Россия Қирғизистонга икки дона ҳарбий вертолёт ва радиоалоқа станцияси совға қилди

190
0

Россия Қирғизистонга икки дона ҳарбий вертолёт ва радиоалоқа станцияси совға қилди

 Россия Қирғизистонга икки дона кўпнишонли МИ-8МТ вертолётларини ва П-18 радиоалоқа станцияларни совға қилди. Бу ҳақда “Sputnik” Қирғизистон хабар қилди.

 Техникани тақдим этиш тантанали маросими Қантдаги Қирғизистон Қуролли кучлари ҳаво мудофаа кучларининг авиация-техника ҳудудида ўтказилди.

 Маросимда Қирғизистон Қуролли кучлари қўмондонлик штаби бошлиғи муовини Нурлан Чомоев ва Россия мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин нутқ сўзлади.

 П-18 радиоалоқа станцияси — ҳаво объектларини аниқлайди ва кузатади, уларнинг координаталарини ўлчаб, қайси давлатга тегишлигини аниқлайди.

 Кўпнишонли МИ-8МТ вертолёти зарба бериш, душман отиш жойларини яксон қилиш учун мўлжалланган. Қуруқликдаги қўшинлар, ўқ-дорилар, қурол-яроғларни, юкларни ва дори-дармонларни ташиш, ярадорларни эвакуация қилишда фойдаланиш мумкин.

 Изоҳ: Россия Қирғизистонни Евросиё иқтисодий иттифоқига олиб кириш арафасида қирғиз қуролли кучларига ҳарбий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олган эди. Жорий йил бошида Россия ушбу келишув доирасида Қирғизистонга чегарани қўриқлаш ва назорат-ўтказиш пунктларини жиҳозлаш учун 123та ҳарбий автомобил ва инженерлик техникасини етказиб берган эди. Ёрдамни топшириш маросими Бишкекдаги Ала-Тоо майдонида 2019-йил 15-январ куни бўлиб ўтган, унда президент Сооронбай Жээнбеков ва ҳукумат аъзолари қатнашганди. Кейинчалик, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган видеоларда Россия “ёрдами” бўлган ҳарбий автомобиллар “УАЗ”ларни ҳақиқий аҳволи кўрсатилиб, улар фақат ташқи кўринишидан автомобил ҳолатида эканлиги, ҳатто салонлари жиҳозланмагани маълум бўлган эди.

 Маълумки, СССРдан Россияга мерос бўлиб қолган улкан ҳарбий техникалар аллақачон ўз муддатини ўтиб бўлган. Бу техникалар заҳира қуроллари номи билан яроқсиз аҳволда улкан ҳарбий мозорларда сақлаб турилади. Россия ўзи учун кераксиз ва яроқсиз бўлган эски техникаларини Қирғизистонга олиб кириб келяпти. Бу билан у бир вақтда икки манфаатни қўлга киритади. Биринчидан, хизмат муддатини ўтаб бўлган ва замонавий талабларга жавоб бермай қолган эски ҳарбий техниклардан қутулади. Иккинчидан, эски техникаларини ва ҳозирда эҳтиёжи бўлмаган заҳира анжомларини Қирғизистонга ўтказиш орқали ўзига бўлган ҳарбий қарамлигини янада кучайтириб олади. Бундан ташқари, бу қуроллар “террорист” номидаги сунъий душмонларга, чегара можараларига, ёки ҳалқ қўзғоланларига қарши ишлашдан бошқасига ярамайди.

 Абдураҳмон Одилов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here