Майк Помпео ўзининг биринчи чет эл сафарини Саудия Арабистонидан бошлади

509
0

Майк Помпео ўзининг биринчи чет эл сафарини Саудия Арабистонидан бошлади

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Яқин Шарқ сафарини бошлар экан, унинг биринчи қўними Саудия Арабистонининг пойтахти Риёз бўлди. Аэропортда Саудиялик ҳамкасби томонидан кутиб олинган Помпео Риёзда Қирол Салмон ва валиаҳд шаҳзод Муҳаммад бин Салмон билан учрашди. Помпео Саудиядан сўнг (Исроил) ва Иорданияга боради.

Ўтган пайшанба куни Сенатнинг маъқуллаши билан ўз ишини бошлаган Помпеонинг Саудияда муҳокама қилган энг муҳим мавзу Эрон билан тузилган ядровий битим устида бўлди. Хабарларда айтилишича, АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан тузилган ядро шартномасидан воз кечишни истайди. Эрон ташқи ишлар вазири Жавад Зариф эса Трампнинг ядровий шартномани ўзгартириш таклифини қабул қилиб бўлмаслигини билдирмоқда.

Саудия АҚШнинг минтақадаги асосий ҳамкори эканлигини таъкидлаган АҚШ давлат котиби Майк Помпео Саудия ҳукумати билан “Форс кўрфази давлатларининг бирлиги муҳим ўринни эгаллаши” ҳақида гаплашганлигини маълум қилди.

Помпео 29 апрел куни, Саудиялик ҳамкасби Адел ал-Жубайр билан ўтказган матбуот анжуманида Эронни минтақада беқарорликни вужудга келтириш ва дунёда терроризмни қўллаб-қувватлашда айблади. Унга кўра, Эроннинг ҳар қандай ядро қуролига эга бўлишига йўл қўймаслик лозим.

“Саудиянинг хавфсизлиги АҚШ учун бирламчи масаладир. Эрон эса қурол-яроқ билан таъминлаётган террористик гуруҳлар орқали бу минтақада беқарорликни бутунлай издан чиқаришга интилмоқда. Биз унинг ҳеч қандай ядро қуролига эга бўлишини истамаймиз”, деди Помпео.

Саудия ташқи ишлар вазири Адил Жубайр эса, Саудия ҳукумати АҚШ президенти Доналд Трампнинг Эронга қарши сиёсатини қўллаб-қувватлашини билдирди.

“Биз Доналд Трампнинг Эронга қарши сиёсатини, айниқса ядровий битимни ўзгартириш сиёсатини қўллаб қувватлаймиз. Эронга нисбатан кўпроқ санкциялар киритилишини хоҳлардик. Чунки у терроризмни қўллаб-қувватламоқда ва бошқа мамлакатларнинг ишларига аралашмоқда”, деди Жубайр АҚШ Давлат котиби билан ўтказган матбуот анжуманида.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here