АҚШ конгрессменлари чегара бўйича келишувга эришди

177
0

АҚШ конгрессменлари чегара бўйича келишувга эришди

 АҚШ Конгресси вакиллари 11 феврал куни кечгача давом этган музокаралардан сўнг янги шатдаундан қутулиб қолиш йўлини топишди. Бу ҳақда республикачилар партияси сенатори Ричард Шелби маълум қилган.

Сенаторнинг айтишича, республикачи ва демократлар чегарани мустаҳкамлаш дастурини молиялаштиришни 30 сентябргача кечиктириш борасида келишувга эришган. Гап асосан Мексика чегарасида қуриладиган “Трамп девори” ҳақида кетмоқда.

 Конгрессменлар учрашувида айнан нимани муҳокама қилгани аниқ эмас ва тафсилотлар кейинроқ маълум қилиниши айтилган, бироқ катта эҳтимол билан рақобатчи партия вакиллари айнан Мексика чегарасидаги девор қурилишини молиялаштиришни кечроққа суришга келишишган. Бу орқали сиёсатчилар давлат ишчиларига хавф солаётган янги шатдаундан қочишга умид қилишган.

Бироқ келишувни ҳали Дональд Трамп ҳам тасдиқлаши керак бўлади. Президент яқинда тарафдорлари билан учрашувда Мексика билан чегарада қурилиши режалаштирган девор ҳақида сўз олиб, “Биз бу деворни албатта қурамиз” дея ишонч билан айтганди. Трамп сайловолди дастурида мамлакатга ноқонуний мигрантлар оқимини тўхтатишга алоҳида урғу берган ва мигрантларнинг асосий йўналиши ҳисобланган Мексика билан чегарада девор қурилмаса, ноқонуний муҳожирлар кириб келишини тўхтатиб бўлмаслигини айтганди. Сайловчиларга берган ваъдасини бажариши керак эканини таъкидлаётган Трамп кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлаётган бу деворни барибир қуришини кўп бора такрорлаган.

 22 декабр куни демократлар Мексика чегарасидаги деворни молиялаштиришни 2019 йилги давлат бюджетига киритишдан бош тортганликлари сабаб мамлакатда янги шатдаун эълон қилинди. Яъни, 9та вазирликнинг 800 минг ходими маошсиз қолишди. Улардан 380 минг нафари маош берилмайдиган таътилга чиқариб юборилган бўлса, қолганлар маошсиз ишлашга мажбур бўлишган. Агар конгрессменларнинг келишуви президент томонидан тасдиқланмаса, 16 февралдан АҚШда янги шатдаун бошланиши мумкин.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here