Россия ва Хитой ўзаро тижоратда миллий валютадан фойдаланмоқчи

Россия ва Хитой ўзаро тижоратда миллий валютадан фойдаланмоқчи

Москва ва Пекин доллар ҳукмронлигини камайтириш учун икки мамлакат ўртасидаги тижоратда миллий валютадан фойдаланиш устида ҳаракат олиб бормоқда. Бу ҳақида Россия Президенти Владимир Путин Владивосток шаҳрида хитойлик ҳамкасби Ци Цзин Пин билан ўтказган музокаралар ортидан ташкил қилинган матбуот анжуманида маълум қилди.

“Экспорт ва импорт операциялари учун тақдим қилинадиган банк хизматлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида Россия ва Хитой ўзаро тижоратда миллий валюталардан фойдаланиш муҳимлигини маъқулламоқда”, деди Путин.

Шунингдек, президент Путин икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш даражасини юқори баҳолади ва Москва-Пекин ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми жорий йил охирига бориб, 100 миллиард долларга етишига умид билдирди.

“ITC Trade” сайтининг маълумотига кўра, ўтган йили Россия ва Хитой ўртасидаги тижорат ҳажми 87,4 миллиард долларга етган. Ундан 39 миллиард доллари Россиянинг Хитойга экспорти бўлса. 48,4 миллиард доллари Россиянинг Хитойдан импортини ўз ичига олади.

Россиянинг бевосита инвестициялар жамғармасининг раҳбари Кирилл Димитриев мазкур жамғарма Хитой билан тижорат ишларини 2019 йилдан бошлаб миллий пул бирликлари билан амалга оширишини эълон қилди. Унга кўра, жамғарма Хитой тараққиёт банки билан бу масалада келишиб олган. Шарқий иқтисодий форумида сўзга чиққан Димитриев лойиҳа аллақачон юқори баҳоланганлигини ва дастлабки инвестиция 2019 йилда амалга оширилишини айтиб ўтди.

Россия президенти Владимир Путин 2016 йилда берган баёнотида Россия ва Хитой ташқи бозорларга қарамликни камайтириш учун ўзаро тижорат ишларини маҳаллий валюта билан амалга оширишини билдирган эди.

Дўстларингизга юборинг

Шарҳ қолдириш