АҚШ, Британия ва Франция Сурияни ҳужумга тутди

АҚШ, Британия ва Франция Сурияни ҳужумга тутди

АҚШ, Буюк Британия ва Франция Асад режимини кимёвий қурол ишлатганликда айблаб, Суриядаги кимёвий базаларни нишонга олганлиги айтилмоқди. АҚШ президенти Доналд Трамп Сурияга ҳужум қилиш ҳақида буйруқ бериши ортидан, Британия бош вазири Тереза Май ва Франция Президенти Эммануел Макрон ҳам – гўё бошқа қуроллардан инсонлар ҳалок бўлмаётгандек – Сурияда кимёвий қуроллар ишлатилишига жим қараб тура олмаслигини билдирди.

Британия мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Британия ҳаво кучлари 4та Торнадо жанговар самолёт билан иштирок этган ва Ҳомсдаги эски ракета базасига ҳужум уюштирган, ҳужумда «Бўрон Соя» номли ракеталардан фойдаланилган.

НАТО бош котиби Енс Столтенберг АҚШ бошчилигидаги ҳужум ҳақида “АҚШ, Британия ва Франция томонидан ташланган қадамларни қўллаб-қувватлайман. Бу қадам режимнинг кимёвий қурол билан ҳужум қилиш қобилиятини камайтиради”, деди.

АҚШ Мудофаа вазири Маттис, Сурияга қилинган ҳужум «бир марталик» эканлигини ва шу билан рамзий амалиёт якунланганлигини билдирди.

“Бу йил ўтган йилги ҳужумга нисбатан икки марта кўпроқ қурол ишлатдик. Нишонлар ҳам янада диққат билан танланди. Кучли ҳужум бўлди, деб айтишим мумкин. Бу ҳужумда Сурия режими нишонга олинди”, деди Маттис.

Бироқ, АҚШ ҳужумларининг тафсилотлари 2017 йилда бўлгани каби, “хўжакўрсин”га бўлганлиги айтилмоқда. Чунки ҳужумлардан зарар кўрган ҳеч қандай бино ёки ҳарбий база ҳақида хабар йўқ. АҚШ шунингдек, 2017 йилда ҳам Сурия режимига ҳужум қилиши ортидан базалар бўш эканлиги маълум бўлган эди. Бу гал ҳам Сурия режими базаларни бўшатиб қўйганлиги айтилмоқда.

Ҳужумда Эронга қарашли жангарилар ҳам нишонга олинганлиги билдирилди. Лекин маҳаллий манбанинг маълумотларига кўра, АҚШ бошчилигидаги ҳужумларда 100 дона ракета отилган бўлишига қарамай, бор-йўғи олти киши яраланган холос.

Дўстларингизга юборинг

Шарҳ қолдириш