Қирғизистон Қозоғистон устидан Жаҳон савдо ташкилотига шикоят қилди

682
0

Қирғизистон Қозоғистон устидан Жаҳон савдо ташкилотига шикоят қилди

 ЖСТнинг савдони соддалаштириш қўмитаси Қозоғистон Қирғизистондан транзит юкларига нисбатан савдо чекловлари масаласини кўриб чиқди, дея хабар қилди Қирғизистон иқтисодиёт вазирлиги.  

 Қирғизистон томони баёнотида айтилишича, 2019 йил давомида чегарадаги мураккаб вазиятни ҳал қилиш учун барча зарур чораларни кўриш мақсадида Қозоғистонга расмий ёзма мурожаатномалар юборилган ва ЖСТда икки томонлама маслаҳатлашувлар ўтказилган.

 “Қирғизистон Қозоғистон томонини автомобилларнинг тўпланиб қолиши билан боғлиқ вазият билан батафсил таништирди ва амалдаги савдо тўсиқларини олиб ташлаш ҳамда ЖСТ томонидан белгиланган қоидалар асосида ҳаракат қилиш зарурлигини билдирди”, – дейилади Қирғизистон иқтисодиёт вазирлиги баёнотида.

 Музокаралар вазиятнинг яхшиланишига олиб келмади, шунинг учун 2020 йил 11 февралда Қирғизистон Иқтисодиёт вазирининг ўринбосари Элдор Алишеров ва Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўйича Иқтисодиёт вазирлиги ваколатхонаси раҳбари Нурбек Максутов Женевада ЖСТнинг савдо процедураларини соддалаштириш қўмитаси йиғилишида қатнашдилар.

 “Қирғизистон Республикаси ЖСТ аъзоларига Қозоғистон Республикасининг юкларни ташиш, юкларни текшириш ва Қозоғистон орқали транзит юк ташишдаги қийинчиликлар,  Қозоғистон халқаро савдо қоидаларига риоя қилмаслиги ҳақида ахборот берди”, – дейилган хабарда.

Қирғизистон Республикаси Қозоғистон текширув органлари вакилларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари, қирғизистонлик юк ташувчилар Қозоғистон ҳудудидан ўтаётганда назорат пунктларида юкларнинг кучайтирилган текширув билан боғлиқ бўлган қийинчиликлар ҳақида баён қилди. ЖСТ қўмитаси аъзолари Қозоғистон хатти-ҳаракатлари узунлиги 10 км.гача бўлган юк транспортининг тўплашига олиб келганлиги, чегарада ва ихтисослашган зоналарда жойлашган юк ташиш машиналарнинг сони эса қарийиб 250 донани ташкил этгани ҳақида хабардор қилинди.

“Қозоғистоннинг хатти-ҳаракатлари Қирғизистоннинг учинчи давлатлар билан савдо алоқаларига, шунингдек ҳар бир юк ташувчига тузатиб бўлмайдиган зарар етказмоқда”, – дейилган хабарда.

 Маълумки, Қозоғистон ва Қирғизистон Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га ҳам, Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га ҳам аъзо давлатлар ҳисобланишади. Аммо бу икки ташкилот, хусусан, ЕОИИга аъзо бўлиш Қирғизистон иқтисодига фойдадан кўра кўпроқ салбий таъсир кўрсатди. Бундан аввал, 2017-йили Қирғизистон БМТда Қозоғистон устидан шикоят қилган ва “Давлатлар томонидан сиёсий ва иқтисодий мажбурият юзасидан бир томонлама иқтисодий чораларни кўриш ривожланаётган давлатлар учун мақбул ҳаракат эмас”лигини маълум қилган эди. Аслида бу ташкилотлар – хоҳ ЖСТ, хоҳ БМТ фарқсиз– йирик давлатлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва улар томонидан қабул қилинган қарорларни заиф давлатларга мажбурлаб ўтказиш учун тузилган бўлиб, бу ҳудди қўзичоқни бўридан шафқат ва ҳимоя сўраши кабидир.

Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here