АҚШ Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигига муносабат билдирди

571
0

АҚШ Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигига муносабат билдирди

 АҚШ Марказий Осиё республикаларига таъсир ўтказиш борасида Москва билан рақобатлашмоқчи эмас. Бу ҳақда Давлат департаменти, давлат котиби Майкл Помпеонинг Марказий Осиёдаги беш мамлакатдан бўлган ҳамкасблари билан ўтган музокаралари натижаларини сарҳисоб қилиб изоҳ берди.

 Онлайн конференциянинг асосий мавзулари АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқишга тайёргарлик, минтақадаги иқтисодий ҳамкорлик ва коронавирус пандемиясига қарши кураш бўлди.

 Давлат котибининг Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Жонатан Хеникнинг сўзларига кўра, “Қўшма Штатлар учун Марказий Осиё янада хавфсизроқ ва фаровон минтақа бўлиши манфаатлидир”, ундаги давлатлар эса “ривожланиш борасида турли хил вариантларни танлашда эркин бўлиши лозим”.

 Унинг таъкидлашича, “фақатгина ҳозирги инқироз даврида АҚШ минтақада коронавирусга қарши курашиш учун турли хил чораларга 25 миллион доллар ажратди”.

 Шу билан бирга, дипломатнинг билдиришича. АҚШ “Марказий Осиё учун қўшимча маблағ ажратиш мақсадида Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси билан ишлашни давом эттирмоқда”.

 Хеник Вашингтон Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га аъзо бўлиб киришига қандай муносабатда экани ҳақидаги саволига жавобан, АҚШ Марказий Осиё республикаларига таъсир ўтказиш учун Москва билан рақобатлашмаслигини билдирди.

 “Мен ушбу музокаралар ҳақида изоҳ беролмайман, чунки Қўшма Штатлар ЕОИИ аъзоси эмас. Ўзбекистон иштирокида муҳокамалар давом этмоқда. Шуни биламанки, бу масала Ўзбекистон халқини жуда ўйлантирмоқда. Биз Ўзбекистон фуқароларининг дунё бозорлари ва инвестицияларидан фойдаланишга интилишини қўллаб-қувватлаймиз. Умид қиламизки, Ўзбекистон аҳолиси барча мавжуд маҳаллий блок ва савдо алоқаларини ҳамда Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик масаласини синчковлик билан ўрганиб чиқишади. Қайси бири фойдали эканлигидан келиб чиқиб, танловни амалга оширади”, – деди америкалик дипломат.

 Изоҳ: Каримовдан кейин ҳокимият тепасига келган Мирзиёев унга нисбатан очиқроқ сиёсат олиб бормоқда. Каримов табиатан қўрқоқлиги сабабли барча етакчи давлатлар билан олиб борган сиёсатида масофа сақлар, агар бирор давлат билан олиб бораётган сиёсати ўз ҳокимиятга таҳдид пайдо қилишини сезган захоти “асосий стратегик ҳамкорини” дарҳол ўзгартирар ва бошқа етакчи давлат пинжига киришга ҳаракат қиларди. 2005-йил 13-май куни Андижонда тинч намойишчиларни аёвсиз қирғин қилгунга қадар Америка билан яқиндан алоқа қилиб келган, ҳатто АҚШга ҳарбий база учун ер берган Каримов Андижон қирғинидан сўнг Ўзбекистондан АҚШ ҳарбий базасини хайдаб чиқариб; “Энди бизга ким думини кўтарса, бу дум Россияга қарши кўтарилгандай ҳисобланади”, деган ва яна қайта ўзини Россия қучоғига отган эди. Бирор бир иттифоқ ёки блокка аъзо бўлишда ҳам ўз хавфсизлиги даҳлсизлигини биринчи ўринга қўярди. Масалан, Ўзбекистонни ШҲТга аъзо сифатида олиб кирган бўлсада ташкилот билан фақат ўз ҳокимият учун таҳдид сифатида кўрган “экстремизм” ва “терроризм” бўйичагина алоқа қилар эди…

 Мирзиёев эса барча етакчи давлатларни рози қилиш йўлидан бормоқда. Шу сабабли ҳам у бир томондан Ўзбекистонни ЕОИИга кузатувчи давлат сифатида олиб кириш билан Россия босимини енгиллатмоқчи бўлаётган бўлса, иккинчи томондан “С5+1” форматидаги иштироки ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ваъдаси билан АҚШни рози қилмоқчи ҳамда “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўл лойиҳасидаги шерикчилик орқали Марказий Осиёда борган сари нуфузи ошиб бораётган Хитойни рози қилиш йўлидан бормоқда. Табиийки, бу мастамлакачи давлатлар Ўзбекистонни ўз таъсир доирасида ушлаб қолиш учун ўз имкониятларидаги барча хийлаларни ишга солишади ва турли баёнотлар билан Мирзиёевни “рамкадан” чиқиб кетишига йўл қўйишмайди.   

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here