Жээнбеков: Россия Қирғизистоннинг яқин иттифоқчиси ва стратегик ҳамкоридир

695
0

Жээнбеков: Россия Қирғизистоннинг яқин иттифоқчиси ва стратегик ҳамкоридир

 Қирғизистон Россия билан ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашни мақсад қилган, деди Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков Чўлпон-Отада Қирғизистон-Россия ёшлар етакчилари форуми иштирокчилари билан учрашувда.

 “Бизни Россия билан тарихий дўстлик, иттифоқчилик ва ўзаро ҳурматга асосланган ишончли муносабатлар боғлаб туради. Мен кўп бор таъкидлаганман, яна бир бор айтаман, Россия бизнинг яқин, ишончли иттифоқчимиз ва стратегик ҳамкоримиз. Биз Россия билан биргаликда олдинга ҳаракат қилиш, ўзаро муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашни мақсад қилганмиз”, – деди Жээнбеков.

 Жээнбеков шу йилнинг мартида Россия президенти Владимир Путиннинг Бишкекка ташрифи давомида ҳамкорликнинг кўплаб масалалари муҳокама қилинганини айтди.

 Икки давлат ёшлар етакчиларининг форуми 25 июлда бошланди ва 30 июлгача давом этади. 

  Изоҳ: Жээнбеков президентликка сайланганидан сўнг илк расмий ташрифини Россиядан бошлаган эди. Кремлда Путин билан бўлиб ўтган учрашувда Жээнбеков:

 “Шундай бўлиши ҳам керак. Биринчи ташриф айнан Россияга амалга оширилиши керак эди. Мен ўз томонимдан стратегик шериклик мустаҳкамланиши учун максимум саъй-ҳаракатни амалга ошираман… Эришган ютуқларимиздаги Россиянинг роли ва ўрни эътибордан четда қолиши ҳеч қачон мумкин эмас. Халқ сизнинг ёрдамингиз ва қўллаб-қувватловингизни юқори баҳолайди. Бизнинг энг муҳим ҳамкорлик йўналишимиз Россияга қаратилган ва биз бу йўналишда қатъий ишлаймиз”, – дея таъкидлаб ўтган эди.

 Маълумки, бирор давлатда сайланган президент биринчи амалга оширадиган ташрифига қараб ҳам, бу мамлакатда қайси давлатнинг нуфузи устин эканлиги ва танланган йўналишини билиб олиш мумкин. Россия аввалдан Қирғизистонни ўзининг ҳом-ашёвий базаси сифатида кўриб келган. Қирғизистон ҳарбий жиҳатдан тўлалигича Россияга қарам. Сиёсий томондан билвосита бошқариб келинган. Акаевдан тортиб Жээнбековгача бўлган президентларни келиш ёки кетиши Россия томонидан хал этилган. Россия Қирғизистон сиёсатига билвосита таъсир ўтказиб келаётган бўлса, Жээнбеков ва Атамбаев келишмовчилиги ортидан бевосита аралаша бошлади. Сақофий тарафдан таъсири бир оз заифлаша бошлаган эди. Энди буни ҳам кучайтириб бошлади. Қирғизистон-Россия ёшлар етакчилари форумини ўтказилиши ҳам сақофий таъсирини кучайтириш йўлида ташланган қадамлардан биридир.

Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here