Лукашенко: Беларус тенг шароитлардаги интеграцияни хоҳлайди

631
0

Лукашенко: Беларус тенг шароитлардаги интеграцияни хоҳлайди

 Беларус Россиядан интеграция доирасида имтиёз эмас, тенг шароитларни сўрамоқда, деди мамлакат президенти Александр Лукашенко Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда.

 “Биз шартномамиз боришини таҳлил қилиш учунгина келдик ва ҳеч нарса сўрамаймиз, ҳеч нарсани талаб қилмаймиз, биз аллақачон келишиб бўлганмиз. Одамлар ва хўжалик субъектлари яшаш ва ишлаш учун тенг шароитларга эга бўлиши керак. Тенг шароитлар – бошқа ҳеч нарсани кераги йўқ”, – деди Лукашенко.

 “Биз айримлар гапираётганидек, арзон газ, арзон нефт сўрамаймиз. Газни 200 доллардан сотиб олишга ҳам, бир баррел нефтни 63 доллардан сотиб олмасликка ҳам тайёрмиз, асосийси, шароитлар бўлсин”, – деди у.

 Изоҳ: Россия ЕОИИ ташкил этар экан бундан кўзлаган мақсади СССРдан мерос бўлиб қолган мустамлакаларни қўлдан чиқариб юбормаслик эди. Шу сабабли ҳам иттифоқ ташкил этилиши арафасида айримларига босим ўтказган бўлса, айримларини моддий рағбатлантирди. Ҳозир ҳам янги аъзоларни, хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистонни ҳам иттифоққа олиб кириш ҳаракатида уларга ошкора босим ўтказиб келмоқда.

 Россия Федерациялар Кенгаши спикери Валентина Матвиенко октябр ойидаги Тошкентга қилган сафарида – ҳали Мирзиёев билан учрашмай туриб “Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлмоқчи”лигини айтганди. Бу очиқ ойдин “Ўзбекистон, қани энди аъзо бўлишни тезлат!” дегандай босим эди. Тожикистонни иттифоққа олиб кириш учун ўзбек-тожик чегараси яқинида “жангарилар” томонидан амалга оширилган ҳужумни уюштирган бўлса, икки кундан бери Россиядан Тожикистонга пул ўтказмаларини тўхтатиб қўйди. 

 Аслида, бу каби босимлар ёки моддий рағбатлантиришлар аллақачон аъзо бўлган давлатларни ҳам четлаб ўтмаган. Масалан, Қирғизистон иттифоққа аъзо бўлгунга қадар қирғиз-тожик чегарасида можаролар кесикик кўпайиб, ҳатто чегарачилар ўртасида қуролли тўқнашувларгача бориб етди. Шу билан бирга моддий рағбат ҳам кўрсатилди. 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги Россия-Қирғизистон ривожланиш жамғармаси ва 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қарзни кечиш иттифоққа қўшилиш битимининг бир қисми бўлган. Арманистонга эса Россия газига 30 фоиз чегирма берилган. Бундан ташқари, Арманистоннинг қўшни Озарбайжон ва Туркия билан ёмон муносабатларини ҳисобга олган ҳолда, Россиянинг Ереванни ҳарбий ва сиёсий қўллаб-қувватлаши ҳал қилувчи омил бўлган. Беларусга иқтисодини ривожлантириш учун Россиянинг арзон нефт ва гази ҳамда Евросиё Тараққиёт Банки ажратадиган 2 миллиард долларлик қарз “туртки” бўлган эди.

Аммо иттифоқдаги Россиянинг якка ҳукмронлиги ва фақат ўз манфаатларини илгари суриши борган сари кўпроқ норозиликларни пайдо қилмоқда. Яқинда ҳам Лукашенко, бу каби иттифоқни бизга нима кераги бор” деб чиққан бўлса, қирғиз парламентидаги айрим депутатлар иттифоқдаги ноҳақликлардан нолий бошлашди. Аммо ҳозирча Россия ҳарбий қувватига суяниб, турли ваҳималарни бўрттириб кўрсатиш орқали бошқа аъзоларга деярли таҳдид билан иттифоқни сақлаб турибди. Агар Россия яна озгина қувватдан қоладиган бўлса бу иттифоқнинг келажаги ҳам савол остида қолади.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here