Ўзбекистон устида нуфуз талашиш давом этмоқда

681
0

Ўзбекистон устида нуфуз талашиш давом этмоқда

 АҚШ савдо вазирининг Ўзбекистон ҳақида баёноти рақобатбардош бўлмаган кураш усулларидан фойдаланиш деб қаралиши мумкин, деб таъкидлади Россия бош вазири Дмитрий Медведев Евроосиё ҳукуматлараро кенгаш йиғилишида. Бу ҳақда РИА “Новости” хабар қилмоқда.

 Чоршанба куни Вашингтонда бўлиб ўтган ўзбек-америка бизнес-форуми доирасида АҚШ савдо вазири Уилбур Росс Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшиб олиниши мамлакатнинг Бутунжаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши жараёнини сезиларли қийинлаштириши мумкинлиги ҳақида баёнот қилди.

 “Бугун АҚШдан … вазирлардан бири…  Ўзбекистон Евроосиё иттифоқи билан ҳамкорлик қилса, Ўзбекистонга ЖТСга киришини қийинлаштиради деб айтди. Бу ерда нима дейиш мумкин? Бу, шубҳасиз, рақобатбардош бўлмаган кураш усулларини қўллашдир ва дунё савдосини ташкил қилишда чалкашликларни келтириб чиқарадиган, савдо урушларини олиб борадиган ва халқаро савдони тартибсизлантирадиган Америка маъмуриятининг бу баёнотларини эшитиш ғалати”, – деди Медведев.

 Унинг тахминига кўра, эҳтимол “океан ортидаги ҳамкасблар”га Россия ўз қитъаси ҳудудида интеграция жараёнлари ва имзолаётган келишувлар ёқмаяпти. Бироқ, Медведевнинг сўзларига кўра, шубҳасиз барча йўналишларда иш давом эттирилади.

 Бундан олдин Ўзбекистонга ташриф буюриган Россия Федерацияси Федерациялар кенгаши раиси Валентина Матвиенко Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида маълум қилганди.

 “Ўзбекистон президенти бир қарорга келган ва Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий кенгашига қўшилиши масаласи кўриб чиқилмоқда”, – деган эди Матвиенко Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов билан учрашув чоғида.

Ўзбекистон Марказий Осиёда икки мустамлакачи давлат Америка ва Россиянинг геосиёсий нуфуз талашиш марказига айланиб бормоқда. Мирзиёев зиммасида Каримовдан мерос бўлиб қолган абгор иқтисодни оёққа қўйиш ҳамда бўшаб қолган давлат ғазнасини тўлдириш вазифаси турипти. Шу сабабли ҳам Мирзиёев ўзини дунё ҳамжамиятига демократик ислоҳотчи сифатида кўрсатиб, ғарб давлатлари ажратадиган молиявий ёрдамларни олишга ҳаракат қилмоқда.

 Ўзбекистон учун АҚШнинг сиёсий қўллови ва молиявий ёрдамлари жуда муҳим. Шунинг учун у АҚШ ёрдам берамиз, сармоя киритамиз, ҳарбий ёрдам кўламини оширамиз деган ваъдалари олдида туриб бериши қийин. Аммо Россияни ҳам рози қилмасдан иложи йўқ. Чунки, Россия Ўзбекистон қишлоқ хўжалик махсулотларининг асосий харидори. Бундан ташқари, Россиянинг минтақадаги ҳарбий таъсири ва иштироки кучли. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон ҳар иккисини рози қилиш йўлини излашга мажбур бўлади.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here