Ўзбекистонга визасиз  сафар қилишга шошилманг!

Ўзбекистонга визасиз  сафар қилишга шошилманг!

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги ҳайъат аъзолари Тожикистонлик ҳамкорлари билан Душанбе шаҳрида бир қанча ҳужжатларга имзо қўйишди. Битимга биноан, икки мамлакат фуқаролари 30 кун мобайнида визасиз тарзда кирди-чиқди қилишлари мумкин бўлди. Аммо Ўзбекистон чегара пости ҳали ҳанузгача Тожикистон фуқароларининг Ўзбекистонга ўтишига рухсат бермаяпти. Куч органларини айтишича, ушбу шартнома фақат парлемент томонидан тасдиқлансагина куча киради.

“Азия Плюс” нашри, Тожикистон ички ишлар вазирлигига қарашли манбага таяниб хабар беришича, гарчи янги шартнома имзоланган бўлса-да, Тожикистон фуқаролари қўшни давлатга визасиз сафарга чиқишга шошилмаслиги керак. Зеро Ўзбекистон томон маълум сабабларга кўра мамлакат ҳудудига киришликка имкон беролмайди.

 “Дарҳақиқат, жорий йилнинг 9 мартида икки давлат орасида кўп шартномалар имзоланди, муваққат визасиз режим ўрнатиш ҳам шу шартномалардан бири ҳисобланади. Аммо шунга қарамай, фуқароларни овора бўлиб чегара постлари олдида навбат кутиб, умидвор бўлишларидан огоҳлантирамиз. Чунки то Ўзбекистон парламенти қарорни тасдиқлаб имзо қўймас экан, уни жорий қилиш имкониятимиз йўқ”, дейди манба.

“Азия Плюс” хабига кўра, Тожикистон куч тизими шартноманинг иложи борича қисқа  муддатда татбиқ этилиши хусусида қайғурмоқда. Маълум бўлишича, Тожикистон ва Ўзбекистон орасидаги визасиз режим, узоғи билан бир ой мобайнида парламент тарафидан кўриб чиқилиб, тасдиқланади. Аммо умумий баҳо берганда, давлатлараро шартномалар камида уч ой мобайнида ўз тасдиғини топади. Шундай экан, яқин келажакда визасиз режим ўрнатиш, қисқа, чекланган бўлса-да, икки қўшни мамлакат фуқароларига кенглик яратиши  ҳозирча  амри маҳол.

Эндиликда фақат чегара атрофидаги туман аҳолиси 5 кунлик визасиз Ўзбекистон ҳудудига киришликка  ҳақли холос.

Юқоридаги шартнома Мирзиёев раҳбарлигида имзоланган муҳим шартномалардан бири ҳисобланади. Сафар чоғида икки мамлакат орасида жами 40 шартнома имзоланди, улар орасида 27 таси давлатлараро шартномалар сирасига киради.

Тожикистон, МДХ давлатлари орасида Ўзбекистон билан визалик алоқада бўлган ягона мамлакат ҳисобланади.

Дўстларингизга юборинг

Шарҳ қолдириш