Эрон АҚШ санкцияларига қарши янгича кураш чораларини маълум қилди

Эрон АҚШ санкцияларига қарши янгича кураш чораларини маълум қилди

 Мамлакат биринчи вице-президенти Исҳоқ Жаҳонгирийнинг сўзларига кўра, Эрон ҳукумати АҚШ санкцияларига қарши туриш мақсадида хусусий секторга нефтни экспорт қилишга рухсат беради. Бу ҳақида РИА “Новости” хабар қилмоқда.

 Мулозимнинг сўзларига кўра, АҚШ истаётганидек, хорижий давлатлар томонидан Эрон нефти харидини нолга туширишнинг амалда иложи йўқ. “Tasnim” агентлиги Эрон нефт вазирлигида ишловчи мансабдорлардан бирининг ҳам шунга ўхшаш нуқтаи назарини келтирган.

 “Биз дўст мамлакатлар билан масалани муҳокама қилиб, нефтни сотиш учун йўл очдик. Қайта ишланмаган нефть ички биржага чиқарилади ва хусусий сектор ҳам уни экспорт қилиш билан шуғуллана олади”,- дея унинг сўзларини келтирмоқда “Mehr” агентлиги.

 Унинг қайд этишича, ҳукуматда маълум бир дастур бўлиб, у Эронга керакли ҳажмда нефть сотиш имконини беради ва АҚШ режаларини барбод қилади.

 Ўтган ҳафтада АҚШ давлат департаментининг олиймақом мансабдорларидан бири журналистларга Вашингтон ноябрь ойи бошларигача барча иттифоқдошларини Эрон нефтини рад этишга кўндириш устида иш олиб борилаётганини эълон қилган эди. Унинг сўзларига кўра, бундай музокаралар Хитой сингари бошқа мамлакатлар билан ҳам олиб борилмоқда. Илгарироқ, АҚШ Эрон билан тузилган ядровий битимни тарк этиб, санкциялар қайта тикланганини эълон қилган эди.

Дўстларингизга юборинг

Шарҳ қолдириш