АҚШ Россия учун яна янги санкциялар жорий этиш ниятида

АҚШ Россия учун яна янги санкциялар жорий этиш ниятида

16 апрел душанба куни АҚШнинг Россияга қарши яна янги санкциялар жорий этиши кутилмоқда. Бу ҳақида АҚШ молия вазири Стефен Менучин маълум қилди. Менучинга кўра, санкциялар душанба куни эрталаб эълон қилинади. Агар санкциялар амалда эълон қилинмаса, Асад билан алоқали бўлган барча компанияларга қаратилади. Бунга Россиянинг Сурия президенти Башар Асадни қўллаб қувватлаганлиги сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Ҳейли эса Си-би-эс каналига берган интервюсида Асаднинг тарафдорларини қандай оқибатлар кутаётганлигига доир берилган саволга жавобан “Албатта, яқинда сиз Россия учун яна янги-янги санкциялар жорий этилишига гувоҳ бўласиз”, деди.

“Коммерсант” газетаси ҳам АҚШ Давлат департаментига яқин бўлган манбаларга таяниб, АҚШ маъмурияти Россияга қарши янги санкциялар қўллаш масаласи устида муҳокама олиб бораётганлиги ҳақида хабар тарқатди.

Маълумотларга кўра, Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича янги маслаҳатчиси Жон Болтон Россияга қарши янги санкциялар жорий этиш таклифи билан чиққан. Болтон Россияга қарши нуқтаи назари билан танилган АҚШ сиёсатчисидир.

АҚШ ҳукуматининг бу қадами, барча оммавий ахборот воситаларининг Сурия режими Шарқий Ғутада амалга оширган кимёвий ҳужум ҳақида кўтарган шов-шувлари ортидан юз бермоқда.

Дўстларингизга юборинг

Шарҳ қолдириш