Тожикистон парламенти биносини Хитой қуриб берадиган бўлди

Тожикистон парламенти биносини Хитой қуриб берадиган бўлди

Хитой Тожикистонда асосий инвесторлардан бири бўлиб қолмоқда. Хитой ҳукумати ўз бюджетидан узоқ муддатли кредитлар ажратиб, Тожикистонда маъмурлар биносини қуриб бериш каби, ривожланишга умуман алоқаси бўлмаган бир қанча бинолар қурди.

Тожикистон парламенти биносининг Хитой ҳукумати томонидан қайта тикланиши ҳам Пекиннинг ушбу “саховатпешалиги” жумласидандир. Тожикистон расмий органлари тарафидан берилган маълумотга кўра, Пойтахт Душанбенинг марказида қурила бошлаган янги парламент биноси учун Пекин ўз бюджетидан 1,5 миллиард юан ажратган.

Қурилишни бошлаш маросими 13 октябр куни Тожикистон республикаси президенти Имомали Раҳмон ва ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этиш учун Тожикистон пойтахтига келган Хитой халқ республикаси давлат кенгаши раиси Ли Кетсян иштирокида бўлиб ўтди.

Янги парламент мажмуаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг эски бинолари, Душанбе шаҳар ҳокимият биноси, Эрон элчихонаси биноси ва турли турар-жой бинолари ўрнида қурилади. Хуллас янги бино 6 гектар ер майдонини эгаллаши кўзда тутилган.

Бинонинг асосий блокларининг баландлиги тахминан 50 метрни ташкил этади. Парламент биносининг умумий майдони эса 42 минг 874 квадрат метрни ташкил қилади. Унда 1500 киши учун умумий йиғилиш хонаси, парламентнинг юқори ва қуйи палаталаридаги йиғилиш хонаси, тиббий марказ ва кутубхона мавжуд.

Янги парламент биноси 15 қаватли асосий бино ва ҳукуматнинг турли бўлинмалари учун иккита 13 қаватли бинолардан иборат бўлади.

Туркистон:

Ўрта Осиё давлатлари, жумладан Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон хорижий давлатлардан олаётган қарзларини фақат инфратузилмаларини яхшилаш учун олишади. Эътибор беринг, Қозоғистоннинг ташқи қарзи тақрибан 170 миллиард долларга етган. Шунга қарамай мамлакатда бирорта оғир саноатга алоқадор кўзга кўринарли ишлаб чиқариш корхонаси қурилгани йўқ. Қарзга олинган маблағларнинг деярли ҳаммаси инфратузилма учун, яъни ободончилик ишлари учун сарфланди. Ҳокимият томонидан бўладими ёки шахсий сектор томониданми, фарқи йўқ. Ҳар икки томон ҳам бу харажатларни унумли соҳаларга сарф қилмади.

Қирғизистон ҳам, бюджетчилари ва ҳатто нафақачиларини зўрға таъминлаб турган бир пайтда, давлат амалдорлари четдан қарз олиб, мамлакат бўйлаб йўл қурдиргани билан фахрланишяпти. Бишкек шаҳри учун эски ТЕС ишлаб турган бўлса ҳам, Хитойликларга янгисини қурдирди. Ҳокимият алмашганида ТЕСдаги коррупция ишларига гувоҳ бўлдик. Йўл қурилишида ҳам аҳвол ТЕСдагидан қолишмайди. Бу Мамлакатларга кириб келаётган инвестиция ёки олинаётган қарзларнинг ҳеч бири, бирор фойдали тармоққа мўлжалланмаган. Ваҳоланки, олинган қарз бўладими ёки ўз имкониятимиздаги маблағларми фарқи йўқ, улар аввал манфаат яъни даромад олиб келадиган тармоқларга йўналтирилиши лозим эди. Кейин шу корҳоналардан қўлга киритилган фойдалардан имкониятимизга қараб, қурилиш ёки бошқа ободончилик харажатларига сарф қилинса тўғри бўлар эди.

Тожикистоннинг аввалги қарзлари учун Хитой яқинда 90 минг гектар ерини тортиб олиб қўйди. Яқин йилларда Хитой Қирғизистоннинг ерларини ҳам тортиб ола бошлайди! Тожикистон ҳам, Қирғизистон ҳам Хитой ёки бошқадан олган қарзларининг ҳеч бўлмаганда бир қисмини бўлса ҳам, ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун шароит яратиб берувчи станоксозлик, машинасозлик каби оғир саноат тармоқларга сарфлаш ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам кўрган эмас! Шу, яъни енгил инфратузилма ва саноат ривожланишининг гарови бўлган оғир саноат йўлга қўйилмас экан, бизнинг юртларимизда ҳатто оддий парламент биносини ҳам ёки ерга асфалт ётқизишни ҳам ўзимиз эплай олмаймиз! Чунки ҳар бир иш учун ўзига мос техника ва керакли анжомлар лозим бўлади. Бу анжомларнинг деярли ҳаммаси оғир саноатга алоқадор корхоналарда ишлаб чиқарилади.

Халқаро сиёсат ва оламий глобал бошқарув системаси, халқаро ташкилотлар воситаси билан оғир саноат тармоғини биз каби заиф, аграр, учунчи олам мамлакатлари учун тақиқлаш механизми ишлаб чиқишган. Улар, ўзларига мос халқаро қонун қоидалар билан бизни ривожланишдан тўсиб келишади. Юқоридаги ривожланиш гарови бўлган тармоқларнинг бирортаси учун ҳеч бир йирик давлат қарз бера олмайди. Улар халқаро сиёсатдаги ёзилган ёки ёзилмаган қонунлар билан бу келишимга қаттиқ риоя қилишади.

Хитой эса, Ғарб мамлакатлари сингари мафкуравий манфаатлари ёки сақофатини ёйиш учун қарз бермайди. У фақат моддий манфаат учун, асосан ўз териториясини кенгайтириш ёки ўз юртига хом ашё (конлар)ни жалб қиладиган тармоқларни қўлга киритиш мақсадида қарз беради. Ушбу мақсади йўлида Хитой И. Раҳмон, Назарбаев, Атамбаев сингари ўз манфаатларини юрт манфаатидан устун қўйган халқ хоинларидан фойдаланади.   

Дўстларингизга юборинг

Шарҳ қолдириш