Никол Пашинян Арманистон бош вазир бўлди

Никол Пашинян Арманистон бош вазир бўлди

 Никол Пашинян 8 май куни парламентда 59 депутат овозини олиб, мамлакатнинг янги бош вазирига айланди. У апрел ойи давомида Арманистон пойтахти Ереванда собиқ президент Серж Саргсяннинг бош вазирга айланишига қарши ўтказилган норозилик намойишлари ортидан ҳукумат тепасига келди.

 Арманистон миллий мажлиси мамлакат бош вазири лавозимига “Фуқаро шартномаси” мухолифатчи партия рахбари бўлган Никол Пашинянни сайлади, деб хабар қилди РИА “Новости”.

Сайловнинг иккинчи босқичида Пашинян номзоди учун “Елк», “Царукян Блоки” ва “Дашнакцутюн” партияларидан 59 нафар депутат овоз берди. Қарши бўлганлар сони 42 кишини ташкил қилди.

Янги бош вазир вазифасида Пашинян Евроосиё иқтисодий саммитида (ЕОИИ) иштирок этишини хабар қилди.

1 май куни бўлиб ўтган дастлабки овоз беришда, парламентда кўпчилликдан иборат бўлган – Арманистон республикачилар партияси вакиллари Пашинянга ўз овозларини бермаган ва у сайланмаган эди.

 Шундан сўнг бутун мамлакат бўйлаб намойишлар яна қайта жонланди. Пашинян тарафдорлари бир неча кун давомида йўлларни тўсиб қўйишган эди.

 Маълумки, апрел ойининг бошида Арманистон собиқ президенти Серж Саргсян бош вазир лавозимига сайланган эди. Бундан олдин эса у мамлакат конституциясига ўзгартириш киритиб, бош вазирга жуда катта ваколатлар берган эди. Шундан сўнг бутун Арманистон бўйлаб Пашинян бошчилигида мухолифат намойишлари бўлиб ўтди. Бир неча кун давом этган намойишлардан кейин Саргсян истеъфога чиқишга мажбур бўлган эди.

Дўстларингизга юборинг

Шарҳ қолдириш