Ҳизбни тарк қилганлар ва нусратнинг кечикиши ҳақида

698
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم

Ҳизбни тарк қилганлар ва нусратнинг кечикиши ҳақида

Савол: Агар саволим, айниқса, иккинчи саволим қалтис бўлса, узр сўрайман. Бу нарса анчадан бери ичимда ғумиллаб келаётганди… Нима бўлганда ҳам, саволимга жавоб берилса ҳам, берилмаса ҳам яхши. Менинг тушунишимча, бунга ўхшаш ҳолатда масъул одам савол берувчидан кўра вазиятга яхши баҳо беради. Саволим икки қисмдан иборат:

Биринчи қисми: Ҳизб иш бошлаганига олтмиш йилдан кўп бўлди. У оғир шароитларда фаолият олиб бормоқда. Бошқа жамоалар бундай шароитларга камдан-кам йўлиқади. Бундай омонатни ҳамма йигитлар ҳам кўтара олмай, баъзилари ташлаб кетиб қолади… Шундай экан, нима учун ўша даъват юкини кўтара олмаган йигитларнинг шароити қадрланмаяпти? Тарк қилганларга нисбатан «нотинч» позиция эгаллаш ўрнига, уларни маъзур тутилса бўлмайдими?

Иккинчи қисми қуйидагича:

Мана шунча йиллар ўтди ҳамки, ҳали мақсадга етиша олмадик. Бу нарса – нусрат талаб қилиш яхши адо этилмаганини англатмайдими?

Юқорида айтганимни яна такрорлайман, саволим, айниқса, иккинчи саволим қалтислигини ўзим ҳам билиб турибман… Бу саволимга жавоб берилса ҳам, берилмаса ҳам яхши… Мен қалбим Ҳизбга муҳаббат ила тўлган ҳолда ҳамда унинг фикр ва тариқатини тўғри, деб билганим ҳолда савол беряпман. Саволимдан фақат яхшиликни истайман. Бемаънилик ёки гап-сўз кўпайтириш ниятидан мутлақо йироқман. Зотан, кўзлар хиёнатини ҳам, дилларда нималар яширинганини ҳам Аллоҳ билгувчидир.

Жавоб: Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ

Тўғри, иккинчи саволингиз қалтис… Эҳтимол бундай мавзунинг муносиб ўрни саволларга жавоб нашрамиз орқали эмас, балки юзма-юз учрашганда бўлса яхши бўлармиди… Бироқ золим тоғутларга Аллоҳнинг лаънати бўлсинки, улар ҳақ сўз ва унинг аҳлини қаерда бўлмасин таъқиб қилишмоқда… Ёмонлик ва унинг аҳлини эса, эркин ташлаб қўйишган.

Нима бўлганда ҳам, пайғамбарлар сийрати ҳамда тоғут, золим ва рувайбизалар ҳукмрон бўлган барча асрдаги солиҳлардан иборат даъват аҳлининг сийрати мана шудир… Зеро, оқибат тақводорларникидир.

Бизга бунга ўхшаш саволлар ишора билан ёки очиқ тарзда илгари ҳам берилган. Бироқ Ислом ва унинг аҳлини ёмон кўрадиганлар томонидан берилган. Улар ҳақни билиш учун сўрашмаган, балки гап-сўз пайдо қилиш ҳамда дунё матосига эришиш мақсадида инсондан бўлган шайтонларга ва уларнинг гумашталарига хизмат қилиш учун сўрашган. Биз уларга жавоб бериб ўтирмаганмиз. Чунки улар саволни ҳақни билиш ва жавобдан фойдаланиш мақсадида беришмаган. Аксинча, гапни бошқа томонга буриш билан низо ва фитна чиқариш мақсадида савол беришган. Ўзларини ўзлари фитнага ташлаганига ақллари етмаган!… Шунинг учун биз уларнинг саволларига парво қилмаганмиз.

Бироқ мен сизнинг саволингизда ростгўйлик, савол бериш одоби ва чиройли сўзларни кўрдим. Шу боис сизнинг саволингизга жавоб бераман. Лекин фақат тушунарли тарзда бераман, инша Аллоҳ. Хусусан, иккинчи саволингиз бўйича тафсилотга киришиб ўтирмайман. Чунки бу ер унинг ўрни эмас. Шундай қилиб, жавоб беришни бошладим, Аллоҳнинг Ўзи ёрдам берсин:

1 – Саволнинг биринчи қисмига жавоб:

Саволда келган «нотинч» позиция, деган гап тушунарсиз. Чамаси бу гапдан – содир этаётган ёмон қилмишлари сабабли биз уларга юмшоқ муомала қилмаган ва эътиборсиз ташлаб қўйилган – баъзи бир тарк қилган кимсаларга хос бўлган ҳолатлар назарда тутилган бўлса керак… Агар тўғри тушунган бўлсам, масала бундай:

Бирор бир йигит ўзидаги маълум шароитлар туфайли, айниқса, даъват ҳар томонлама пайдар-пай қийинчиликлар исканжасида қолган бугунги замонда даъват юкини кўтара олмаётганини биз тушунамиз. Баъзи йигитларни даъват юки эзиб қўйгани сабабли уни кўтаришдан ўзини олиб қочяпти, қийинчиликлари олдида заифлик қиляпти, Аллоҳ ризоси ва охират муҳаббатидан дунё муҳаббати ва зийнати ғолиб келиб қоляпти… Сиз ундан – нега Ҳизбни тарк қилдингиз, деб сўрасангиз, ишонинг, у маълум шароитлар сабабли даъватни кўтаролмаяпман, дейди ва Аллоҳнинг изни ила, қийинчиликларни енгиб, яна қайтишга уринади… Биз уларни тушунамиз ва улар билан чиройли муносабатни сақлаб келяпмиз, Аллоҳдан ишларини ўнглаб олиш томонга етаклашини, қайта даъватни кўтаришлари ва шу орқали фаолиятдан ўтириб қолиш гуноҳини яхши фаолиятлари билан ювишларини сўраяпмиз. Чунки Аллоҳнинг изни ила, савоб амаллар гуноҳларни кетказади.

Аммо «ёмон қилмишларни содир этаётгани сабабли биз томондан юмшоқ муомала қилинмаётган ва эътиборсиз ташлаб қўйилаётган» кимсаларга келсак – зеро, саволингизда сиз буни «нотинч позициялар», дедингиз – булар йўлдан озган ва шу сабабли Ҳизбни тарк этган кимсалардир. Қилмишлари учун Аллоҳга истиғфор айтиб, тавба қилиб, фаолиятдан ўтириб қолишлари ва йўлдан озишлари ўрнини яхши амал ва чиройли сўзлар билан тўлдириш ўрнига, аксини қилишяпти. Яъни фаолиятдан ўтириб қолганликларини ва йўлдан озганликларини Ҳизбга, унинг қиёдатига, масъулларига туҳмат ёғдириш билан оқламоқчи бўлишади… Ёлғон гап оғизларининг бир четидан чиқиб кетади. Ваҳоланки, ёлғон Аллоҳнинг шариатида катта, улкан гуноҳдир… Имом Муслим ўзининг «Саҳиҳ»ида ушбу ривоятни ишлаб чиққан: Бизга Аъмаш Шақиқдан, у Абдуллоҳдан ҳадис ривоят қилган: Росулуллоҳ ﷺ бундай дедилар:

«…وَإِيَّاكُمْ وَالْكَذِبَ فَإِنَّ الْكَذِبَ يَهْدِي إِلَى الْفُجُورِ وَإِنَّ الْفُجُورَ يَهْدِي إِلَى النَّارِ وَمَا يَزَالُ الرَّجُلُ يَكْذِبُ وَيَتَحَرَّى الْكَذِبَ حَتَّى يُكْتَبَ عِنْدَ اللهِ كَذَّابًا»

«… Ёлғондан сақланинглар. Чунки ёлғон фужур-бузуқликка етаклайди. Бузуқлик эса, дўзахга етаклайди. Киши ёлғон гапни гапираверса, ёлғонлари қасддан бўлса, у Аллоҳнинг даргоҳида «каззоб», деб ёзиб қўйилади». Шунга қарамай, ундайлар туҳмат қилиб, ёлғон гапиришяпти! Билъакс, ўзинг ҳам тинч юрма, бировга ҳам тинчлик берма, дегандек, бўҳтону туҳматларга тўла қора хатлар тарқатишяпти… Содир этган ёмон қилмишлари учун биз томондан юмшоқ муомала қилинмаётган ва эътиборсиз ташлаб қўйилаётган кимсалар мана шулардир.

Бироқ, маълум шароитлари сабабли даъватнинг оғир юкини кўтаролмай, заифлик қилдик, дея ростини айтганлар эса, биз уларнинг ҳолатини тушунамиз, уларга яхши гапириб, айни шароитларини енгиб ўтишларига қўлимиздан келганча ёрдам берамиз.

Шу ўринда сизга ўзим гувоҳ бўлган бир воқеани айтиб берсам:

Бир пайтлар маълум юртнинг масъули эдим. Аллоҳ раҳмат қилсин, иккинчи шайхимиздан менга тарк қилганлардан бири билан учрашиш ва Ҳизбга қайтиши йўлларини у билан ўрганиш тўғрисида хабар келди. Чунки ўша тарк қилган киши яхши инсон эди. Биз унинг онгли ва тушунчали киши эканини билар эдик… Хуллас унинг олдига бордим:

Нима учун Ҳизбга қайтмаяпсиз, деб сўрадим? У «эй Абу Ёсин, мен бундай оғир юкни кўтарадиган кучли инсон эмасман, қамоққа тушдим ва бир неча кун чидолмай Ҳизбдан тондим. Чиққанимдан кейин мен бундай оғир юкни кўтаришдан заиф эканимни билдим», деб жавоб берди. Мен уни Ҳизбга қайтаришга кўндиролмасам-да, бироқ у муаййид бўлиб қолди, душманлик қилмади… Биз ўшандай ростини гапирадиган йигитларни ҳурмат қиламиз ва ҳаққига дуои хайр қилиб қоламиз… Аммо ўз заифлигини бировларни айблаш билан оқламоқчи бўладиган кимсага келсак, у – фалон масъул ундай, пистон масъул бундай бўлгани учун тарк қилганман, деб айтади. Масъулни ноҳақ айблаб, ҳатто туҳматлар ҳам қилади, ўзини яхши иш қиляпман, деб ўйлайди! Ундайлар Аллоҳга тавба қилиб, истиғфор айтиш ўрнига, Ҳизбга ва қиёдатига душманлик тошларини отаётганига, бунинг учун интиқом олувчи Жаббор зотдан қўрқмаётганига гувоҳ бўласиз. Бунга ўхшаган тарк қилганлар, маъзур тутилишга лойиқ эмас. Ҳа, ёмон қилмишлари учун бундай кимсаларга юмшоқ муомала қилмаймиз ва уларни эътиборсиз ташлаб қўямиз.

2 – Саволнинг иккинчи қисмига жавоб:

Жавоб беришдан олдин Росулуллоҳ ﷺнинг нусрат талаб қилишлари ҳақидаги айрим маълумотларни келтирмоқчиман, бу жавобга ёрдам беради:

Росулуллоҳга ёрдамчи неъмат бўлган Хадижа розияллоҳу анҳо онамиз вафот этдилар… Кейин Росулуллоҳ ﷺни Қурайшнинг озорларидан ҳимоя қилувчи амакиси Абу Толиб вафот этди… Бу пайғамбарликнинг ўнинчи йилида бўлди ва ўша йил маҳзунлик йили, деб аталди. Шундан сўнг Аллоҳ Субҳанаҳу Росули ﷺни иккита буюк неъмат ила икром қилди: бири Исро ва Меърож, иккинчиси талаби нусратга изн бериш… Натижада, Росулуллоҳ ﷺ Бану Сақиф, Бану Омир, Бану Шайбон, Бану Ҳанифа… каби қабилалардан ўн марталаб нусрат талаб қилдилар… Улардан бирортаси ҳам Пайғамбаримиз ﷺга жавоб қилмади. Ҳатто баъзилари ҳабибимиз ﷺнинг муборак оёқларини қонатиб, жуда хунук суратда жавоб қайтаришди. Росулуллоҳ ﷺ Мусъабни Мадинага юборгач, Аллоҳ унинг йўлини очди ва у ердаги қудрат ва ёрдам аҳлидан иборат бир гуруҳ ансорийлар нусрат талабини қабул қилдилар. Улар ҳаж мавсумида Маккага келиб, Росулуллоҳга нусрат байъатини, иккинчи Ақаба байъатини беришди. Сўнг Росулуллоҳ ﷺ Мадинага бориб, давлат барпо этдилар.

Савол туғилади: Хўш, Росулуллоҳ ﷺ нусрат талаб қилишни яхши адо этолмадиларми, шунинг учун ул зотнинг талаблари қабул қилинмадими? Ёки нусрат талаб қилишни Росулуллоҳ ﷺ яхши адо этишларидан ҳам кўра кўпроқ Мусъаб яхши адо этдими? Бунинг жавоби албатта йўқ, ундай эмас. Балки ҳар бир нарса учун вақт белгилаб қўйилган:

 إِنَّ اللَّهَ بَالِغُ أَمْرِهِ قَدْ جَعَلَ اللَّهُ لِكُلِّ شَيْءٍ قَدْرًا 

«Албатта Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига етгувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор-ўлчов қилиб қўйгандир» [Талоқ 3]

Биз – эй биродар – Росулуллоҳ ﷺга эргашамиз ва нусрат талаб қилишда қаттиқ ғайрат кўрсатамиз. Шу билан бирга, ҳар бир ишда Аллоҳга таваккал қилган ҳолда, имконимиз борича нусрат талаб қилиш ишини яхши ва пухта адо этишга ҳаракат қиламиз. Аллоҳ буюргандек тарзда адо этаётганимизга – инша Аллоҳ – кўнглимиз хотиржам бўлиши учун ишни диққат билан ўрганиб текшириб борамиз.

Бироқ ушбу йўлда тўхтовсиз давом этар эканмиз, икки нарсани қалбларимиз ва ақлларимизга яхшилаб жойлаб олганмиз:

Биринчи: Халифаликни барпо этиш учун фаолият ҳар қанча яхши-чиройли қилинмасин, Аллоҳ Азза ва Жалланинг Ўзи унинг қачон ва қаерда барпо бўлишини белгилаб қўйган.

Иккинчи: Аллоҳнинг қонуни шуни тақозо қиладики, Халифалик ўтириб қолган ялқовлар қўли билан ҳам бўлмайди, осмондан фаришталар тушиб, бизнинг ўрнимизга уни барпо қилиб ҳам бермайди. Йўқ, Халифалик Аллоҳ тезлаштириб берса-шукр қиладиган, узоқлаштириб берса-сабр қиладиган, Аллоҳнинг марҳаматидан ҳаргиз ноумид бўлмайдиган, то Аллоҳнинг иши келгунга қадар Унинг ҳукмини тиклаш устида сусткашлик қилмай, тинимсиз давом этадиган ғайратли жиддий фаол мўминлар билаклари билан барпо бўлади, инша Аллоҳ.

Хулоса:

Халифаликни барпо қилишдаги нусрат кечикса, албатта бунинг сабаби нусратнинг яхши талаб қилинмагани бўлмайди. Ахир, Росулуллоҳ ﷺ ўнлаб маротаба нусрат талаб қилганларида ҳам қабул қилинмади. Ваҳоланки, ул зот бу ишни яхшидан ҳам аъло даражада бажаргандилар. Аммо Мусъаб розияллоҳу анҳунинг нусрат талаб қилиши қабул қилинди. Ҳолбуки, у айни ишни Росулуллоҳ сингари аъло даражада бажаролмайди. Шунинг учун ҳар бир нарса учун вақт белгилаб қўйилган.

  • Инша Аллоҳ, биз бу ишларни яхши англаб, чиройли йўсинда давом эттиряпмиз… Фаолият қилар эканмиз, қалбимиз хотиржам. Қудрати улуғ Роббимиз биздан олдин имон билан ўтган зотлар учун амалга ошириб берган ишни бизга ҳам албатта амалга ошириб беришидан кўнглимиз тўқ.

﴿وَاذْكُرُوا إِذْ أَنْتُمْ قَلِيلٌ مُسْتَضْعَفُونَ فِي الْأَرْضِ تَخَافُونَ أَنْ يَتَخَطَّفَكُمُ النَّاسُ فَآوَاكُمْ وَأَيَّدَكُمْ بِنَصْرِهِ وَرَزَقَكُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ﴾

«Эсланг, сизлар ерда озчилик ва ночор бўлган ҳолингизда, одамлар талаб кетишларидан қўрқиб турган пайтингизда (Аллоҳ) сизларга жой бериб, Ўз нусрати билан қўллаб-қувватлади ва шукр қилишингиз учун покиза ризқлар билан баҳраманд қилди!» [Анфол 26]

Аллоҳ бизга бошпана берибгина қолмайди, балки Ўз нусрати билан қўллаб, покиза ризқ беради. Бунинг учун бутун олам Парвардигори Аллоҳга беадад ҳамдлар бўлсин.

Сўзим ниҳоясида савол берган биродаримизга салом йўллаб, дуои хайр қилиб қоламан.

                                                                                                             11 шаввол 1439ҳ

                                                                                                             24 июн 2018м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here