“Толибон” Москвадаги учрашувда иштирок этадиган вакиллари рўйхатини эълон қилди

“Толибон” Москвадаги учрашувда иштирок этадиган вакиллари рўйхатини эълон қилди

 “Толибон” ҳаракати Афғонистон бўйича 9 ноябрда Москвада ўтадиган учрашувда иштирок этадиган делегатлари рўйхатини маълум қилди.

 Маълум қилинишича, делегация 5 кишидан иборат бўлади, улар: Ҳожи Муҳаммад Аббос Стоникзой, Мавлавий Салом Ҳанафий, Шайх-ул-Ҳадис Мавлавий Шаҳобиддин Диловор, Мавлавий Зиё-ур-Раҳмон Маданий ва Ҳожи Муҳаммад Суҳайл Шаҳин.

 “Толибон” учрашувда Россия таклифи билан иштирок этади.

 Таъкидланишича, “Толибон” учрашувда Афғонистондаги вазият бўйича ўзининг позициясини ойдинлаштириб олмоқчи ва мавжуд муаммоларнинг тинчлик йўли билан ҳал қилинишига умид қилмоқда. Бундан ташқари, толиблар Кобул делегацияси билан бирор-бир музокара ўтказиш ниятидамас.

 Аввалроқ маслаҳатлашувларга Афғонистон, Ўзбекистон, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ҳамда АҚШ вакиллари таклиф қилингани маълум қилинганди. “Толибон” сиёсий офиси делегацияси илк бор халқаро учрашувда иштирок этади.

 Ёпиқ форматдаги учрашув Москвадаги “Президент-отел”да ташқи ишлар вазирлари ва махсус вакиллар даражасида ўтади. Учрашув якунларига кўра бирор-бир ҳужжат имзолаш режалаштирилмаган.

 Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 9 ноябр куни толиблар иштирок этадиган Афғонистон бўйича Москва форматидаги мажлисда чиқиш қилади, деб хабар берди пайшанба куни Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова.

Дўстларингизга юборинг

Шарҳ қолдириш