Туркия С-400 тизимини синовдан ўтказишни бошламоқда

124
0

Туркия С-400 тизимини синовдан ўтказишни бошламоқда

 Туркия қуролли кучлари Россиядан сотиб олинган С-400 ракетага қарши мудофаа тизимини синовдан ўтказишни бошлайди. Бу ҳақда Turkish Minute нашри хабар берди.

 Хабарда айтилишича, С-400 тизимини синовдан ўтказиш учун Синоп ракета полигонига 10 дона Banshee ҳаво нишонлари келтирилади. Синовлар 5 октябрдан 16 октябргача ўтказилади.

 Қайд этилишича, синовлар вақтида кузатув постидаги қўмондонлар ҳар бир ракета учирилишидан икки соат аввал Туркия президентининг рухсатини олишлари лозим бўлади.

 С-400 батариялари, 10 дона ҳаво нишони ва бошқа керакли қурилмалар 5 октябр куни Муртад авиабазасидан Синопга келтирилиши керак эди.

 Нашрнинг эслатишича, Туркиянинг Россия зенит ракета тизимларини сотиб олиши унинг АҚШ томонидан бешинчи авлод F-35 қирувчи самолётларини яратиш дастуридан чиқариб юборилишига сабаб бўлган.

 Изоҳ: Туркия Россиядан С-400 сотиб олишини маълум қилганидан бошлаб АҚШ Туркияга нисбатан санкциялар қўллаш, тийиб қўйиш билан “таҳдид” қила бошлаган эди. Унга жавобан Эрдогон ва турк ҳукумати АҚШга қарши кескин баёнотлар билан жавоб қайтариб, ўз фикридан қайтмаслигини айтиб келди…

 Аммо жорий йилнинг бошида “newsland.com” интернет нашри Америка ОАВ асосланиб хабар қилишича, 2019 йил 18-ноябрда Туркия ва АҚШ Россиянинг С-400 ҳаво мудофааси тизими Американинг F-35 қирувчи самолётларини аниқлай оладими, агар аниқлай олса ундан қандай қочиш мумкинлигини ўрганиш мақсадида экспертлар гуруҳини тузишганни хабар қилди.

 Хабарга кўра, америкалик ҳарбийлар олдида мудофаа тизимидан фойдалана олишлари учун ўзлари олган маълумотлар кодини очиш вазифаси турипти. Агар АҚШ тизимидаги кодни буза олса у тизимнинг ишига таъсир ўтказиши, радарларни статик билан ёпиши ва ҳатто душманларига аслида йўқ самолётларни бордек қилиб кўрсатиши мумкин бўлади. Шунингдек, барча С-400лар бир хил частоталарда ишлатиладими ёки йўқми бу ҳам аниқ эмас. С-400 устидаги тадқиқот ишлари бир йил давом этади…

 Бундан хулоса қилиш мумкинки,Туркия Россиядан сотиб олган С-400 тизимини синовдан ўтказиш ишлари ҳам АҚШ билан ҳамкорликда амалга оширилиши мумкин. Бундан кўзланган мақсад – Россиянинг С-400си американинг F-16 қирувчи самолётларини аниқлаш ва зарба бериш имконига эгами ёки йўқми, шуни аниқлашдан иборат. Синов натижасида АҚШ ушбу тизимнинг заиф томонларини ўрганиб чиқади ва ўзининг янги авлод F-35 қирувчи самолётларини бу тизимга қарши имкониятларини кучайтириб олади.

 Абдураҳмон Одилов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here