АҚШ Ўзбекистон таълим тизимига янгилик олиб кирмоқда

717
0

АҚШ Ўзбекистон таълим тизимига янгилик олиб кирмоқда

 Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида таълим тизимидаги ҳамкорлик доирасида америкалик беш нафар мутахассис Ўзбекистонга келди. Улар Халқ таълими вазирлигидаги ҳамкасблари билан ҳамкорликда бошланғич синф ўқувчиларининг математика ва ўқиш бўйича кўникмаларини баҳолаш методикасини ишлаб чиқади.

 АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, икки мамлакат мутахассислари ҳамкорликда математика ва ўқиш бўйича саккиз тилда (ўзбек, рус, қорақалпоқ, қозоқ, тожик, қирғиз, туркман ва инглиз) саволномалар тузади. Улар асосида Ўзбекистон бўйлаб ўқувчилар умумий билимларни қай даражада ўзлаштираётгани тадқиқ этилади. Шу тариқа ўқув жараёнидаги камчиликлар ва заиф нуқталар аниқланиб, таълим стратегияси такомиллаштирилади.

 “Бу Ўзбекистонда олиб борилаётган биринчи халқаро тадқиқот бўлиб, у бошланғич синфларда ўқиш натижаларини аниқ баҳолашга имкон беради. Бу эса вазирликка таълим тизимини такомиллаштириш йўлида янги методология ишлаб чиқишда кўмаклашади”, – дейди Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

 Баҳолаш ва тадқиқот жараёнига “RTI International” ташкилоти ҳам жалб этилган. Мазкур ташкилот Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда EGRA ва EGMA тизимларини синовдан ўтказади. Мамлакат миқёсидаги тадқиқотлар 2020 йилда ташкил этилиши кўзда тутилган. Халқаро баҳолаш усуллари АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида жорий этилмоқда.

 Изоҳ: Мустамлакачи давлатлар ажратадиган қарз ёки грантлардан энг хатарлиси таълим соҳасини қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган маблағдир. Хатарли дейишмизнинг сабаби, бу давлатлар таълим соҳасига қарз ажратар экан, қарз олаётган давлатдан таълим дастурини қандай тузиш, ўсиб келаётган ёш авлодга қайси фандан қандай сабоқ бериш йўл-йўриқларини ҳам тузиб беради. Таълим тизимини назорат қилиш сақофий мустамлака қилишнинг энг қулай ва ишончили воситасидир.

 АҚШ томонидан олиб борилаётган ўқувчиларнинг билим даражасини баҳолаш тизими пухта ишлаб чиқилган ва келажакда ўз сақофати билан суғорилган кадрларни етиштириб чиқаришда замин тайёрлаш учун олиб бораётган ҳаракатлари жумласидандир. Бундан кўзлаган мақсади Ўзбекистонни Россиянинг сақофий мустамлакасидан чиқариб, ўзининг сақофий таъсири остига киритиб олиш. Табиийки, у ўз мақсадини амалга ошириш учун Ғарб сақофати билан суғорилган зиёлилар қатламини шакиллантириб олиши керак бўлади.

 Шу мақсадда АҚШ ҳукумати келгуси беш йил давомида Ўзбекистон таълим тизимини қўллаб-қувватлаш учун 50 миллион доллар маблағ ажратишга қарор қилди.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here