Исфарада 45 Масжид ёпилди

777
0

Исфарада 45 Масжид ёпилди

Тожикистоннинг Суғд вилоятида жойлашган Исфара шаҳри ва унинг атрофидаги  45та  масжиднинг фаолиятига чек қўйилди. Бунга Масжидларнинг санитар нормаларига жавоб бермаслиги ва шарт-шароитларининг ноқулай эканлиги сабаб сифатида кўрсатилмоқда. Исфара шаҳар ҳокими Жабборий Дилшод Расулзоданинг билдиришича, аҳолининг болалар боғчаси, ижтимоий иншоотлар ва тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига эҳтиёжлари мавжуд. Бунинг учун ёпилган масжидларни қайтадан таъмирлаб, фуқаролар талабларини қондириш асосий мақсад қилиб олинган.

“Азия Плюс”  ахборот агентлигининг хабарига кўра, Исфара шаҳар ҳокими Дилшод Расулзода, 25 январь куни йиллиқ ҳисобот топшириш маросимида 45та масжид ёпилгани ҳақидаги фармонни эълон қилган.

“Маҳаллий аҳоли талабига биноан ёпилган масжидлар ижтимоий хизмат кўрсатиш масканлари, болалар боғчалари ва тиббий хизмат кўрсатиш пунктларига айлантирилади. Бироқ масжидлар таъмирга муҳтож ва бундан ташқари мамлакат Дин Қумитасининг рухсати керак бўлади”, “Ҳозирда Исфара шаҳрида 113 масжид эркин тарзда фаолият кўрсатмоқда. Аҳоли орасидан 154 киши  хорижий мадрасаларда диний таълим олар эди, ҳукумат буйруғи билан уларнинг барчаси ватанга қайтарилди”, деди Исфара шаҳар ҳокими.

Расулзоданинг сўзларига қараганда Ўрта Осиёнинг барча давлатлари қаторида Тожикистоннинг Исфара шаҳри фуқаролари ҳам Ироқ ва Сурия томон йўл олишиб, “адашган жиҳодий гуруҳлар”га қўшилиб кетишган. Аммо таъкидлаш жоизки, улар асосан меҳнат муҳожирларидан иборат бўлиб, бошқа хорижий-исломий ўлкарларга Россия орқали бориб қолишган.

 “Биз бу жиҳатни инкор этмаймиз. Исфараликлар ҳам жиҳодий гуруҳларга қўшилиб жангларда иштирок этишмоқда. Давлатимиз пешвоси Эмомалий Раҳмонинг фикрига кўра, диний оқимлар, хоссатан жиҳодий гуруҳлар сафига қўшилганлар орасида айнан Исфара шаҳри биринчи ўринда туради”, дея таъкидлади ҳоким.

Сўнгги йилларда Тожикистоннинг турли минтақаларида масжидлар фаъолияти тўхтатилиб, тикувчилик корхонаси, дам олиш ва ўйин-кулги масканлари ёки байрам ва анъаналар нишонланадиган маконларга айлантирилди.

Фақатгина Суғд вилоятининг ўзида уч йил орасида 100та масжиднинг фаолиятига нуқта қўйилди. Халқаро инсон ҳуқуқини муҳофаза қилиш ташкилотига кўра, Тожикистонда мазҳаб эркинлигига нисбатан лоқайдлик кузатилмоқда. Америка ташқи ишлар вазирлиги  ҳатто Тожикистонни 10та муаммоли давлатлар қаторига қўшган. Чунки Тожикистонда диний мазҳаблар эркинлиги чекланган.

Аммо Тожикистон ИИБ масжидлар сони камайтирилишининг асосий сабаби мазҳаблараро низоларни олдини олиш деб шарҳлайди. Шундан келиб чиқиб, қишлоқ маҳаллаларида, бир-бирига яқин жойлашган масжидлар ёпилади.

Энг ажабланарли жиҳати шундаки, мазҳаблараро низолар гоҳида мамлакатнинг  жануб  қисмида  кузатилса-да, бироқ айнан Суғд вилоятида, хусусан Исфарада бу ҳолат ҳаргиз содир бўлмаган. Демак, илмоний ҳукумат турли баҳоналар билан динга бўлган тазйиқни кундан кунга кучайтирмоқда.

  Эслатиб ўтиш жоизки, Тожикистоннинг Исфара шаҳри, Қирғизистоннинг Лайлак ва Боткен вилоятлари билан туташ ерда жойлашган. Икки давлат орасида визасиз қонун  мавжуд бўлиб, аҳоли ҳар куни олди-сотди, тижорат ишлари билан бемалол шуғулланишади. Шу боис Тожикистоннинг жанубий минтақасига қараганда, Исфарада  тирикчилик учун яхшироқ шарт-шароитлар мавжуд. Шу билан бир қаторда бу минтақа аҳолиси қадимдан Ислом динига ҳарис, эътиқодлари мустаҳкам ҳисобланади. Демократик қадриятлар мамлакатнинг жанубий қисмидан фарқли ўлароқ, Исфарада кенгайиб, ривожланиб кетиши амри маҳол. У ернинг қиз-жувонлари шарму ҳаёли, иффат иболи бўлиб, ҳижобга қарши кураш кампаниясида қаттиқ синовларга бардош беришди ва натижада ҳукуматнинг қаттиқ тазйиқлари қурбонига айланишди. Табиатан ҳамиятли, ихлосманд Исфаралик мусулмонларлар ёт маданият ва бегона урф-одатларни ўз ҳаётларига татбиқ қилиши амри маҳол. Айнан шу жиҳат илмоний система муаммосининг асосий қисмига айланган. Шу мақсадда ҳукумат аҳолининг хорижий  ўлкалардан диний сабоқ олишлари учун тўсиқлар қўйиб,  ҳужра-мадрасаларни ёпиб,  ёшларни масжидлардан тўсиш амалиёти кенг йўлга қўйган. Чунки динга, иймоний муҳитга чанқоқ қалблар масжидлардаги мавъиза ва насиҳатлардан баҳраманд бўлиб, таъсирланиши табиийдир.

Мунаввара

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here