“Толибон” делегацияси Ўзбекистонга келди

Толибон делегацияси Ўзбекистонга келди

 Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги “Толибон” ҳаракати делегацияси вакилларининг Тошкентга ташрифи якунлангани ҳақида маълумот берди. Ушбу делегация ҳаракат расмий ваколатхонаси жойлашган Қатардан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш учун учиб келганди. Толиблар билан музокараларнинг тафсилотлари ва натижалар ошкор этилмади, аммо бу учрашувларнинг ўзини тарихий деб аташ мумкин. Охирги марта ҳаракат вакиллари Тошкентга 1999 йилда ташриф буюрганди.

 “Толибон” ҳаракати вакиллари Тошкентда 4 кун бўлди. Улар Тошкентга 7 август куни келишган ва 10 август куни қайтиб кетишган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги фақат 11 август куни хабар қилди.

 “Толибон ҳаракати делегацияси Ташқи ишлар вазирлигида қабул қилинди. Учрашувда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнининг истиқболлари юзасидан фикр алмашилди”,- дейилган хабарда.

 Делегацияга Доҳа шаҳрида жойлашган “Толибон” ҳаракати сиёсий идораси раҳбари Шер Муҳаммад Аббос Станикзай бошчилик қилган. Минтақа бўйича экспертларнинг фикр билдиришича, Қатардаги офис кейинги вақтларда бир неча фракцияларга бўлиниб кетган ҳаракатнинг бир қисмининггина манфаатларини ифода этади.

 Маълумки, март ойида Тошкентда “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтганди. Бу конференция мамлакатнинг янги раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён ташқи сиёсатдаги энг йирик воқеа бўлганди. Аммо бу конференцияда можаронинг асосий иштирокчиларидан бири – “Толибон” ҳаракати вакиллари қатнашимаган эди.

 Халқаро конференция иштирокчилари якунда “Тошкент декларацияси”ни қабул қилиб, Афғонистон масаласини ҳал қилишда баҳамжиҳат ҳаракат қилиш зарурлигини таъкидлашганди. Томонлар ҳаракат вакилларини расмий Кобул билан тинчлик музокараларини бошлашга чақиришганди.

 Кейинроқ, июн ойида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги “Толибон” ҳаракати билан алоқа ўрнатилгани ҳақида хабар тарқатди.

 “Тошкент конференцияси иштирокчилари позициясини бирлаштиришни амалга ошириш мақсадида ўзбек томони “Толибон” ҳаракатининг юқори даражали вакиллари билан тегишли алоқаларни ўрнатиб, ўтказилган учрашувларда Афғонистонда узоқ муддатлик тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш ва уни иқтисодий ривожлантириш учун мулоқот ва ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди”,- дейилганди баёнотда.

Туркистон:

АҚШ Авғонистонга уруш очишдан кўзлаган асосий мақсадларидан бири, Марказий Осиё давлатларининг нефт ва бошқа захираларини Авғонистон орқали Осиё ва Европа бозорларига олиб чиқиш учун имкониятлар пайдо қилиш эди. Лекин АҚШ Авғонистонда мусулмонлардан мағлуб бўлиб, мақсадига эриша олмади. Энди у бошқа, айёрлик йўли билан, ўз манфаатини Толибон орқали ҳал қилиб олмоқчи бўляпти. Бунинг учун у Толибон ва унинг назорати остида бўлган ҳудудларни тан олиб, бу ҳудуддан фойдалангани учун Толибонни моддий рағбатлантириб туришга ваъда беради. Инглизлар Американи ҳудди шу йўл билан Ҳиндулардан тортиб олган эди. Яъни АҚШ Толибон ва бошқа исломий жамоаларга ишонмайди, шунинг учун ўзининг стротегик аҳамиятга эга темир йўл ўтган ҳудудларни ўзи ҳимоя қилиши керак эканини шарт қилиб қўяди. Бу шарт унга шу минтақа инфраструктурасини ўз қўлига олишини ва вақтлар ўтиши билан бутун минтақани ўз таъсири остига олиб, фуқороларни исломий йўналишларга (Толибон ҳукмларига) қарши йўналтира олиш имконини беради.

Авғонистоннинг ички инфраструктураси учун Ўзбекистоннинг қўшган ҳиссаси жуда катта. Шунинг учун АҚШ Толиблар билан музокаралар олиб боришда айнан Ўзбекистондан кўприк сифатида фойдаланмоқчи. Бунинг учун Ўзбекистон давлатининг дин ва диний эркинликларга бўлган муносабатини ўзгартириш керак. Негаки Толибон Ўзбек давлати билан шартнома тузаётиб ноқулай аҳволда қолмасин! Ҳеч бўлмаса дунё ҳамжамияти олдида диний қалбаки муҳит бўлса ҳам кўриниб турсин. Акс ҳолда Толибон Ўзбекистон билан ҳамкорлик қила олмайди.

Хулоса қилиб айтганда, АҚШ Марказий Осиёни Авғонистон орқали оламий бозорларга олиб чиқиш билан, ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий манфаатларни қўлга киритмоқчи. Бу лоиҳа амалга ошса, АҚШ бутун минтақани Россиянинг иқтисодий таъсири остидан олиб чиқа олади. Чунки бу бутун оламга айнан фақат Россия орқали чиқиш мумкин бўлган йўналишлар учун алтернатив йўл бўлиб, Марказий Осиёни Россия ва Хитойнинг иқтисодий мустамлакаси остидан чиқариб юбориши мумкин бўлган лоиҳадир. Яъни бу лоиҳа АҚШ учун ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий манфаат олиб келиши мумкин бўлган муҳим лоиҳалардан ҳисобланади. Лекин Россия ҳам буни англаб турибди. Демак у ҳам минтақада навбатдаги бирор фитна уюштириш ҳақида ўйлайди. 

Дўстларингизга юборинг

Шарҳ қолдириш