Россия ҳарбий базаси ҳудуди кенгайтирилади

881
0

Россия ҳарбий базаси ҳудуди кенгайтирилади

 Россия президенти Владимир Путиннинг 28 март куни Бишкекка қилган бир кунлик сафари давомида Кант шаҳридаги Россия ҳарбий базаси ҳудудини 60 гектарга кенгайтиришга оид протокол имзоланди. Бу ҳақда “Озодлик” радиоси ўзбек хизмати хабар қилди.

 Расман эълон қилинган протоколга кўра¸ Кант базаси учун тўланадиган йиллик ижара нархи 4.5 миллион доллардан 4.79 миллион долларга оширилган.

 Қирғизистон қуролли кучлари бош штаби раҳбари Раимберди Дуйшенбиев мухбирларга протоколга кўра Кант аэропортининг учиш йўлаклари ҳам модернизация қилинишини билдирди.

 Мазкур протокол кучга кириши учун иккала давлат томонидан ратификация қилиниши керак.

 Россия Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасида 2003 йили Кантда ўз ҳарбий базасини очган.

 Айни пайтда¸ Қирғизистонда Россиянинг бошқа ҳарбий муассасалари¸ хусусан¸ Иссиқкўлда ҳарбий-денгиз кучлари базаси¸ Мойлисуда сейсмология маркази ¸ қирғиз-қозоқ чегарасидаги Чалдибар шаҳарчасида эса¸ коммуникация маркази бор.

 2012 йили тўртала объект Россия қўшма ҳарбий базаси номи остига бирлаштирилган.

 Ўтган ой Бишкекка келган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров¸ Москва Қирғизистонда яна бир ҳарбий база очиш режасида эканини билдирган эди.

 Бишкек расмийлари Путин ташрифи давомида жами қиммати 12 миллиард АҚШ долларига тенг 65 та икки томонлама келишув имзоланишини билдирди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here