Қозоғистонда хитойлик ишчилар ва маҳаллий аҳоли ўртасида низо чиқди

661
0

Қозоғистонда хитойлик ишчилар ва маҳаллий аҳоли ўртасида низо чиқди

7 октябрь душанба куни Олмаота вилоятининг Оқсу туманида йўл-қурилиш ишлари вақтида Қозоғистон ва Хитой ишчилари ўртасида можаро юз берди, унда маҳаллий аҳоли вакилари ҳам қатнашди, дея хабар берди вилоят полиция департаменти.

 Муассаса матбуот хизматининг хабар қилишича, “муштлашувга айланиб кетган можаро” аввалига Хитойнинг тўрт нафар фуқароси иштирокида “ишлаб чиқариш муносабатлари асосида” келиб чиққан. Уларнинг ҳаммаси Citic Construction ташкилотининг ходимларидир.

 Эртаси куни бир гуруҳ маҳаллий аҳоли вакиллари ва Citic Constructionнинг Қозоғистон фуқаролари бўлмиш ишчиларидан иборат гуруҳ “можаронинг аҳамиятини тушуниб етмаган” ва “бундан баҳона топган ҳолда” хитойлик ишчиларни калтаклаган, дея хабар беради полиция департаменти.

 Можаро оқибатида Хитойнинг тўрт фуқароси тан жароҳатлари олгани боис шифохонага ётқизилди, полиция безорилик ва атайлаб саломатиликка зиён етказиш факти бўйича судга қадар тергов олиб бормоқда. Полициянинг хабар беришича гумондорларнинг шахси аниқланиб, қўлга олинган.

 Citic Construction компаниясида ўтказилган текшириш вақтида миграция қонунларини бузган 33 нафар хорижлик ишчи аниқланди. Хозир уларни мамлакатдан чиқариб юбориш масаласи муҳокама қилинмоқда.

 Изоҳ: Хитой Шарқий Туркистонни босиб олишда қўллаган услубини бугунги кунга келиб Марказий Осиё давлатлари устида ҳам амалга ошира бошлади. Хитой давлати дастлаб Шарқий Туркистонга “қашшоқликни тугатиш” баҳонаси билан хитойлик ханларини кўчириш сиёсатини олиб борган эди. Дастлаб беозор ва мехнаткаш кўринган ханлар вақт ўтиши билан уйғур мусулмонларини ўз ерларидан сиқиб чиқара бошлашган эди. Худди шу каби Хитой мустамлака қилмоқчи бўлган мамлакатга аввалида ўз ишчи ва савдогарларини киритади. Улар узоқ йиллар сабр ва ўта итоаткорлик билан хизмат қилиб, бу заиф давлатнинг ва халқнинг ишончини қозониб олишга интилишади. Шу билан бир вақтда Хитой ушбу мамлакатга инвестиция олиб кириш ва улкан қарз бериш билан, уни тўлаб бўлмайдиган қарздор қилиб олишга ҳаракат қилади. Хитой ўзига иқтисодий жиҳатдан қарам қилиб олган давлатлар раҳбарияти қарздан қутулиш ёки бирор енгиллик олиш умидида унинг ҳар қандай шартларини бажаришга тайёр бўлганидан сўнг Хитой давлати ҳам, унинг ўта итоаткор бўлиб кўринган хитой ишчи ва ишбилармонлари ҳам ҳақиқий башараларини оча бошлашади.

 Қирғизистонга ҳам инвестор кўринишида кириб келаётган хитой фуқаролари аста-секин ўз башараларини оча бошлашди. 2018 йил июл ойида Қирғизистоннинг Чуй вилояти Сокулук туманида жойлашган ОсОО “Тянь — Шань Керамик” заводининг Хитой фуқароси бўлган бош директори маст ҳолатда қўл остидаги қирғиз ишчини қирғизистонлик ишчилар бригадаси кўз ўнгида ҳақорат қилиб калтаклаган эди. Аммо хитойлик инвесторга қарши ҳеч қандай чора кўрилмади.

 Кейинчалик хитойлик яна бир инвестор ўз корхонасидаги маҳаллий қирғиз ишчиларини тушлик вақтида овқатни тик туриб ейишга мажбурлаб, уларга қарши куч ишлатди. Бишкекдаги ресторанлардан бирида хитой фуқароси ўзини ножўя тутгани сабабли танбеҳ берган қирғиз аёлларини ҳақорат қилиб, “мен депутатга қўнғироқ қиламан” дея таҳдид қилишгача бориб етди… Қозоғистон ва Қирғизистон ҳукуматлари эса ўз халқи манфаатларини ҳимоя қилиш ўрнига Хитой билан алоқаларни янада кучайтиришга ҳаракат қилмоқда.

 Абдураҳмон Одилов.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here