Лукашенко: Бизга бундай иттифоқнинг нима кераги бор?

128
0

Лукашенко: Бизга бундай иттифоқнинг нима кераги бор?

 17 ноябрда Беларусда парламент сайловлари бўлиб ўтди. Мамлакат президенти Александр Лукашенко сайлов участкасида овоз бергач, Россия билан бирлашиш истиқболларига баҳо берди.

 Лукашенко Россия билан ҳар йиллик савдо дефицити 9 млрд долларни ташкил қилишини ва Беларус маҳсулотларининг Россия бозорларига қўйилмаслиги бу дефицитни камайтиришга ёрдам бермаслигини айтиб ўтди.

 “Сен бирор бирлашмага кираётганингда, бундан ҳар ой ва йил тобора яхшироқ бўлишини кутасан. Бизда-чи, нима содир бўлмоқда? Бизга ҳар йил янги шартлар қўйилмоқда. Натижада биз иқтисодиётда нимадир йўқотганимиз-йўқотган”, — деди давлат раҳбари.

 “Бизга бундай иттифоқнинг нима кераги бор? Мен сизларга оддий, деҳқончасига айтмоқдаман!”, — деб қўшимча қилди Лукашенко.

 Лукашенко Беларус Россиядан ҳеч нарса сўрамаслиги, бироқ хўжалик субъектлари учун тенг шароитларни талаб қилаётганини айтган. 

 Изоҳ: “Яхши нарса рекламага муҳтож эмас” деган гап бор. Агар ЕОИИ соф иқтисодий иттифоқ бўлиб, унинг ортида бирор давлат (Россия)нинг сиёсий манфаатлари бўлмай, ташкилотда барча тенг ҳуқуқли ва ҳар бир давлат ташкилотга аъзоликдан бирдек манфаатдор бўлганида – ташкилот имкониятларини мақтаб кўрсатиш, аъзо бўлишга мажбурлаш учун босим ўтказишга ҳожат қолмас эди.

 Ўз вақтида Россия босими остида Қирғизистонни ЕОИИга олиб кирган Атамбаев орадан икки йил ўтмай бу ташкилотдан умид қилиб бўлмаслигини айтган эди.

“Қирғизистон-Қозоғистон чегарасидаги охирги воқеалар биз ЕОИИдан жуда кўп нарсани умид қилиб юборганимизни кўрсатди… Лекин агар бу фақат бир кишининг, ҳаттоки у буюк бўлганида ҳам унинггина хоҳишига боғлиқ бўладиган бўлса, унда иттифоқ ишончли бўлмайди”,- деган эди Атамбаев.

 Аммо бу ташкилотдан фақат Россия манфаат кўрмоқда. 2019 йилнинг январ-феврал ойлари мобайнида эълон қилинган ҳисоботда иттифоққа аъзо мамлакатлардан фақат Россиянинг савдо баланси ижобий бўлган. Россия ҳисобот даврида 11.2 млрд. долларлик ижобий сальдо кўрсатган. Бунда экспорт ҳажми 24.4 млрд. доллар бўлса, импорт 13.2 млрд. долларни ташкил қилган.

 Айни шу вақт давомида Қозоғистон ЕОИИнинг бошқа аъзоларига 4 млрд. долларлик маҳсулот экспорт қилган, улардан эса деярли 9.3 млрд. долларлик товар ва хизматлар импорт қилган. Ташқи савдо манфий сальдоси 5.3 млрд. долларга тенг бўлган. Қирғизистонники эса — 925 млн. доллар (экспорт — 391,6 млн. доллар, импорт — 1.3 млрд. доллар), Арманистон — 513.6 млн. доллар (экспорт — 465.4 млн. доллар, импорт — 979 млн. доллар).

 Маълумки, Россия Ўзбекистонни ҳам ташкилотга олиб кириш мақсадида унга босим ўтказишни бошлаб юборди. Ҳозирча Қирғизистон ҳукумати орқали Ўзбекистондан келаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларига чеклов кирита бошлаган бўлса, эртага ўзбек ҳукуматининг энг оғриқли нуқтаси Россиядаги миллионлаган меҳнат муҳожирлари орқали босим ўтказишни бошлайди.

 Абдураҳмон Одилов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here