Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тўқнашув

643
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Саволга жавоб

Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тўқнашув

Савол:

(Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 2020 йил 4 октябр якшанба куни расмий телевидение орқали қилган мурожаатида бир ҳафтадан буён олиб бораётган жангларимиз тўхташи учун Арманистон Тоғли Қорабоғдан чиқиб кетиш жадвалини белгилаши керак, деди… Алиевга кўра, якшанба куни Жаброил шаҳрининг қўлга киритилгани Арманистон ва уни қўллаб-қувватловчилар учун дарс бўлган ва Арманистон бундан сабоқ чиқариши керак». Маълумки, 2020 йил 27 сентябр куни эрталаб Озарбайжон билан Арманистон ўртасида шиддатли тўқнашувлар бошланиб кетган эди. Зеро, 1994 йил ҳар икки томон урушни тўхтатганларидан бери бундай тўқнашув кузатилмаган. 2016 йилда бўлгани каби вақти-вақти билан тор доирада тўқнашувлар бўлиб турган, холос. Туркия аввалги тўқнашувларда Озарбайжонни ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватламаган эди. Лекин бу сафар Туркия Озарбайжонни қўллаб-қувватлашини очиқ айтди. Афтидан, унинг маълум мақсадлари борга ўхшайди! Хўш, бу қандай мақсадлар? Нима учун Туркия бундай кенг кўламда аралашди? Минск гуруҳининг, хусусан АҚШ, Россия ва Франциядан иборат ундаги етакчиларнинг позицияси қандай? Олдиндан сизга ташаккур ва ҳурмат билдириб қоламан.

Жавоб:

Бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақиқатини билиш учун қуйидагиларни кўриб чиқмоқ лозим:

  1. Озарбайжон ўзининг ерларига 2020 йил 27 сентябр эрталаб Арманистоннинг кенг кўламда ҳужум қилганини эълон қилди. Озарбайжон мудофаа вазирлиги чиқарган баёнотда бундай дейилади: («Арманистон ҳужумлари тинч аҳоли ўртасида қурбонлар бўлишига олиб келди. Шунингдек, унинг қақшатқич бомбардимонлари натижасида бир неча қишлоқлардаги фуқаровий инфратузилма ҳам қаттиқ зарар кўрди». Шунингдек, баёнотга кўра, «Озарбайжон кучлари ҳам қарши ҳужумни бошлаб, Арманистоннинг олдинги линияда жойлашган кўплаб объект ва ҳарбий техникаларини, шу жумладан, Россияда ишлаб чиқарилган «Оса» русумли зенит-ракета комплексидан ўн иккитасини йўқ қилган». Ал-Жазира, 2020 йил 27 сентябр). Озарбайжон парламенти баъзи шаҳар ва районларда уруш ҳолатини, тўқнашувлар бўлаётган районларда эса, ҳарбий ҳолат эълон қилиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади. Бу томонда Арманистон ҳам уруш ҳолати эълон қилиб, мусулмонларга қарши салибчилик уруши бошлашганини белгиси сифатида, қўлида автомат, бўйнида хоч осиб олган роҳибнинг суратини тарқатди. Арманистон бош вазири Никол Пашинян ўз мурожаатида мамлакатининг позициясини маълум қилиб, («Бутун арман халқига қарши Озарбайжоннинг уруш эълон қилган»ини таъкидлади. Сўнг, «Минтақадаги эскалациянинг минтақа чегарасидан ошиб ўтиб, халқаро хавфсизликка ҳам таҳдид туғдириши эҳтимолдан холи эмас»лигини билдирди. Пашинян Туркияни «унинг хатти-ҳаракатлари Жанубий Кавказ учун даҳшатли оқибатларга олиб келади», дея танқид қилиб, халқаро ҳамжамиятни 1991 йилдан буён Қорабоғ минтақаси устида давом этаётган Ереван-Боку низосига Туркиянинг аралашмаслигини таъминлашга чақирди». Ал-Жазира, 2020 йил 27 сентябр).
  2. Озарбайжон бу сафарги жанглар жиддийлигини ҳамда ҳал қилувчи уруш бўлажагини билдирди. Озар президенти Илҳом Алиев 2020 йил 30 сентябрда қуйидаги сўзларни айтди: («Қорабоғ хусусидаги музокаралар самарасиз бўлди. Шунинг учун қайта мулоқотга чақиришга ҳеч қандай ҳожат йўқ. Озарбайжон ўзининг ҳудудий яхлитлигини тиклашга бел боғлаган. Армиямиз баҳсли ҳудудларда олиб борган сўнгги операциялари давомида жанговар ютуқларни қўлга киритди, озар кучларини ўзларининг эгаллаган позицияларидан чекинишга ҳеч ким мажбур қила олмайди. Арман қўшинларининг олиб чиқиб кетилиши Озарбайжон томонидан илгари сурилаётган ягона шарт бўлиб, қачон Ереван буни амалга оширса жанглар тўхтайди. Бизнинг битта шартимиз бор: Арманистон ўз қуролли кучларини бизнинг тупроқлардан тўлиқ, ҳеч қандай шартсиз ва кечиктирмасдан олиб чиқиб кетсин. Агар арман ҳукумати шунга рози бўлса, албатта жанглар тўхтайди, қон тўкилишга барҳам берилади». Ал-Жазира ва Русиял Явм, 2020 йил 30 сентябр). Кўриниб турибдики, Озарбайжон Туркиянинг қўлловига ишонмоқда ҳамда унинг қўллови самимий ва еримизни озод қилади, деб ўйлаяпти.
  3. Тўқнашувлар шу йилнинг 12 июлида янгиланиб, уч кун давом этган ва ҳар икки томондан қурбонлар берилиши билан тўхтаган эди. Кейин, Туркия биринчи марта ўзининг қуруқлик ва ҳаво кучларини Озарбайжонга икки давлат ўртасида 2020 йил 29 июлда бошланиб, тахминан икки ҳафта давом этган кенг кўламли ҳарбий маневрларда иштирок этиш учун юборди. Туркия Озарбайжонга, хусусан унинг Арманистон томонидан босиб олинган ерлари масаласида ёрдам бермоқчилигини кўрсата бошлади. Бундай ҳолат илгари кузатилмаган эди, гарчи 1994 йилда ўт очишни тўхтатишга эришилгандан бери Озарбайжон ва Арманистон ўртасида узуқ-юлуқ тўқнашувлар юз бериб турган бўлса ҳам. Ўшандан буён энг шиддатли тўқнашув 2016 йил апрел ойининг бошида бошланиб, 26 апрелгача давом этган тўқнашув эди. Бироқ ўша пайтда Туркия Озарбайжон томонига аралашмаган эди. Фақатгина Эрдоган тўқнашувларда қурбон бўлганларга таъзия билдириб, ҳеч қандай ёрдам кўрсатмасдан ёрдам беришга тайёрлигини билдириб қўйганди, холос. Чунки у пайтдаги вазият тўқнашувни эмас, балки Туркия билан Россиянинг ўзаро ҳамфикр бўлишини талаб қилган. Американинг режаси бўйича, Туркия билан Россия америкапараст Асад режимини қўллаб-қувватловчи позицияда туришлари ва бу режимга қарши қўзғолон қилганларга зарба беришлари, Исломнинг ҳокимиятга қайтишига йўл қўймасликлари керак эди.

Арманлар 1988 йилнинг февралида Россиянинг қўллаб-қўллови билан Озарбайжонга қарши ҳужум қилди. 1991 йилга келиб, Тоғли Қорабоғ устидан назорат ўрнатганликларини айтиб, у ерда ўзлари учун мустақил республика эълон қилишди. Уруш 1994 йилгача давом этди. Озарбайжон ўз ерларидан 20-24 фоизини, шу жумладан, 5 вилоятдан иборат Қорабоғ вилоятини йўқотди. У шунингдек, Ағдам ва Фазулий районларининг катта қисмидан ташқари, мамлакат ғарбидаги яна 5 вилоятни қўлдан бой берди. Арманлар бу минтақадан бир миллионга яқин мусулмон аҳолини кўчиб кетишга мажбур қилишди. Россия қўшини бу урушга тўғридан-тўғри аралашди. Озарбайжонга нисбатан майдон, аҳоли, куч, потенциал жиҳатидан кичик ҳисобланган Арманистон ортида ҳамон Россия турибди.

  • Туркия Америка таъсири доираси бўйича ҳаракат қилади ва унинг буйруқларини бажаради, Озарбайжон ишидаги ўйинга ҳам шу эътибордан аралашди. Дарвоқе, Туркия 2009 йил 10 октябрда Швейцариянинг Цюрих шаҳрида Арманистон билан кенг кўламли тинчлик битимини имзолаган эди. Битимда икки давлат ўртасидаги мавжуд чегараларни тан олиш, чегараларни очиш, дипломатик алоқалар ўрнатиш, элчилар алмашиш, консулликлар очиш, барча соҳаларда муносабатларни нормаллаштириш, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ўрнатиш, минтақавий ва глобал низоларни халқаро принцип ва қонунларга мувофиқ ҳал этиш, терроризмга қарши кураш, минтақада демократияни ривожлантириш каби ҳамда арман халқининг геноциди тўғрисидаги даъво муаммосини ҳал қилиш мақсадида, тарихий ҳужжат ва манбаларни илмий ўрганиш учун диалог ўрнатиш ва ривожлантириш каби нарсалар айтилган… Шуни эслатиб ўтиш лозимки, бундан аввал Эрдоган Арманистон қўшинлари Қорабоғ ва унинг атрофидаги босиб олинган Озарбайжон ерларидан олиб чиқилмагунча у билан муносабатларни нормаллаштиришдан бош тортган эди. Аммо Туркия-Арманистон ўртасидаги айни келишув АҚШ собиқ президенти Обаманинг тўғридан-тўғри талаби билан амалга оширилди. Обама ўзининг 2009 йил 6 апрелда Туркияга қилган сафари чоғида Туркия ва Арманистон ўртасидаги низони ҳал қилишга ҳамда 1993 йилда икки томон ўртасидаги муносабатлар бузилганидан ва чегаралар ёпилганидан кейин, қайтадан ўзаро тинчликни ўрнатишга чақирган эди. Ўшанда Эрдоган Обаманинг талабига итоат қилиб, Арманистон билан мазкур кенг кўламли тинчлик битимини имзолади. Аммо бу ишда Озарбайжон масаласини ҳам, озар ерларининг Арманистон томонидан босиб олинганини ҳам, шунингдек, бир миллионга яқин мусулмон аҳолининг кўчиб кетишга мажбур қилинганини ҳам тилга олмади. АҚШ давлат департаменти ушбу келишув тарихий келишув эканини, ўзи ҳам унда иштирок этганини маълум қилди!
  • Ўшанда Озарбайжон бу битимнинг арманларнинг босиб олган ерлардан чиқиб кетмасидан олдин имзоланганини танқид қилди ва Туркиядан Арманистоннинг босиб олган ерлардан чиқиб кетмасидан олдин чегараларни очмаслик ва у билан муносабат ўрнатмаслик ҳақидаги аввалги ваъдаларини бажаришни талаб қилди. Дарҳақиқат, «Илаф» веб-сайти 2009 йил 10 октябрда бундай хабар нашр қилган: (Цюрих: Шанба куни Швейцариянинг Цюрих шаҳрида Туркия ва Арманистон ташқи ишлар вазирлари томонлар ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган икки томонлама битимга имзо чекдилар. Ҳар икки давлат вазирлари Эдвард Налбандян билан Аҳмад Довутўғли имзо ортидан бир-бирларининг қўлларини узоқ сиқишди… АҚШ давлат котибининг Европа ва Евроосиё масалалари бўйича ёрдамчиси Фил Гордон «Бу оқшом тарихий воқеада иштирок этдик», деди… Гордон Европанинг олти шаҳри бўйлаб беш кунлик сафари доирасида шанба куни кечқурун Лондонга етиб келган АҚШ давлат котиби Хиллари Клинтонга ҳамроҳлик қилмоқда». Лондонга етиб келишидан олдин Клинтон Цюрих-Швейцарияда бўлиб ўтган Туркия-Арманистон ўртасидаги битим имзолаш маросимида қатнашди… Америкалик юқори лавозимли бир расмий Обаманинг бу битимдан мамнун эканини, битимни у «олдинга катта қадам», дея баҳолаётганини билдирди. Ўз навбатида, якшанба куни Озарбайжон Арманистон билан Туркия ўртасида имзоланган муносабатларни нормаллаштириш битимини қоралаб, арман-турк чегараларини очишнинг Жанубий Кавказдаги барқарорликка путур етказишидан огоҳлантирди… Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги баёнотида «Арманистоннинг Озарбайжон ерларидан ўз кучларини олиб чиқиб кетмасидан олдин Туркия ва Арманистон ўртасидаги муносабатларнинг нормаллашиши Озарбайжон манфаатларига зид келади ҳамда Озарбайжон билан Туркия ўртасидаги чуқур тарихий илдизларга асосланган биродарлик муносабатларига соя солади», дея таъкидланди. Илаф, 2009 йил 10 октябр). Иқтибос тугади.
  • Бироқ Эрдоган Туркияси амалсиз ширин гаплар билан Озарбайжонни алдашга уринди. Ваҳоланки, у Туркия ва Арманистон ўртасидаги битимда Арманистоннинг Қорабоғдан чиқиб кетиши учун ҳеч қандай шарт қўйгани йўқ, аксинча, қандай бўлса ўшандай давом этишига рози бўлди! Лекин орадан тўққиз йил ўтгач, 2018 йил март ойида Арманистон Россиянинг босими билан айни битимни расман бекор қилди ва бунга Россияга бўйсунгани сабабли қўл урди. Натижада, Америка Арманистонни Россиядан айни битим орқали тортиб олишдек, ўзининг имкониятидан маҳрум бўлди. Россия эса, Арманистондаги нуфузини кучайтириб, у ердаги ўзининг Гюмри ҳарбий базасидаги ракета арсеналини кучайтирди. Кейин 2015 йил декабрда Арманистон билан ҳаво ҳужумларидан мудофааланиш тўғрисидаги қўшма битимни имзолади. Россия Арманистонга «Миг-29» самолётлари эскадрилясини, минглаб аскарларини, зирҳли машиналарни, ҳаво мудофаа тизимини, узоқ масофадаги «С-300» русумли ракеталарга қарши мудофаа тизимини ҳамда «Куб (ЗРК)» русумли ўртача олисликдаги ҳаво мудофаа тизимини жойлаштирди. Шунингдек, 2015 йил 1 январда иш бошлаган ўзининг «Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи» бозорига Белорусия, Қозоғистон ва Қирғизистон билан бир қаторда Арманистонни ҳам олиб кирди. Ушбу давлатлар, шу жумладан Арманистон «барча соҳаларда товар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши» ниқоби остида Россия маҳсулотлари сотиладиган бозорга айланди. Ушбу бозорнинг ялпи ички маҳсулоти 5 триллион доллардан ошади ва унинг аксарияти Россия фойдасига бўлади.
  • Буларнинг барчасидан сўнг Америка Озарбайжондаги нуфузини мустаҳкамлаш ва у ердаги Россия нуфузини заифлаштириш, сўнг Арманистонга сизиб кириш мақсадида қайтадан бошқа йўлларни қидира бошлади. Шундан келиб чиқиб, Туркияга Озарбайжон билан иқтисодий ва сиёсий муносабатларга қўшимча, ҳарбий соҳада ҳам алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича кўрсатма берди. Бундан Озарбайжонда АҚШ нуфузини мустаҳкамлаш ҳамда АҚШ нуфузига эшикларни очиб бериши учун Арманистонга босим ўтказиш кўзланди. Ва ниҳоят, ўтган июл ойидаги сўнгги тўқнашувлар келиб чиқди… Гўё бу Туркиянинг ҳарбий аралашуви учун, қўшма машғулот ва манёврларда қатнашишга ўз кучларини юбориши учун ҳамда бунинг ортидан айни пайтдаги тўқнашувлар келиб чиқиши ва икки томон уруш ҳолати эълон қилишлари учун… бир баҳона сифатида қасддан қилинганга ўхшайди. Туркия президенти Эрдоган айни тўқнашувлар бошланиши биланоқ бевосита 2020 йил 27 сентябрда ўзининг твиттердаги саҳифасида бундай деди: («Халқаро Ҳамжамият иккиюзламачилик қилмоқда. Арманистоннинг провокацион ҳужумларига қарши ҳеч қандай реакция билдира олмади. Минск гуруҳидаги учлик афсуски, ечим топиш йўлидан узоқ юриб, қарийб ўттиз йилдан буён масалани эътиборсиз қолдириб келаётган позициясини давом эттирмоқда». Яна бундай деди: «Минтақада тинчликни ўрнатиш Арманистоннинг 1992 йил босиб олган Озарбайжон ерларидан чиқиб кетиши билан боғлиқдир. Туркия дўст ва қардош бўлмиш Озарбайжон томонида туришда давом этади». Турк ахборот агентлиги, 2020 йил 28 сентябр). Лекин у одамлар эсдан чиқаради деб ўйлаб, 2009 йилда АҚШга хизмат кўрсатиш учун Арманистон билан тинчлик битимини имзолаганидан, унда Арманистонга Озарбайжон ерларидан чиқиб кетиш талабини қўймаганидан, бу ҳақда ҳатто оғиз жуфтлашга ҳам журъат қилолмаганидан ўзини унутганга солди!
  • Арманистон ушбу битимни имзо чекилганидан тўққиз йил ўтиб бекор қилгач ва Америка Арманистонга киролмай қолгач, Эрдоган Арманистондан босиб олган ерларидан чиқиб кетишни яна талаб қила бошлади. Ўзи азиз дўстим деган Путинни танқид қилди. У билан қўшиб Макронни ҳам танқид қилиб, («Мен бу масалада Россия президенти Владимир Путин ва Франция президенти Эммануэль Макрон билан гаплашдим, аммо фойдаси бўлмади», деди. Турк ахборот агентлиги, 2020 йил 28 сентябр). Аммо дўстим ва иттифоқчим, дея сифатлаган Трампни эса, танқид қилмади. Нега ҳам танқид қилсин, ахир, парда ортидан, ҳатто очиқчасига бу ишга ундаган шу Трамп эмасми?! Америка буни дипломатик ўйинлари билан яширган бўлса ҳам, лекин ҳар қандай кўзи очиқ ақли расо кишига бу нарса маълум. АҚШ президенти Трамп 2020 йил 27 сентябр куни кечқурун берган матбуот конференциясида («Америка Арманистон билан Озарбайжон ўртасида келиб чиққан зўравонлик амалиётларини тўхтатишга ҳаракат қилади», деди. Лекин у яна бундай деди: «Биз минтақада катта алоқа-имкониятларга эгамиз. Кўрамиз, буни тўхтата оламизмикин». Ал-Жазира, 2020 йил 27 сентябр). Бу шуни англатадики, агар тўхтатишни зарур, деб билса тўхтатади. Чунки у Американинг босим ўтказишини ҳамда ечимга келишлари учун ҳар икки томонга ҳам ўз оғирлигини солишини айтгани йўқ. Аксинча, юмшоқ тарзда, «буни тўхтата оламизмикин», деб қўйди, холос. Ваҳоланки, Америка бирор ишни қилишни истаса, албатта унга оғирлигини солиб, босим ўтказадиган давлат! АҚШ Давлат департаменти баёнотида шундай келади: («АҚШ бундай эскалацияни қаттиқ сўзлар билан қоралайди. Зеро, АҚШ давлат котиби ўринбосари Стивен Биган Озарбайжон билан Арманистонни ўзаро душманона ҳаракат ва ҳужумларни тўхтатишга ҳамда тез фурсат ичида конструктив музокараларга қайтиш учун Минск гуруҳидаги аъзо давлатлар билан ҳамкорлик қилишга чақирди. Стивен Биган можарони тинч ва барқарор йўл билан ҳал қилишда Вашингтоннинг ҳар икки томонга ҳам ёрдам беришга содиқлигини таъкидлади». Қатарнинг Ал-Жазира ва Эроннинг Олам каналлари, 2020 йил 27 сентябр). Америка душманона ҳаракатларни тўхтатиш талабида ҳар икки томонни ҳам баробар кўрди. Чунки унинг позицияси ҳар икки давлатда ҳам ўз нуфузини мустаҳкамлашга ва Россия нуфузини заифлаштириш ёки йўқ қилишга қаратилган.

Буларнинг барчаси Американинг Туркия ҳаракатларига зимдан рози эканига ва Туркия ҳам Озарбайжон сари Американинг буйруғи билан ҳаракат қилганига далолат қилади. Агар ишларни Америка бошқармаётган бўлса, у ҳолда, нега Туркия президентининг матбуот котиби Иброҳим Калин 2020 йил 29 сентябрда АҚШ президентининг Миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Роберт О’Брайен билан боғланиб, Озарбайжон-Арманистон низоси ҳақида суҳбатлашди?! Бу ҳақда Онадўли ахборот агентлиги хабар қилган.

  • Бундан ташқари, Эрдоган ва унинг расмийлари Хавфсизлик Кенгашининг адолатсиз қарорларини ва Минск гуруҳи қарорларини татбиқ этиш бўйича музокаралар олиб борилаётганини таъкидлашди. Маълумки, бу Минск гуруҳи 1992 йил Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти томонидан тузилган бўлиб, унга АҚШ, Россия ва Франция етакчилик қилади. Шу боис, ушбу қарорлар арманлар манфаати учун ҳамда оташкесимни уларнинг фойдасига таъминлаш учун хизмат қилади. Шунинг учун бу ерда қасддан вазиятни мураккаблаштириш учун иш олиб бориляпти. Бундан мақсад, барча сиёсий ва дипломатик ишларни Америка хоҳлагандек босим ўтказиш йўлидан олиб боришдир. Чунки сиёсий ва дипломатик ишларни юргизиш учун урушлар кўпинча восита сифатида қўлланиб, АҚШ кўрсатмаси асосида амалга оширилади. Чор атрофдан музокара бошлаш ва масалани сиёсий йўл билан ҳал этиб, Хавфсизлик Кенгаши қарорларини татбиқ қилишга чақириқлар бошланди. Турк расмийлари томонидан янграган қатор баёнотларда масалани Хавфсизлик Кенгаши қарорлари асосида ҳал этиш орқали Озарбайжонни қўллаб-қувватлаш айтилди. Ташқи ишлар вазири Човушўғли Озарбайжоннинг Анқарадаги элчихонасини зиёрат қилиши чоғида («БМТ, Европа Кенгаши ва Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Озарбайжон ерлари дахлсизлигига доир қарорлари аниқ. Шу боис, агар Арманистон кучларини олиб чиқиб кетмаса масала ҳал бўлмайди», деди. Ал-Жазира, 2020 йил 29 сентябр). Маълумки, бу қарорларда Қорабоғ тепаликлари ҳақида якуний гап айтилмаган, балки бошқа ерлар тилга олинган. Бу эса, Озарбайжон масаласи устида тил бириктирув мавжудлигини кўрсатмоқда.
  • Майдони, аҳолиси, кучи ва потенциаллари Озарбайжонга нисбатан оз бўлган Арманистоннинг ортида Россия турибди. Уни қурол-яроғ, техника ва ҳаёт учун керакли барча нарсалар билан таъминлаётган ҳам Россия. Арманистон Россия етовидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг аъзоси бўлиб, у ерда Россиянинг катта ҳарбий кучи жойлашган. Шу боис, ундан осонликча воз кечмайди. Акс ҳолда, унинг орқа томони очилиб, ўзининг федерал минтақаси бўлган Шимолий Кавказни қўлдан бой беришга замин яратиб қўйган бўлади. Россия ташқи ишлари вазири Сергей Лавров арманистонлик ҳамкасби Зограб Мнацаканян билан телефон суҳбати чоғида «Қорабоғдаги жанговар ҳаракатлардан хавотирланаётганини, ўт очишни тўхтатиш зарурлиги»ни таъкидлади. (Спутник, 2020 йил 27 сентябр). Бу Россиянинг Озарбайжонга қарши Арманистонни қўллаб-қувватлаётганини кўрсатади. Шу боис, Туркия Арманистонни қоралаётганда Россияни ҳам қоралаши керак эди. Чунки Арманистонда ўз нуфузини ўрнатган ва уни қўллаб-қувватлаётган Россия. Зотан, Россия қўллови бўлмаса, Арманистон ҳарбий агрессия қилишга журъат қилолмайди. Зеро, душманни қўллаб-қувватловчи ҳам душман ҳисобланади. Эрдоган Туркияси эса, душман Россия билан энг яхши муносабатларни ўрнатмоқда. Масалан, Сурияда Асад раҳбарлигидаги қонхўр режимни ағдариш учун қўзғолон кўтарган мусулмон аҳлига қарши Россия билан иттифоқ тузмоқда. Бир вақтнинг ўзида, Америка ўз манфаатлари йўлида Россиядан фойдаланиш учун олиб бораётган ўйинларида Туркия бир қурол сифатида хизмат қилиб бермоқда. Лекин Россия Украина ва Грузияда бўлгани каби ўзининг ушбу ҳаётий минтақасида осонликча ён бермайди. Шунинг учун ушбу жангда кураш ҳал бўлмайди ва у сиёсий, дипломатик ҳаракатлар йўлига ўтади. Чунки Россияни алдаш учун энг қулай услуб мана шу.
  • Франциянинг у ерда мавжудлигига келсак, бу бир мунча бошқача. Чунки у ерда Франциянинг ҳеч қандай нуфузи йўқ. У ўзини йирик давлат сифатида намойиш этишга уриниб, Минск гуруҳидаги ўз аъзолигини сақлаб қолмоқчи. Бу гуруҳ озар-арман низосини ҳал этишни ва ўт очишга доимий равишда барҳам беришни таъминлаш мақсадида 1992 йил Хавфсизлик Кенгаши билан Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг қарори асосида ташкил топган. Франция Туркияга қарши турибди. Зеро, Туркия АҚШнинг таъсир доирасида ҳаракат қилиши сабабли Европанинг, шу жумладан Франциянинг нуфузига тўсқинлик қилмоқда. Дарҳақиқат, Макрон 2020 йил 30 сентябрда Латвияда берган матбуот конференцияси чоғида бундай деди: «Озарбайжонни қўллаб-қувватловчи Туркиянинг баёнотларини кўриб турибман. Мен буни ўйламасдан берилган хатарли эълон, деб биламан. Франция сўнгги соатларда Туркия томонидан юборилган жанговар номалардан қаттиқ хавотирда. Тоғли Қорабоғ Озарбайжон томонидан қайта забт этилиши учун Туркия унинг олдидаги барча тўсиқларни олиб ташламоқчи. Биз буни асло қабул қилмаймиз». (Рейтер, 2020 йил 30 сентябр). Туркия ташқи ишлар вазири Човушўғли бунга жавобан «Франциянинг Арманистон билан бирдамлиги – Озарбайжондаги арман босқинчилигини қўллаб-қувватлаш даражасига етди», деди. (Онадўли, 2020 йил 30 сентябр). Франция қарама-қарши позицияни эгаллаб, ўзини «холис» воситачи қилиб кўрсатишга уринди. Зотан, у сиёсий манёврларни эплолмайдиган давлат бўлиб, позицияси доим ошкора кўриниб туради. Мабодо, уни яширишга уринса ҳам қарама-қаршилиги билиниб қолади. Мисол учун, Франция ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибаси Агнес фон дер Муль бундай деди: «Франция Қорабоғда бўлаётган кенг миқёсдаги тўқнашувлардан ҳамда тинч аҳоли орасида бўлган қурбонлар тўғрисидаги ҳисоботлардан қаттиқ хавотирда. У бундай жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиб, мулоқотни қайта бошлашга чақиради». Фон дер Муль яна бундай деди: «Франция Минск гуруҳининг ҳамраиси сифатида, россиялик ва америкалик ҳамкорлари билан можарони халқаро ҳуқуқ доирасида музокаралар йўли билан ҳал этишга ўзининг содиқ эканини таъкидлайди». (Спутник, 2020 йил 27 сентябр). Бир вақтнинг ўзида, Франция хоҳ ички, хоҳ ташқи сиёсатда бўлсин, ҳар доим Ислом ва мусулмонларга нисбатан нафратини очиқ кўрсатиб келган. Масалан, ички сиёсатда эркинликларга кенг йўл очиб берганини даъво қилади-да, сўнг бу нарсани мусулмонларга нисбатан чеклаб, очиқдан-очиқ қарама-қарши позицияни эгаллайди. Ташқи сиёсатда ҳам шундай. Арманлар ва бошқа насронийлар муаммоларини ҳал қилишни ўзининг зиммасига олаётган бўлса, шу орқали ўз нуфузини ўрнатишни мақсад қилган. Зеро, арманларни алдаш жуда осон. Мисол учун, уларни Биринчи жаҳон урушида алдади. Ўшанда Франция арманларни уларни узоқ асрлар давомида ғамхўрлик билан чиройли бошқариб келган Усмонли давлатга қарши гижгижлаган. Бунинг эвазига уларга Онадўлида бир ватан қилиб беришни ваъда қилган эди. Натижада, арманлар Усмонли давлатга хиёнат қилишди. Франциянинг фитнасига илиниб, кўплаб мусулмонларни қириб ташлашди. Агар ақлларини ишлатишганда эди, Ислом давлати соясида тинч зиммий сифатида қолишлари ўзларининг фойдаси эди. Чунки Усмонли давлат уларга адолат қиларди, Франция ва бошқа мустамлакачи давлатларга ўхшаб, ўз манфаати йўлида улардан фойдаланмас эди.
  • Туркиядан иборат бир қанча давлатлар татбиқ қилишни талаб қилаётган Хавфсизлик Кенгаши қарорларига келсак, унда арманлар босиб олиб, у ерда ўзлари учун республика эълон қилган Қорабоғ минтақаси ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Кенгашнинг 1993 йил 30 апрелда чиқарган 822-сонли биринчи қарорида тўқнашувлар ва жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, ўт очишга доимий равишда барҳам бериш талаб қилинган. Унда шунингдек, босқинчи арман кучларидан Калбажар минтақасидан ва бошқа Озарбайжон ҳудудларидан чиқиб кетиш талаб қилинган. Аммо босиб олинган Қорабоғ вилояти ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Бундан ташқари, ўша йилнинг ўзида айни қарорни таъкидловчи бошқа қарорлар ҳам қабул қилинди. Масалан, 1993 йил 29 июл куни 853-сонли қарорда ҳам аввалги қарордаги нарсалар қайта таъкидланиб, Агдам ва бошқа Озарбайжон минтақаларининг босиб олиниши қораланди ва арманлардан айни минтақалардан тўла чиқиб кетиш талаб қилинди. Шунингдек, Қорабоғ вилояти 822-сонли қарорга бўйсуниши учун Арманистон ҳукуматидан унга босим ўтказиш талаб қилинди. Ўша йилнинг 14 октябрида 874-сонли қарор чиқарилиб, унда икки томон ўртасида тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш таъкидланди ҳамда шошилинч чоралар учун қайта ишланган жадвални қабул қилишга чақирилди. Бу қарорни Озарбайжон қабул қилмади. Чунки қарорда Қорабоғдаги арман кучларининг Озарбайжонга тегишли босиб олинган ерлардан чиқиб кетиши Арманистон устидан жорий қилинган тақиқларнинг бекор қилинишига боғлаб қўйилган эди. Озарбайжон ҳукумати ўзига нисбатан мағлуб бўлган томон каби муомала қилинаётганидан шикоят қилди. Янгиланган жадвалга қўшинларни янги босиб олинган ҳудудлардан олиб чиқиб кетиш ҳамда алоқа ва транспортдаги барча тўсиқларни олиб ташлаш билан боғлиқ таклифлар, шунингдек, кенгаш томонидан кўриб чиқилмаган ва тинч музокаралар йўли билан ҳал қилиниши керак бўлган бошқа масалалар киритилган эди. 1993 йил 12 ноябрда Хавфсизлик Кенгаши 884-сонли қарор чиқарди. Унда ҳам собиқ қарорлар таъкидланиб, икки томон ўртасида, айниқса, Зангилан ва Горадиз шаҳарларидаги оташкесимнинг бузилганлиги қораланди. Шунингдек, босқинчи арман кучлари Зангилан ва Горадиз шаҳарларидан ва бошқа босиб олинган Озарбайжон ерларидан чиқиб кетишга чақирилди. Кенгаш қарорларининг бирортасида ҳам Қорабоғдан чиқиб кетиш ҳақида айтилгани йўқ. Бу қарорлар обдан ўрганган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, унда Озарбайжон ерлари Қорабоғ минтақасидан ташқарида эканига урғу берилган ва бу минтақа Озарбайжон ерларига кирмаслигига ишора қилинган. Бу шуни англатадики, агар музокалар бошланиб, битим имзоланса ҳам айни минтақа, хусусан Қорабоғ минтақаси – Озарбайжон ерларидан арман кучларининг чиқиб кетиши эвазига – арманлар назорати остида қолади. Туркия ҳам арманларнинг Қорабоғ вилоятидан чиқиб кетишлари кўрсатилмаган айни шу қарорларнинг татбиқ этилишини талаб қилмоқда. Бу худди Туркиянинг Суриядаги қонхўр режимга алоқаси бўлмаган, аксинча режимнинг ўзини ва унинг илмонийлигини сақлаб қолишга қаратилган Хавфсизлик Кенгаши қарорларини татбиқ этиш тўғрисида қилган талабига ўхшайди. Шунингдек, Фаластинда икки давлат ечимини татбиқ этиш тўғрисидаги қилган талабига ҳам ўхшайди. Ҳолбуки ушбу ечимда Фаластиннинг 80 % ерларида яҳудийларнинг босқинчилиги қабул қилинган. Шундай қилиб, Қорабоғ масаласи боши берк кўчага кириб, оташкесим арманлар учун ғалабага айланиб қолди. Минск гуруҳи ечимнинг қандайлиги ва музокаралар нима устида бўлаётгани ҳақида маълумот бермади. Фақатгина Хавфсизлик Кенгашининг аввалги қарорларидан иқтибослар келтирди, холос. Лекин, матнлар, вазият ва шароитлардан келиб чиқиб шуни англаш мумкинки, улар мусулмон аҳолидан тўлиқ бўшатилиб, насроний кофир арманлар жойлашган Қорабоғнинг беш вилоятида Арманистон қилган босқинчиликни Озарбайжоннинг тан олишини хоҳлашяпти. Бунинг эвазига Арманистон бошқа бешта вилоятдан ҳамда Агдам ва Фузулий вилоятларидаги босиб олган минтақаларидан чиқиб кетади. Масала шундай ҳал этилмоқчи, худди Фаластинда қилингани каби. Фаластинда ҳам яҳудийлар ва уларнинг ортида турган АҚШ Фаластин Озодлик Ташкилотига ҳамда араб ва исломий юртларидаги мавжуд режимларга Фаластиннинг 80 % ерларидаги яҳудийлар босқинчилигини тан олдиришган эди. Натижада, 1967 йилдан бери яҳудийлар томонидан босиб олинаётган, балки хоин ҳукмдорлар – оташкесимни қабул қилиб, Хавфсизлик Кенгашининг 242 ва 243 сонли қарорларига рози бўлишган пайтда – қўш қўллаб топширган 20 % ер устидагина музокара қилинадиган бўлиб қолди. Зеро, Хавфсизлик Кенгашининг 242 ва 243 сонли қарорларида яҳудийларнинг 1967 йил 5 июнда босиб олишган, балки уларга қўш-қўллаб топширилган ерлардангина чиқиб кетишлари айтилган.
  • Туркиянинг бу масалага эътибор бераётгани яхшилик аломати эмас. Чунки Эрдоган Туркияси қайси бир масалага аралашадиган бўлса, бу – худди Сурияда бўлгани каби – ўз халқининг зарарига, Американинг эса, фойдасига бўлади. Суриядаги қуролли гуруҳларнинг эскалацияни камайтириш ва ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги сулҳни қабул қилишлари учун Туркия уларга қандай босим ўтказганини биламиз. Ваҳоланки бу сулҳга на қонхўр режим амал қилди, на уни бевосита қўлловчи Эрон режими ва унинг гумашталари ва на Россия. Ва ниҳоят, бу гуруҳлар озод этилган минтақалардан чиқариб юборилиб, у ерлар режим қўлига топширилди. Ливияда ҳам Туркия шунга ўхшаш ишни қилиб, Саррож ҳукуматини қўллаб-қувватлашни бошлади. Саррож кучлари Сирт ва Жафра томон ҳаракатланганда эса, Туркия қўллаб-қувватловни тўхтатиб қўйди. Сўнг Саррождан доимий равишда жанговар ҳаракатларни тўхтатиб, Туркия ноқонуний деб ҳисоблаган Ҳафтар билан музокара қилишни талаб қилди! Шунинг учун Туркия томонидан Озарбайжонга кўрсатилаётган қўллаб-қувватлов унинг позициясини юмшатиш мақсадида босим ўтказиш учун қилинаётган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бунга турк расмийлари берган баёнотлар ҳам ишора қилмоқда. Уларга кўра, Минск гуруҳи, хусусан, АҚШ етакчилик қилаётган музокаралардаги турғунликни Озарбайжон Қорабоғ мавзусида ён бермагунича ва уни босқинчилардан куч билан қайтариб олиш ҳақидаги қароридан қайтмагунича енгиб бўлмайди. Зеро, Америка, Россия ва Франция Қорабоғни гўё Арманистоннинг вилояти деб ҳисоблашмоқда. Бу нарса уларнинг баёнотлари оҳангидан ҳамда доим арманларни қўллаб-қувватлайдиган ахборот воситаларидан сезилиб турибди. Бундан ташқари, Хавфсизлик Кенгашининг уч давлат томонидан чиқариладиган ва кенгашдаги қолган давлатлар томонидан маъқулланадиган қарорлари ҳам шунга далолат қилмоқда. Дарҳақиқат, Тоғли Қорабоғда гўё Арманистондан мустақил бўлган алоҳида бир республика ташкил қилинган. Музокараларнинг қийин бўлиши ва вилоят ўзининг мустақил республикасидан воз кечмаслиги учун шундай қилинган! Бундан ташқари, Тоғли Қорабоғни мустақил қилишдан Арманистоннинг унга бевосита жавобгар бўлмаслиги ҳамда қандайдир босим ўтказиладиган бўлса, бунга чап бера олиши кўзланган. Эрдоган Туркиясининг позициясига бу масалада ҳам, бошқа масалаларда ҳам асло ишониб бўлмайди. Зотан, у ўттиз йил олдин иккала томон ўртасида уруш чиққандан бери Озарбайжонга ёрдам кўрсатмай келяпти, Озарбайжон ўшандан бери ёлғиз эди. Шу сабабдан Туркиянинг бугунги қўллаб-қувватлови хатарли бўлиб, бу билан Озарбайжоннинг қарорлари устидан ўз ҳукмини ўтказиши ва уни ён бериш томон судраши мумкин бўлади!
  • Озарбайжон исломий юрт бўлиб, аксар аҳолиси мусулмон. Бироқ унинг режими илмоний бўлиб, динни давлат ва жамиятдан узоқлаштиришда аввалги коммунистик тузумнинг давомчисидир. Озарбайжон ва Арманистон учинчи рошид халифа Усмон ибн Аффон даврида фатҳ қилинган. Шу боис, ушбу исломий юртларни АҚШ ёки Россия чангалидан озод этишда Туркияга ҳам, Эронга ҳам суяниб бўлмайди. Чунки улар АҚШ ва Россия билан ҳамкорлик қилади. Мусулмонлар Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифалик давлатини барпо қилиш билангина халос бўла оладилар. Зеро, унинг барпо бўлишини Росулуллоҳ ﷺ бундай дея башорат қилганлар:

«تَكُونُ النُّبُوَّةُ فِيكُمْ مَا شَاءَ اللهُ أَنْ تَكُونَ، ثُمَّ يَرْفَعُهَا إِذَا شَاءَ أَنْ يَرْفَعَهَا. ثُمَّ تَكُونُ خِلاَفَةٌ عَلَى مِنْهَاجِ النُّبُوَّةِ فَتَكُونُ مَا شَاءَ اللهُ أَنْ تَكُونَ، ثُمَّ يَرْفَعُهَا إِذَا شَاءَ اللهُ أَنْ يَرْفَعَهَا. ثُمَّ تَكُونُ مُلْكًا عَاضًّا، فَيَكُونُ مَا شَاءَ اللهُ أَنْ يَكُونَ، ثُمَّ يَرْفَعُهَا إِذَا شَاءَ أَنْ يَرْفَعَهَا. ثُمَّ تَكُونُ مُلْكًا جَبْرِيَّةً، فَتَكُونُ مَا شَاءَ اللهُ أَنْ تَكُونَ، ثُمَّ يَرْفَعُهَا إِذَا شَاءَ أَنْ يَرْفَعَهَا. ثُمَّ تَكُونُ خِلاَفَةً عَلَى مِنْهَاجِ النُّبُوَّةِ».

«Сизларнинг орангизда Аллоҳ хоҳлаганича пайғамбарлик давом этади. Сўнг Аллоҳ хоҳлаган пайтда уни кўтаради. Сўнг пайғамбарлик минҳожи асосида Халифалик бўлади ва у Аллоҳ хоҳлаганча давом этади. Сўнг Аллоҳ Ўзи хоҳлаганда уни кўтаради. Сўнг раиятига зулм ва адолатсизликлар етадиган подшоҳлик бўлади ва у Аллоҳ хоҳлаганча давом этади. Сўнг Аллоҳ Ўзи хоҳлаганда уни кўтаради. Сўнг золимўравон подшоҳлик бўлади ва у Аллоҳ хоҳлаганча давом этади. Сўнг Аллоҳ Ўзи хоҳлаганда уни кўтаради. Сўнг пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик бўлади». Росулуллоҳ ﷺ сўзлари ростдир.

  18 сафар 1442ҳ

5 октябр 2020м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here