Қирғизистон тоза сув лойиҳаси учун Саудия тараққиёт фондидан 30 миллион доллар кредит олади

614
0

Қирғизистон тоза сув лойиҳаси учун Саудия тараққиёт фондидан 30 миллион доллар кредит олади

 Молия вазирлигида Қирғизистон ва Саудия тараққиёт фонди ўртасида 30 миллион доллар миқдоридаги кредит битимини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Ҳужжатни қирғиз томонидан молия вазири Бактигул Жээнбаева, Саудия тараққиёт фонди томонидан делегация раҳбари Юсуф бин Иброхим Ал-Бассал имзолади.

 Хабарга кўра, бу маблағ Боткен ва Талас вилоятларидаги 61 қишлоқни сув билан таъминлаш ва санитария лойиҳаларини такомиллаштиришга сарфланади. Кредит муддати 25 йил, бундан 5 йили имтиёзли давр ҳисобланади.

 Лойиҳанинг умумий қиймати 60 миллион долларга баҳоланмоқда. Яна 20 миллион доллар Ислом тараққиёт банкидан кредитга олинади, 10 миллион долларни қирғиз ҳукумати ажратади.

 Изоҳ: Ўрта Осиёдаги чучук сув заҳираларининг 40 фоизга яқини Қирғизистон ҳудудида жамланган бўлишига қарамай оддий халқ, айниқса, қишлоқларда яшайдиган аҳоли узоқ йиллардан бери ичимлик сув муаммосидан қийнаб келади. Ҳукумат одамларни ичимлик суви билан таъминлаш муаммосини қарз устига қарз олиш билан хал этмоқчи, аммо олинаётган қарзлар ўз ўрнига сарфланмай, мамлакат қарз ботқоғига ботиб бормоқда. Ўтган йилнинг бошида Қирғизистон ҳукумати ва Европа Иттифоқи ўртасида “чекка ҳудудлардаги оилаларни қўллаб-қувватлаш ва ичимлик суви билан таъминлаш” дастури асосида 72 миллион евролик грант ажратиш бўйича шартнома имзоланган эди.

 Жорий йилнинг 23-май куни бўлиб ўтган “Минтақалар учун тоза сув” форумида иштирок этган Сооронбай Жээнбеков сўзлаган нутқида “Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа Иттифоқи ва Швейцария Конфедерацияси кўмагидаги “Таза суу” лойиҳаси доирасида республиканинг йигирмага яқин шаҳрида 11,2 миллиард сомлик йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани”ни айтиб ўтганди.

 Ҳукумат аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун қарз олмоқда, аммо шу билан бир қаторда халқ манфаатларига зиён бўлган битимлар тузиш орқали чучук сув заҳира манбаи бўлган музликларга қирон келтирмоқда. “Қумтор” олтин конини қазиш ишлари давомида Давидов ва Лысый музликлари тез суратда эриб, йўқ бўлиб кетмоқда. Ҳукумат томонидан яқинда “Қумтор”га қайтариб берилган 16 минг гектар ерда узинлиги 14 километрдан ошиқ энг йирик Петров музликлари бор.

 Бундан ташқари, ҳукумат Хитой компаниялари билан конларни ўзлаштириш бўйича имзолаган шартномалар асосида хитойлик компаниялар турли қазиш ишларини олиб бориб, турли хил кимёвий моддалар қўллаш орқали фойдаланган сувларни Норин дарёси каби дарёларга оқизяпти. Бунинг натижасида бу сувлар ҳатто хайвонлар истеъмоли учун ҳам хавфли ҳолга келмоқда. Ҳолбуки бу сувлар бутун минтақа аҳолиси учун асосий истеъмол қилинадиган тоза сувлар эди.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here