Жээнбеков меҳнат муҳожирлари учун Путинга миннатдорчилик билдирди

539
0

Жээнбеков меҳнат муҳожирлари учун Путинга миннатдорчилик билдирди

 2-августда Бишкекдаги “Ала-Арча” давлат қароргоҳида чет элдаги ватандошлар билан алоқалар бўйича кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Россия, Қозоғистон, Қатар, Жанубий Корея, АҚШ, Украина ва Бирлашган Араб Амирликларидан келган қирғизистонликлар қатнашди.

 Йиғилишда иштирок этган президент Сооронбай Жээнбеков ўз сўзида Россиядаги қирғиз меҳнат муҳожирларининг ҳолатлари анча яхшиланди, деб ҳисоблашини айтди. Шу муносабат билан у Россия президентига раҳмат айтиб, икки мамлакат ўртасида ишончли сиёсий мулоқот мавжуд эканлигини таъкидлаб ўтди.

 “Вақтдан фойдаланиб, Россиядаги ватандошларимизга кўрсатган шахсий қўллаб-қувватлаши учун Владимир Владимировичга яна бир бор миннатдорчилик билдираман. Сўнги йилларда Россия билан ҳамкорлигимизнинг барча соҳаларида фаол динамикаси кузатилмоқда. Яқин ва ишончли сиёсий мулоқот шаклланиб, йилдан йилга мустаҳкамланиб бормоқда”, – деди Жээнбеков.

 ПрезидентЖээнбеков Путиннинг шахсий қўллови остида Россиядаги қирғизистонликларга миграция енгиллиги ва “қора рўйхатдан” чиқиш имконияти берилганини айтди. Шунингдек Қирғизистоннинг хайдовчилик гувоҳномаси билан Россияда ишлаш имконияти пайдо бўлганини қўшимча қилди.

 Қирғизистонинг РФдаги элчиси Аликбек Жекшенкуловнинг айтишича, Россияда қирғизистонлик 1 миллион 200 минг меҳнат муҳожири ишламоқда, улардан 500 мингги Россия фуқаролигини олган.

 Изоҳ: Қирғизистон Миллий банкининг хабарига кўра, 2019 йилнинг дастлабки икки ойида меҳнат муҳожирлари Қирғизистонга 344,6 миллион АҚШ доллари юборишган. 2018 йилда хориждаги қирғизистонликлар ўз ватанларига 2,7 миллиард АҚШ долларига яқин маблағ жўнатганлар.

 Бу рақамларнинг Қирғизистон иқтисодиётидаги улуши сезиларлидир. Марказий Осиёдаги бу мамлакат аҳолиси 6,4 миллион кишини ташкил қилади. 2018 йилда ЯИМ ҳажми 8 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган.

 Юқоридаги элчининг сўзларидан маълум бўлганидек, меҳнат муҳожирларининг катта қисми Россияда ишлашмоқда. Ўз навбатида Россия меҳнат муҳожирлари масаласини Қирғизистонга босим ўтказиш қуроли қилиб олди. Агар қирғиз ҳукумати Россия талабларини бажаришни пайсалга сола бошласа меҳнат муҳожирларига нисбатан босим кучаяди. Атамбаев президентлиги даврида Қамбарота ГЭСини қўриш бўйича Россия билан эришилган келишув бекор қилиниши ортидан Қирғизистон хайдовчилик гувоҳномаси билан Россияда таксичилик қилишни тақиқлаш масаласи кўтарилган эди. Ундан аввал Қирғизистонни ЕОИИга олиб киришда ҳам рус ҳукумати меҳнат муҳожирлари муаммосидан фойдаланганди.

 Қирғизистоннинг меҳнат муҳожирлари масаласида Россияга бу қадар боғланиб қолиши жиддий иқтисодий инқироз ҳолатига тушиб қолишига олиб келади. Чунки, ғарб давлатлари санкциялари сабабли Россия иқтисодий инқирозга дуч келмоқда. Россия қуласа Қирғизистон ҳам у билан бирга иқтисодий бўҳронга учраши мумкин. Бундан ташқари, давлат раҳбари Путиннинг ғазабига дуч келмаслик учун доимо унинг “соясига салом бериб”, миннатдорчилик билдириб туришга мажбур бўлади.

Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here