Ўзбекистон билан Хитой ўртасида авиақатновлар сони ошади

162
0

Ўзбекистон билан Хитой ўртасида авиақатновлар сони ошади

 Ўзбекистон билан Хитой мулозимлари ўзаро авиақатновларни ҳафтасига 15 тагача оширишга келишиб олдилар.

 Бу борадаги музокаралар, Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, Пекинга сафар қилган вазирлик делегацияси ҳамда Хитой фуқаро авиацияси бош бошқармаси мулозимлари ўртасида ўтган ҳафта ўтказилган.

 Музокаралар якунига кўра, эндиликда авиақатновлар амалга оширилаётган Пекин, Урумчи, Шанхай, Гуанчжоу, Тяньзинь шаҳарларига Хитойнинг Сиань, Санья, Иу ва Чэнду шаҳарларини қўшиш, авиаширкатлар қатновларини Пекин шаҳридаги янги “Дасин” халқаро аэропортига ўтказиш бўйича ташкилий-техник масалаларни ишлаб чиқишни бошлаш юзасидан келишувга эришилган.

 Изоҳ: Маълумки, Хитой Ўзбекистоннинг йирик инвесторларидан ҳисобланади. Ҳозиргача Хитой Ўзбекистонга 7 миллиард 800 миллион доллар инвестиция  йўналтирган. Хитой Ўзбекистонга инвестиция ётқизиш билан бир қаторда, қарз бериш орқали уни ўзига тобора қарам қилиб бормоқда. Расмий ҳисоботларга кўра, 2015 йилнинг январидан 2019 йилнинг январигача Ўзбекистоннинг Хитой олдидаги қарзи аста-секин 1,055 млрд. доллардан 1,964 млрд. долларгача ўсган. 2020 йилга бориб, Хитойдан қарзи 3,006 млрд. долларга етади.

 Мирзиёев ҳукумати Хитойдан инвесторлар ва сайёҳларни жалб қилиш илинжида Ўзбекистон эшикларни ханлар учун очиб бермоқда. Мирзиёев имзолаган ҳужжатга мувофиқ, 2020 йил 1 январдан бошлаб Хитой, шу жумладан ХХРнинг Гонконг махсус маъмурий ҳудуди фуқаролари учун мамлакатимиз халқаро аэропортлари орқали 7 кундан кўп бўлмаган муддатга Ўзбекистонга визасиз кириш тартиби белгиланди.

 Хитойнинг мустамлака қилиш услуби асоратларини бугунги кунда Шарқий Туркистондаги мусулмонлар ўз бошидан ўтказишмоқда. Хитой давлати мустамлака қилмоқчи бўлган мамлакатга инвестиция олиб кириш ва улкан қарз бериш орқали уни тўлаб бўлмайдиган қарздор қилиб олишга ҳаракат қилади. Сиёсий вазиятлар ҳамда қарздор давлатнинг муаммолари ва иқтисодий инқироз ҳолатларидан фойдаланиб, ўзи учун манфаатли бўлган битимларни имзолатиб олади. Нефт қувурлари ва темир йўли ётқизиб олиш каби ўта муҳим аҳамиятга эга лоиҳаларни амалга ошириб олиш билан у мамлакатни стратегик томондан ўзига боғлаб олади. Ана ундан кейин Хитой давлати ҳам, унинг инвестор қиёфасидаги сармоядорлар ҳам ҳақиқий башараларини оча бошлашади.

  Қирғизистонга ҳам инвестор кўринишида кириб келган ханлар, бу ерда ўрнашиб, ўз манфаатларига мос қонунларни қабул қилдириб олгач, маҳаллий қирғиз ишчиларни тахқирлаш, калтаклашгача бориб етишди. 2018 йил июл ойида Қирғизистоннинг Чуй вилояти Сокулук туманида жойлашган ОсОО “Тянь — Шань Керамик” заводининг Хитой фуқароси бўлган бош директори маст ҳолатда қўл остидаги қирғиз ишчини қирғизистонлик ишчилар бригадаси кўз ўнгида ҳақорат қилиб, калтаклаган бўлса, кейинчалик хитойлик яна бир инвестор ўз корхонасидаги маҳаллий қирғиз ишчиларини тушлик вақтида овқатни тик туриб ейишга мажбурлаб, уларга қарши куч ишлатди. Бишкекдаги ресторанлардан бирида хитой фуқароси ўзини ножўя тутгани сабабли танбеҳ берган қирғиз аёлларини ҳақорат қилиб, “мен депутатга қўнғироқ қиламан” дея таҳдид қилишгача бориб етди… Ўзбек ҳукумати ҳам оқибатини ўйламай олаётган қарзлар, Хитойдан жалб қилаётган инвестиция ва инвесторлар оқибатини яқин келажакда кўради, аммо унда кеч бўлади.

 Абдураҳмон Одилов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here