АҚШнинг энг хавфли рақиб давлатлари маълум қилинди

147
0

АҚШнинг энг хавфли рақиб давлатлари маълум қилинди

 “Россия ва Хитой АҚШ хавфсизлигига энг жиддий таҳдиддир”, дея маълум қилди Пентагон раҳбари Марк Эспер ташкилотнинг расмий сайтида.

 “АҚШ миллий мудофаа стратегияси буюк давлатлар ўртасидаги рақобатни қайтаришга асосланади”, деди у. Эспернинг таъкидлашича, ҳарбий салоҳиятнинг ошиши туфайли Хитой Россия билан таққосланганда жиддийроқ хавф туғдиради.

 Июл ойида Пентагон разведка бошқармаси бошлиғи генерал-лейтенант Роберт Эшли Москва Вашингтонга ва Пекинга узоқ муддатга таҳдид солишини айтганди.

 Эшлининг таъкидлашича, Россияга бу тариф жуда мос келади.  АҚШ учун “экзистенциал таҳдид” бу “бир неча минг ядро қуроли”га эга Россиядир. “Хитой эса иқтисодий жиҳатдан етакчи рақобатчи ҳисобланади. Бу ҳали узоқ муддат давом этади”.

 Изоҳ: Бугунги кунда АҚШ олдида турган асосий муаммо Хитойнинг юксалиб келаётгани эканлиги маълум. Сўнгги йилларда Хитой бир гигант иқтисодни барпо қилишга эришди. Бундай иқтисод АҚШнинг оламдаги иқтисодий якка хўжайинлигига таҳдид солишга ҳақиқий имконият яратади. Бундан ташқари Хитойнинг ҳарбий сарф-харажатлари ҳам тезлик билан ўсиб бормоқда. Бу сарф-харажатлар Россия, Британия ва Франция каби давлатлар сарф-харажатларини биргаликда олганда ҳам улардан анча ортиқ. Фақат шу эмас, балки Хитойнинг кўпгина ҳарбий программалари сирлилигича қолмоқда. Шунинг учун Хитой америкалик сиёсатчиларнинг кундалик ташвиши бўлиб қолди.

 Шу сабабли ҳам АҚШ президенти Дональд Трамп ўтган 2018-йилдан бошлаб разведка амалиётлари, жумладан, Россия ва Хитойга қарши қаратилган жосуслик фаолиятини молиялаштириш ҳажмини кескин оширди. 2018- йил давомида АҚШ фуқаролик ва ҳарбий разведка амалиётларига 81,5 миллиард доллар сарфлади. Бу бир йил аввалги кўрсаткичга нисбатан 11,6%га кўп. Улардан 59,4 миллиарди МРБ, МХА ва ФҚБ бўлинмаларини қамраб олувчи Миллий разведка дастурига ажратилган. Ўтган йилги рақамлар билан солиштирганда, бюджет 5 миллиард долларга кўпайди.

 Хитойдан фарқли равишда – гарчи АҚШ Россияни ҳам таҳдид сифатида баҳолаётган бўлсада –  АҚШ учун Россия хавф туғдира олмаслиги аниқ. Россия  ўз ҳарбий саноатининг катта қисмини сақлаб қолган бўлсада, иқтисоди хом-ашё экспортига асосланган давлат бўлиб қолди. У оламий етакчиликка даъвогар давлатлар сафидан суриб чиқарилиб, ҳатто мустақиллик мақомини бой бериш арафасида турибди. АҚШ Хитой ва Россияни ёнма-ён қўйиб, уларни ўзи учун рақиб давлат сифатида кўрсатаётган бўлса ҳам, имкон пайдо бўлиши билан улардан бирини иккинчисига қарши қўйиб, ўз манфаатлари йўлида ишлатишда фойдаланишга ҳаракат қилади.

 Абдураҳмон Одилов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here