Макрон: Европанинг хавфсизлиги Вашингтоннинг қўлида бўлмаслиги керак

451
0

Макрон: Европанинг хавфсизлиги Вашингтоннинг қўлида бўлмаслиги керак

Франция президенти Эммануэл Макрон Европанинг хавфсизлиги фақат АҚШнинг қўлидалигини танқид қилди. Макроннинг таъкидлашича, Европа қитъасининг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уни Хитой, Россия ва ҳатто АҚШдан ҳам ҳимоя қилиш учун Европа ўз кучига таяниши зарур.

“Европанинг хавфсизлиги бугун фақат Америка Қўшма Штатлари томонидан кафолатланган бўлиши адолатдан эмас. Шунинг учун биз Европанинг имкониятларини кучайтиришимиз ва унинг ҳимоясини мустаҳкамлашимиз керак” деди Макрон.

Шунингдек Франция президенти “Европа 1” радио станция билан ўтказган суҳбатида Европа хавфсизлиги ҳақида сўз юритар экан, АҚШга боғлиқ бўлмаган мустақил Европа қўшинини ташкил қилиш зарурлигига урғу берди. Унга кўра, ташқи кучлардан мустақил армия ташкил этилмай туриб, европаликларнинг хавфсизлигини таъминлаб бўлмайди.

“Агар биз ҳақиқий Европа армиясини яратишга қарор қилмасак, асло европаликлар хавфсизлигини ҳимоя қилишга қодир бўла олмаймиз. Европа ҳатто Американинг ёрдамисиз ҳам, ўзини ўзи ёлғиз ҳимоя қиладиган қудратга эга бўлиши керак”, деди Макрон.

Бироқ Франция президентининг АҚШ, Хитой ва Россиядан ҳимояланиш учун Европа мустақил ўз армиясини шакллантириши борасидаги даъвати АҚШ президенти Доналд Трампни безовта қилди. Трамп ўзининг Twitter саҳифаси орқали Макронни танқид остига олди.

“Франция Президенти Макрон АҚШ, Хитой ва Россиядан ҳимоя қилиш учун Европа ўз армиясини шакллантириши кераклигини айтмоқда. Бу биз учун ҳақорат. Эҳтимол Европа аввало АҚШ тинимсиз қўллаб-қувватлаб келаётган НАТОга қарзини тўлаб қўйиши керакдир!” – деб ёзди Трамп ўзиниг Twitter саҳифасида.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here