш мумкинлигини муҳокама қила бошлашди. Шунинг учун сайловлардан олдинги ва ундан кейинги ҳолатларга аниқлик киритиш муҳим:

Биринчи: Трамп 2017 йил 20 январда ҳокимиятга келиши биланоқ мамлакат ичкариси ва ташқарисида кишининг жиғига тегадиган тарзда иш юрита бошлади.

  1. Ички сиёсатда президент ўз мухолифларига ҳеч қандай аҳамият бермади. Ишдан бўшатиш ёки мансабдор шахсларнинг истеъфо бериши орқали алмашиши Трамп маъмуриятига хос хусусиятга айланди. Тўрт йил давомида вазирлар ва унинг маъмурияти раҳбарлари бир неча бор алмашди. Бугунги кунга қадар Трамп ўзини шундай тутмоқда. У мудофаа вазири Марк Эсперни 2020 йил 9 ноябрда, яъни, сайловларда Байденнинг ғалаба қозонгани ҳақида эълон қилинганидан сўнг ишдан бўшатди. АҚШ полициясининг афроамерикаликларга нисбатан ирқчилик муносабати ва полицияга қарши бошланган кенг миқёсли норозиликлар мавзусида Трамп полицияга босим ўтказиш ёки бюджетини қисқартириш чақириқларини рад этди. Аксинча, у яширин, баъзан эса очиқ ирқчиликни ифода этадиган баёнотларни бериб келди. У иш ўринларини яратиш баҳонасида компанияларга солинган солиқларни кескин камайтирди.
  2. Ташқи сиёсатда у Хитой билан иқтисодий уруш бошлади ва Америка учун янги давр – протекционистик иқтисодий сиёсат бошланганини эълон қилди. У иқлим ўзгариши бўйича Париж келишуви, Шимолий Америка эркин савдо шартномаси (NAFTA) ва бошқалар каби халқаро шартномалардан чиқиб, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти каби бир қатор халқаро ташкилотларни тарк этди. У иттифоқчиларидан, хусусан, европаликлардан воз кечди ва Британияни очиқчасига қўллаб-қувватлади ва Европа Иттифоқидан чиқишида унга ёрдам беришини ҳамда у билан йирик савдо келишувини имзолашини эълон қилди. У НАТО давлатларига харажатларни кўпайтиришни талаб қилиб, шафқатсиз ҳужум уюштирди. Трамп шунингдек, Ислом минтақасидаги қўғирчоқ ҳукмдорлар ва америкапараст сиёсатчиларга менсимаcдан муносабатда бўлди.

Иккинчидан: Американинг бўлиниши

Трамп маъмуриятининг кескин бурилишлари натижасида Америка жамиятида бўлиниш бошланди. Америкада Трампнинг тўрт йиллик ҳукмронлиги даврида кўплаб касалликлар (муаммолар) пайдо бўлиб, уларнинг симптомлари юзага қалқиб чиқди:

  1. 2016 йилда сайлов кампанияси бошланганидан бери Трамп кенг аҳоли эътиборини жалб қилган ирқчилик тенденцияларини (ғояларини) намойиш этди. Оқ танлиларга мансуб миллатчи ҳаракатлар фаоллашишни бошлади. Улар илгари Америка жамиятида озгина мавқега эга эди. Аммо Трамп келиши билан гуллаб-яшнаб ривожланиб кетди. Оқ танли полициячилар томонидан қора танли америкаликларни ўлдириш ҳодисалари юз берди. Бу америкаликларнинг оқ ва қора танлиларга бўлинишига олиб келди. Ирқчилик ва қора танлиларга қарши зўравонликка қарши, айниқса полиция зўравонлигига қарши бўлган, шунингдек, тенгликни талаб қиладиган «Қораларнинг ҳаёти муҳим» (инглизчада — «Black Lives Matter») сиёсий ҳаракати пайдо бўлди. Бунга жавобан, оқ танли америкаликларнинг маълум даражада уюшган қуролли кўнгилли кучлари пайдо бўлди ва мамлакатдаги беқарорлик учун тайёргарлик кўра бошладилар.
  2. Трамп маъмурияти европалик иттифоқчиларига нисбатан нафратини намойиш этди. Ҳатто Мудофаа вазири Мэттис ҳам истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризасида «иттифоқчиларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш» кераклиги ҳақида гапирди. (Явмуссабиъ, 2018 йил 12 декабр).
  3. 2017 йилда иш бошлаганидан бери Трамп протекционистик иқтисодий сиёсатни, аниқроғи Америка иқтисодиётини ўз мамлакатига кириб келаётган Хитой ва Европа товарларидан ҳимоя қилишга чақирди. У эркин халқаро савдо шароитида рақобатлашиш қудратига эга бўлмаган бир қатор фабрикаларни тўхтатди. Трамп ўзининг бундай хатти-ҳаракати билан мамлакат ичкарисида ўзига қарши шафқатсиз душманларни пайдо қилаётганини сезмади. Шу сабабли, технология компаниялари унинг энг ашаддий душманларидан бири бўлиб, улар унга бор кучлари билан қарши чиқдилар ва минглаб ишчиларини унга қарши кўплаб масалалар бўйича норозилик намойишига олиб чиқдилар. Шунингдек, уни обрўсизлантириш учун у ҳақда сизиб чиққан шармандали маълумотларни тарқатишга бор кучларини сарфладилар. Бу кутилган ҳолат эди, чунки бу компаниялар глобал тарзда фаолият олиб борганликлари учун ўзларининг фаолиятлари олдида тўсиқлар қўйилишини, шунингдек, Трампнинг сиёсатига жавобан бошқа давлатлар томонидан тўсиқ қўйилишини исташмайди. Шунинг учун Хитой йирик Хитой бозорида яхши мавқега эга бўлган компанияларга тўсиқлар яратиш билан таҳдид қила бошлаганда ва Франция улардан француз маҳсулотлари учун солиқ тўлашни талаб қилишни бошлаганда, ушбу компаниялар Президент Трампдан халос бўлишга қарор қилишди. Шундай қилиб, бу нарса Трампга қарши кампаниянинг асоси ва Жо Байденни қўллаб-қувватлаш кампаниясининг марказига айланди.
  4. Бутун дунё соғлиқни сақлаш, касалликни олдини олиш, одамларни коронавирусдан ҳимоя қилиш ҳақида гапираётган бир пайтда, Президент Трамп ўзининг капиталистик дунёқараши билан дори-дармон ва вакциналар, савдо ишларидаги прецедентлар (ўзидан кейинги воқеага ўрнак бўларли ҳодиса), дори ишлаб чиқарувчиларнинг улкан фойда топиши ва франчайзинг ҳуқуқлари (бозор субьектлари ўртасидаги муносабатнинг бир кўриниши) ҳақида гапиришга эътиборини қаратди. Президентнинг бу ҳолати уни ғамхўрлик фазилатларидан маҳрум қилиб кўрсатди. Кейин Трамп иқтисодий вазият издан чиқишини рўкач қилиб, коронавирусга қарши курашиш учун мамлакатни ёпилишига қарши чиқди. Бу эса, Қўшма Штатлардаги демократлар раҳбарлари ва Президент Трамп ўртасида коронавирусга қарши курашиш учун штатларнинг ёпилиши тўғрисида кескин баёнотлар урушини келтириб чиқарди. Трамп иқтисодиётнинг ишлашини истаган нефть, саноат ва чакана савдо компаниялари томонда турди. Унинг мухолифлари, шу жумладан – Демократик партия раҳбарлари коронавирус натижасида АҚШда ҳукм сурган ваҳима ва қўрқув ҳолатини рўкач қилиб, иқтисодий фаолиятни тўхтатишни илгари суришди. Бироқ, иқтисодий фаолиятни тўхтатиш ва бунга чақирувчилар ҳамда Трампнинг мухолифлари ортида омма олдида кўринмайдиган кучлар бўлган. Улар барқарор ривожланиб, иқтисодиёт тарихида мисли кўрилмаган ютуқларга эришган сунъий интеллект технологиялари компаниялари эди. Коронавирус пайдо бўлганда, бутун дунёдаги одамлар ўз уйларида телевизорлар, компьютерлар ва смартфонлар олдида ўтиришди ва сарф-харажатларини қисқартиришни бошладилар. Бу эса, технология компаниялари капиталининг тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада кўпайишига сабаб бўлди. Масалан, «Амазон» каби компаниянинг фойдаси ва бозордаги нархи кутилмаган баландликка сакради. Ҳатто «Амазон»нинг баъзи бир таъсисчилари компаниянинг бозор нархи кўтарилиши натижасида 24 соат ичида 6 миллиард доллар фойда кўришга муваффақ бўлди. (АҚШ технология компаниялари жорий йилнинг учинчи чорагида умумий қиймати 38 миллиард доллар бўлган катта даромад кўрганликларини билдирди. Би-Би-Си, 30 октябр 2020 йил).

«Amazon», «Apple», «Alphabet», «Google», «Facebook», Илон Маскнинг компаниялари ва бошқа Американинг технология компаниялари томонидан эришилган ушбу астрономик фойда, айниқса коронавирус туфайли зарар кўрган компанияларни норози қилмоқда. Коронавирус туфайли зиёнга учраган бундай компанияларга энергетика ва нефть компанияларини, туризм компанияларини, шунингдек, Трампнинг ўзи сармоя ётқизган Нью-Йорк минораси ва Флорида курортини ҳамда Британиядаги спорт инвестицияларини мисол қилиш мумкин.

Учинчидан: Америкадаги сайловлар ва сохталаштириш

  1. Америкадаги 2020 йилги президентлик сайловлари ўтмишдаги сайловларга ўхшамади. Почта орқали берилган овозларни ҳисоблаш давом этаётгани сабабли ғолибни эълон қилиш деярли бир ҳафтага кечиктирилди. Маълумки, почта орқали асосан демократлар овоз берди. Президент Трамп сайлов кунидан бир неча ой олдин, почта орқали юборилган овозга қарши чиқди ва унинг фирибгарликка йўл очишини айтди. У ўз тарафдорларини тўғридан-тўғри овоз беришга чақирди. Демократлар эса (почта орқали) овоз беришни кенгайтиришни ва овоз беришнинг бу тури олдидаги тўсиқларни олиб ташлашни талаб қилишди. Ва бу фирибгарликка ўхшаш ҳийла-найранг эди.
  2. Ҳийла-найранглигига келсак, маълумки, Демократик партия тарафдорлари одатдаги овоз беришда қатнашмайди ва натижада партия баъзи овозларни йўқотади. Агар сиртдан овоз бериш бўлмаганида коронавирус пандемияси тарқалиши шароитида Демократик партия кўп овозларни йўқотиши мумкин эди. Трамп бундай муаммога дуч келмади. Яъни, унинг тарафдорлари принципиал равишда овоз беришда қатнашдилар ва уни мафкуравий даражада ҳимоя қилдилар. Шунинг учун коронавирус пандемияси ниқоби остида сиртдан овоз беришни маъқуллаш Демократик партия учун катта фойда бўлди. Биринчи куни эълон қилинган натижалар кескин тарзда Трамп фойдасига бурилганини кўрамиз, Аммо тебраниб турган, яъни кимга кўп овоз берилгани ноаниқ бўлиб турган штатлар сиртдан овоз беришни бошлаганларида, сайлов шкаласи Демократ Байден фойдасига кескин бурилишни бошлади. Ушбу натижалар кутилган эди. Пенсилвания штати пойтахти Филадельфияда, гарчи Трамп  Байденни юз минг овоз билан мағлуб этган бўлса-да, Байден тарафдорлари асосий ҳисоблаш марказининг ташқарисида аллақачон тантана қилишди. Чунки улар сиртдан берилган овозлар вазиятни Байден фойдасига ўзгартириш учун етарли бўлишига ишонишди. Айнан шу нарса содир бўлди; Оммавий ахборот воситалари Байденнинг ғолиблигини эълон қилиб, унга сайловдаги ғалабасини эълон қилишга имкон берди, чунки Пенсильвания штатидаги овоз уни Сайловчилар Коллегиясидаги (ҳайъатидаги) керакли миқдордаги (270 овоз) сонга этказиш учун етарли эди.

Тўртинчидан: долзарб воқеалар траекторияси

  1. Байден сайловларда ғалаба қозонганлиги тўғрисида деярли ҳар куни баёнотлар беришни бошлади. У ғолиб номзод сифатида ўз уйи бўйлаб учиш тақиқланган ҳудуд жорий қилинганини билдирди. Шунингдек, чет эллик ва маҳаллий сиёсатчилардан табрик мактублари олиб, АҚШнинг сайланган ва кейинги президенти сифатида дунё раҳбарлари билан алоқаларни ўрнатди. Трамп эса, унинг ғалабасини рад этди ва воқеалар ривожини ўзгартирадиган суд жараёнлари орқали сайлов кампанияси илдам давом этаётганини билдирди. Унга кўра, Байден қонуний овозлар билан сайловда ғалаба қозонганлигини ҳеч қандай далилсиз, шошилиб эълон қилиб юборган. Ўз навбатида Жо Байденнинг матбуот котиби Бейтс агар сайлов натижаларини тан олмайдиган бўлса, Трампнинг Оқ уйдан мажбуран чиқариб юборилишини билдирди.
  2. Америкадаги ҳозирги вазият жуда хавфли. Германия мудофаа вазири буни портловчи деб атади. Баъзилар Трамп томонидан қўллаб-қувватланадиган қуролланган кўнгилли гуруҳлар сайлов кампаниясининг штаб-квартирасига бостириб кириб, вайронагарчиликларга олиб келишини тахмин қилишган. Бироқ, баъзи штатларда бундай ҳис-туйғулар ва ҳодисаларнинг қисман намоён бўлишига қарамай, бу содир бўлмади. Модомики президент суд жараёнлари ва сиёсий ҳийла-найранглар орқали иккинчи муддатга қолишга умид қилаётган экан, афтидан бу сценарий маълум бир санага қолдирилган кўринади.

Бошқа томондан, Ал-Жазира нет 2020 йил 10 ноябрда Вашингтон Пост газетасига асосланиб «Оқ уй федерал агентликларни сайланган президент Жо Байденнинг ўтиш даври жамоаси билан ҳамкорлик қилишдан ўзини четга тортишга буюрди», дея хабар берди. Трамп маъмурияти ғолиб номзод учун АҚШ қонунларида назарда тутилган пулни офис ижараси ва бошқа харажатларга сарфлашдан бош тортди. «Биз катта ютуқларга эришмоқдамиз. Натижалар келаси ҳафтада пайдо бўлишни бошлайди… Биз ғалаба қозонамиз», – деб ёзган Трамп 2020 йил 10 ноябрь куни Твиттерда. Давлат котиби Помпео Трампнинг иккинчи президентлик муддати ҳақида гапириб, республикачи сенаторнинг реакциясига сабаб бўлди, у давлат амалдорининг бундай баёнотлари ўта хавфли эканлигини айтди. Шундай қилиб, Америка Қўшма Штатлари унинг барқарорлиги ва ҳудудий яхлитлигига таҳдид соладиган ҳақиқий инқирозга тушиб қолди ва у жиддий таҳдидга айланиши мумкин. Ғарбий қирғоқ штатлари, хусусан Калифорния, узоқ вақтдан бери Демократлар штатидир. Технология компаниялари марказлари шу штатда жойлашган. Бу штатнинг Трампни иккинчи президентлик муддатини қўллаши мумкин эмас. Республикачи штатларга, хусусан мамлакат жанубидаги Техас штатига келсак, улар Калифорния штати билан параллель кучни англатади ва Американинг энг йирик нефть ва энергетика компаниялари жойлашган. Улар янги сайланган президент Байденнинг ғалабасини қабул қилмайдилар. Чунки у ҳокимиятга келгач, АҚШни Париждаги иқлим келишувига қайтариш тўғрисида фармон имзолайди. Трамп эса, агар у иккинчи муддатга чиқса, уни қадрсизлантирган ва унинг твитларини цензура қилган технология компанияларига ҳеч қандай имтиёзлар бўлмаслигини айтиб таҳдид қилди.

Бешинчиси: долзарб воқеалар жараёнидаги муҳим аҳамиятга эга бўлган жиҳатлар

  1. Америка ҳар доим қадрлаб келган демократия – президент Трампнинг ҳокимиятда қолиш учун қилаётган шармандали ишларини юмшатиш учун олиб борилаётган суд ва қонуний баҳоналар билан бузиб ташланмоқда. Америкада ҳар хил сценарий ва ўч олиш ҳаракатлари ҳар лаҳзада юз бериши мумкин. Кейинги президент ғолиб номзод Байден бўлиши ҳам, мағлубиятини тан олишни истамайдиган ва иккинчи муддатга боришни истаган амалдаги президент Трамп бўлиши ҳам мумкин. Ким бўлажак президентга айланса, у рақибидан қаттиқ ўч олишга киришади, бу эса қўлларни қайришдан кўра кўпроқ суякларни синдиришга ўхшайди. Шундай қилиб, Америка бетартиблик ва хавотир ва ички муаммоларга ботиш ёқасида. Американинг бўлиниш ҳолатига юз тутишини ҳам истисно қилиб бўлмайди. Бунда Техас Трамп ва республикачилар ва уни қўллаб-қувватловчи компаниялар учун марказ бўлади, Калифорнияда эса Байден, демократлар ва уни қўллаб-қувватловчи компаниялар учун яна бир марказ бўлади. Ушбу жанжал Трампнинг қолган икки ой президентлик даври билан чекланмай, бундан кейин ҳам давом этиши мумкин.
  2. Нуқсонлар – демократик капиталистик тизимнинг ажралмас хусусиятидир. Ҳар бир ақли расо киши буни ниҳоятда аниқлик билан пайқамоқда. Демократик капиталистик тизимнинг энг ёрқин қадриятлари манфаатпарастлик ва моддий манфаат. Шунинг учун бу нарсалар президент томонидан унинг ваколатларига мувофиқ ҳамда ўз партиясининг вакиллар палатасидаги таъсирига мувофиқ тўғридан-тўғри ёки билвосита белгиланади. Шу сабабли, президентларнинг ушбу манфаатпарастлик ва моддий манфаат даражасини белгилашдаги қарорлари бириники иккинчисиникидан фарқ қилади. Шундай қилиб, битта президент ўз хоҳишига кўра фойдали нарсани кўриб чиқади ва ижобий қарор қабул қилади, бошқа президент эса, буни нафақат фойдасиз, балки аксинча, зарарли деб ҳисоблайди ва президентнинг аввалги қарорини бекор қилади. Уларнинг ҳар бири демократик капиталистик тузумни ва халқ томонидан қабул қилинган конституцияга риоя қилганлигини эълон қилади, лекин аслида ҳар бири ўз хоҳиш-истагига мувофиқ иш тутади.

Масалан, 2017 йил 20 январда янги президент сифатида ҳокимиятга келган Трамп собиқ президент Барак Обама маъмурияти томонидан қурилган нарсаларни кескин йўқ қила бошлади. Трамп «Обамакер» тиббий суғуртасини бекор қилди, Америка нефть ва энергетика компаниялари манфаатларига хизмат қилиш учун Париждаги иқлим тўғрисидаги битимдан чиқди, Америкада қурол олиб юришни қонунийлаштириш бўйича ҳар қандай даъволарни рад этди, Американинг технология компанияларига электрон цензураси каби кўплаб чекловларни қўйишга ва Хитойни тарк этишга мажбур қилишга уринди. Буларнинг барчаси собиқ президент Обаманинг ҳамда рақиб номзод Байденнинг позициясига тўлиқ зид равишда содир бўлди. Маълумки, Байден тамоман буларнинг тескарисини эълон қилиб, тиббий суғуртани қўллаб-қувватламоқда ҳамда қурол олиб юришни қонунийлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Байден, агар у ҳокимиятга келса, иқлим ўзгаришини ҳимоя қилиш сиёсатига қайтиш учун ўз партияси ва мамлакати учун принципиал сиёсатни эълон қилади. Яъни, нефть компаниялари манфаатларига қарши туради. Байден уларга қўшимча солиқларни жорий қилишни ваъда қилмоқда. Трамп эса, бундай солиқларни камайтирган эди. Шундай қилиб, биз Байден ортидаги технология компанияларини нефть ва энергетика компаниялари билан, шунингдек Байден давлат бюджетининг катта қисмини ажратишни режалаштирган қурол-яроғ компаниялари билан қаттиқ кураш олиб бораётганини ва бошқаларни кўрамиз. Таъкидлаш жоизки, Американинг йирик нефть компаниялари Техасда, энг йирик технология компаниялари Калифорниянинг Силикон водийсида тўпланган.

Шундай қилиб, «очиқ» бўлишни ва «глобал» бўлишни истаган технология компаниялари эгалари бўлган капиталистларнинг манфаатлари ўз йўқотишларини тўхтатиш учун Хитой рақобатидан ҳимоя қилинишини хоҳлаётган нефть, саноат ва қишлоқ хўжалиги компанияларининг манфаати билан тўқнаш келмоқда. Айни пайтда, президентлар ва уларнинг ёрдамчилари – рақобатчилари зарарли деб ҳисобласа ҳам – ўз манфаатларини таъминлайди, деб билган ўлчовларга мувофиқ у ёки бу кампанияларни қўллаб-қувватлайди! Ўлчовлари фойда ва зиён бўлган ҳар икки томон ҳам капиталистик тузумни татбиқ қилаётганликларини айтишади. Шунинг учун ушбу қарама-қарши томонларнинг истак-майлларига қараб, фойда ва зарарнинг бир хил кўрилиши капиталистик тузумнинг нақадар ёвузлигини кўрсатади.

  • Нима учун бу нуқсонлар Қўшма Штатларда бу икки рақиб – Трамп ва Байденда шунчалик аниқ намоён бўлганига келсак, бу қуйидаги сабабларга боғлиқ:

а)   Ғолиб ва ​​ютқазган номзодларнинг ҳар бири уни қўллаб-қувватлайдиган ва ҳокимиятда бўлишидан фойда кўрадиган кенг аудиторияга эга. Зеро, фойда капитализмдаги асосий қийматдир. Шу билан бирга, агар рақиб томон президентликка эришса, ютқазган томоннинг манфаатлари ўрнини машаққатлар эгаллайди. Бу ерда ҳам худди шу ҳолат.

б)   Дунёга ҳукмронлик қилаётган низомлар капиталистик низомлар бўлиб, улар Америкадаги низомдан анча ёмонроқдир. Шу нуқтаи назардан, Америка фуқароси бошқа тизимлар билан таққослаганда, у ўз низомида бошқа давлатларга қараганда камроқ иллатларни топади ва нима бўлганига рози бўлиб, иккита зарарнинг энг енгилини танлайди!

в)   Бугунги кунда Америка ва капиталистик низомнинг барча моделлари олдида тура оладиган тўғри низом мавжуд эмас. Агар шундай низом бўлганда эди, ўзларининг нуқсонли низомлари қаршисидаги ҳақнинг қандай эканлиги уларга аён бўлар эди. Агар бутун ер юзини хайру баракотга тўлдирадиган, адолат ўрнатиб хотиржамликни рўёбга чиқарадиган Ислом низоми татбиқ қилинганда эди, одамларнинг капиталистик низомга бўлган ишончлари сўниб, Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадун Росулуллоҳ байроғини юксак тутган Халифалик давлатидаги яхшиликка интилар эдилар.

Хулоса қилиб шуни таъкидлашни истардимки, гарчи ботил баъзида устунликни қўлга киритишга муваффақ бўладиган бўлса ҳам, ҳақиқат ҳар доим ҳаммадан устун туради. Айниқса, «Ҳизб ут-Таҳрир» Ислом Уммати орасида кунни тунга улаб фаолият олиб борар экан, Халифалик тонги яна отади, шарқу ғарбдаги тоғутлар тахти қулайди. Аллоҳ Таоло айтади:

وَتِلْكَ الْأَيَّامُ نُدَاوِلُهَا بَيْنَ النَّاسِ وَلِيَعْلَمَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا وَيَتَّخِذَ مِنكُمْ شُهَدَاءَ وَاللَّهُ لَا يُحِبُّ الظَّالِمِينَ وَلِيُمَحِّصَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا وَيَمْحَقَ الْكَافِرِينَ

«Аллоҳ ҳақиқий имон келтирган кишиларни билиши ҳамда ораларингдан шаҳидларни саралаб олиши учун бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз. Аллоҳ золим кимсаларни севмайди. Ва токи Аллоҳ имон кел­тирган зотларни (гуноҳларидан) поклаш ва кофирларни ҳалок қилиш учун (бу кунларни одамлар орасида айлантириб туради)» [Оли Имрон 140-141]

5 рабиуссоний 1442ҳ

20 ноябр 2020м

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here