Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорликда ҳарбий машғулотлар ўтказади

737
0

Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорликда ҳарбий машғулотлар ўтказади

Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари сентябрнинг 2-ўн кунлигида Наманган вилоятидаги “Ғурумсарой” полигонида биргаликда ҳарбий машғулотлар ўтказадилар.

“Ховар” ахборот агентлигига Тожикистон мудофаа вазири матбуот хизмати бошлиғи Ориф Нозимиённинг хабар беришича, машғулотлар “Марказ-2019” стратегик қўмондонлик-штаб машғулотлари доирасида бўлиб ўтади. Икки давлат ҳарбийлари минтақада хавфсизликни таъминлаш бўйича вазифаларини бажаришади.    

Машғулотлар давомида қўшинларнинг халқаро террорчиликка қарши курашдаги ўзаро ҳаракатланиши ҳамда разведка-қидирув ва мудофаа ҳаракатларини олиб бориш малакалари машқ қилинади.

Августда икки давлат ҳарбийлари тоғли ҳудуд шароитида аксилтерррорчилик машғулотлари ўтказишганди. Машғулотлар Тожикистон ва Фарғона водийси ҳудудларида бўлиб ўтган.

 Изоҳ: Маълумки, сўнгги вақтларда Россия раҳбарияти, хусусан, ҳарбий амалдорлар ва ҳарбий экспертлар томонидан Афғонистон ваҳимасини бўрттириб кўрсатиш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Улар гоҳ Туркманистон чегарасида бир неча минг кишилик жангарилар тўплангани ҳақида маълум қилишса, гоҳ Тожикистон чегараси атрофида вазият нотинч эканлигига урғу беришяпти.

 Шу каби баҳоналар билан жорий йил бошида Россия мудофаа вазирлиги Тожикистон ва Қирғизистондаги ҳарбий базаларининг жанговар тайёргарлигини оширишини маълум қилганди.

 2019-йилнинг апрел ойида Бишкекда бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари йиғилишида иштирок этган Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу, “Бу мақсадларда Тожикистон ва Қирғизистондаги Россия ҳарбий базаларининг жанговар тайёргарлигини оширамиз, уларнинг кризис ҳолатларига шайлик салоҳиятини мустаҳкамлаймиз”,- деди.

 Шунингдек, у Марказий Осиёдаги жанговар хавфсизликни таъминлашга қаратилган “Марказ-2019” ўқув машқлари ўтказилиши режалаштирилганини, машқларга ШҲТ давлатларининг барча ҳарбий контингентлари таклиф этилишини маълум қилган эди.

 Россиянинг собиқ мустамлакаларига сиёсий ва иқтисодий таъсир кўрсатишлари заифлашиб кетган. Сақофий таъсири ҳам тобора заифлашиб бормоқда. Шунинг учун ҳам рус раҳбарияти Афғонистон ваҳимасини бўрттириб кўрсатиш орқали, бу минтақани гўёки “Толибон” ва “ИШИД”дан ҳимоя қилмоқчи бўлиб, Марказий Осиёда ҳарбий таъсири ва иштирокни кучайтиришга эътибор қаратмоқда. Унинг ҳарбий қувватига суянишдан бошқа таъсир ўтказиш йўли деярли йўқолиб боряпти.

Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here