АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо алоқалари кескинлашмоқда

АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо алоқалари кескинлашмоқда

 Хитой ҳукумати Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)да АҚШнинг пўлат ва алюминийдан ишланган хитой маҳсулотларига нисбатан бир томонлама хатти-ҳаракатларидан норози эканини билдирди. Бу ҳақида ХХР савдо вазирлиги маълум қилди.

 Қўшма Штатлар мамлакатда “Савдо-сотиқни кенгайтириш тўғрисида”ги қонуннинг 232-моддасига мувофиқ «миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб» шундай йўл тутгани қайд этилган.

 “Вашингтоннинг бундай хатти-ҳаракатлари умумжаҳон миқёсида қабул қилинган кўп томонлама савдо алоқаларининг толерант тамойилларига зид келади, ЖСТ қоидаларини жиддий бузиш ҳисобланади, шунингдек АҚШнинг савдо тўсиқларини камайтириш бўйича мажбуриятларига риоя қилмаётганидан далолат беради. Хитойнинг ўз манфаатларини тенг ҳуқуқли ҳимоя қилишдан бошқа чораси қолмади”, — дейилади идора расмий сайтида чоп этилган баёнотда.

 Чоршанба куни Пекин ЖСТга АҚШнинг 301-модда (1974 йилги савдо-сотиқ тўғрисидаги қонун)га мувофиқ хитой импортига тўловлар киритиши бўйича тегишли халқаро ташкилотларга расмий ариза бериб, мурожаат қилганди.

 3 апрел куни Вашингтон ва Пекин ўртасидаги савдо алоқалари кескинлашувининг янги босқичи қайд этилди. Америка президенти Дональд Трамп маъмурияти қўшимча 25 фоизли тўловлар киритиладиган Хитой маҳсулотлари рўйхатини эълон қилди. Бунга жавобан ХХР давлат кенгаши қўшимча 25 фоиз тўлов киритиладиган 106 турдаги Америка маҳсулотлари рўйхатини тақдим этди. Жавоб чораларининг кучга кириши тўғридан-тўғри АҚШ томонидан Хитойга нисбатан режалаштирилган қўшимча тўловларнинг киритилишига боғлиқ.

 Савдо-сотиқни кенгайтириш тўғрисидаги қонуннинг 232-моддаси АҚШ президентига “миллий хавфсизлик манфаатлари йўлида” бошқа давлатларга нисбатан савдо тўсиқларини ўрнатиш имконини беради.

Дўстларингизга юборинг

Шарҳ қолдириш