Туркиянинг Сурия шимолидаги «Зайтун новдаси» амалиётидан кўзланган мақсад нима?

506
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم

Саволга жавоб

Туркиянинг Сурия шимолидаги «Зайтун новдаси» амалиётидан кўзланган мақсад нима?

Савол:

Эрдоганнинг Суриядаги ҳаракатлари Фурот қалқони амалиётидан сўнг, яъни Ҳалабдан воз кечиб, уни режим назоратига топширганидан кейин бир мунча тинчиб қолган эди. Бироқ 2018 йил 20 январдан бошлаб, Эрдоган ўзининг Суриядаги ҳаракатларини Афринда Зайтун новдаси амалиёти номи остида қайта фаоллаштирди. Унда артиллерия ва ҳаво зарбалари амалга оширилди. Бу ҳақда турк армияси Бош штаб раҳбарияти чиқарган баёнотда бундай дейилади: «Кеча шанба куни бошланган Зайтун новдаси амалиёти режа бўйича давом этмоқда. Қуруқлик амалиётлари якшанба эрталабдан бошланди». Хўш, ушбу Зайтун новдаси амалиёти ортида қандай мақсад бор? Аллоҳ ажрингизни берсин.

Жавоб:

  • Буни таҳлил қилишдан олдин, Туркиянинг бугунги сиёсатига асос бўлаётган жуда муҳим ишга эътиборни қаратмоқчимиз. Ана шунда Эрдоганнинг айни ҳаракатлари, ишлари ва баёнотлари ҳам ойдинлашади. Гап шундаки, Эрдоган Туркияси очиқдан-очиқ Америкага хизмат қилмоқда. Эрдоганни ҳокимиятга Америка олиб келгани ва айни пайтда ҳокимиятда қолишини ҳам қўллаб-қувватлаётгани учун шундай бўляпти. Турк ҳукуматини қўллаб-қувватловчи «Сабаҳ» газетаси 2017 йил 18 апрел кунги сонида нашр қилган қуйидаги сўзлар ҳам буни кўрсатмоқда: «АҚШ президенти ўтган кеча Туркия президенти Эрдоган билан телефон орқали боғланиб, уни конституцион ислоҳотлар ва президентлик бошқаруви билан боғлиқ 16 апрелда ўтказилган референдум натижалари билан қутлади. У Эрдоганга «бунинг учун жуда яхши кампания олиб боргани»ни, ўзи ҳам «бу кампанияни яқиндан кузатиб тургани»ни билдирди. Сўнг «дўстлигимизга алоҳида эътибор беряпман, олдинда биргаликда қиладиган ғоят муҳим ишларимиз бор», деди». Шундай қилиб, Эрдоганнинг Суриядаги сиёсати Америка режаларига амалий тарзда ёрдам кўрсатишдан иборат бўлган. У буни Суриядаги режим таянчларини мустаҳкамлаш ҳамда режим учун муҳим бўлган минтақалардан чиқиб кетишлари учун жангчи гуруҳларга босим ўтказиш орқали амалга ошириб келди. Ҳалабдан воз кечиб, уни режим қўлига топширганини ҳеч ким унутгани йўқ. Ўшанда Эрдоган сохта муаммо пайдо қилиб, гуруҳларни – режимнинг кириб келишига йўл қўймаслик учун ўз ҳудудларида жанг қилишлари ўрнига – минтақаларини ташлаб чиқиб кетишларига ундаган эди. Яъни режим Ҳалабга юзланиб, асосий эътиборини ўша ердаги ҳужумга қаратаётган бир пайтда, Туркия Фурот қалқони жангини баҳона қилиб, гуруҳлар эътиборини бошқа ёққа бурди. Маълумки, «Фурот қалқони» амалиёти аслида, Американинг «фатво»си билан бошланган бўлиб, Туркия Жараблусга 2016 йили Америка кўрсатмаси билан, яъни Америка вице-президенти Жозеф Байден Анқарага келганда кирган эди. Байден 2016 йил 24 августда Анқарадан туриб, турк армиясини очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлашини эълон қилган ва Халқ мудофааси отрядларидан «Фурот қалқони» ниқоби остида кирган турк кучларига қаршилик кўрсатмасдан, чиқиб кетишларини талаб қилган эди. Биз бу ҳақда 2016 йил 25 сентябрдаги саволга жавоб нашрамизда қуйидагиларни айтгандик: «Американинг Ҳалабга қаратилган режаларини муваффақиятли амалга ошириш учун қамални такрорлаш керак бўлиб қолди. Америка Ҳалабни қайта қамал қилиш учун қуйидаги икки йўналиш бўйича ҳаракат қилди: Биринчиси: Турк армиясини Сурия шимолига киритиш. Бу иш Жараблус минтақасидан бошланди. Туркия «Фурот қалқони» амалиётлари бошланганини эълон қилиб, Давлат ташкилотига қарши жанг қилиш учун «Туркияга хайрихоҳ» бўлган қўзғолончиларни Ҳалаб жанубидан чақириб олди. Яъни Ҳалабдаги ҳақиқий жанг фронтлари заифлаштирилиб, ички ўзаро урушнинг янги фронтлари очилди. Натижада, қўзғолончилар Ҳалабдаги жанг фронтидан имкон қадар узоқроққа четлатилди». Шундай қилиб, Эрдоган ўзига мойил бўлган гуруҳларни Боб минтақасида жанг қилиш учун чақириб олиб, Ҳалабни қаршилик ҳаракатидан деярли бўшатиб қўйган эди. У ерда фақат оз сондаги мўминларгина собит қолган. Йирик сондаги гуруҳлар эса, Эрдоганнинг Фурот қалқони учун қилган чақириғига жавобан, Ҳалабдан чиқиб кетган эди. Эрдоган бу сафар ҳам ўша хиёнатни такрорлаяпти.
  • Унинг ўша ҳаракатлари ҳамон давом этмоқда. Уларнинг навбатдагиси – Сурия режимининг Идлибдаги муҳим минтақаларни ўз назорати остига олишига имкон беришдан, кейин эса, Туркия буйруқларига итоат қилувчи жангчи гуруҳлар диққатини Афринга буриб, Идлибдаги жанг майдонларидан чалғитишдан иборат. Режим эса, айни пайтда, Америка билан маслаҳатлашган ҳолда, Идлиб томон бостириб келяпти. Шунингдек, бу ерда гўё Америка билан Туркия ўртасида АҚШга тобе янги кучларни тайёрлашга йўл қўймаслик борасида таранглик мавжуд, деган нарса ҳам атайин кўрсатиляпти! Ҳолбуки, Американинг Сурияга Туркия орқали кириши ва у ердаги ўзига малай ташкилотларни, жумладан Курд Халқ мудофааси отрядларини қурол билан таъминлаши, бу кучларнинг аксари Америкага қарашли Сурия демократик кучлари ичида хизмат қилиши ҳамда Эрдоганнинг АҚШга Инжирлик ҳарбий базасини очиб бергани… барчага маълум. Шундай қилиб, Эрдоган – режимнинг Ҳалабга киришини осонлаштириб бериш учун олиб борилган «Фурот қалқони» сюжетини яна такрорлаяпти. Режим Идлиб томон ҳаракатланиб, «Абу Зуҳур» аэродромини қуршаб олган бир пайтда, Эрдоган Афринда жанг бошлади! «Файлақи Шом»даги ҳарбий етакчи Ёсир Абдураҳимнинг таъкидлашича, ушбу жангда 25 минг нафар мухолафат кучлари иштирок этмоқда. Ёсир Абдураҳим жумладан бундай деди: «Сурия озод армиясидан бўлган 25 минг аскар Туркиянинг Африндаги ҳарбий амалиётларида иштирок этмоқда». (Русиял Явм, 2018 йил 23 январ). Албатта буларнинг барчаси Американинг розилиги билан бўляпти. Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли «2018 йил 15 январ душанба куни Канадада АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис билан Сурия бўҳрони ва чегара хавфсизлиги отрядлари масаласини муҳокама қилганини, шунингдек, эртасига сешанба куни Ванкувер шаҳрида бўлиб ўтган «Корея ярим ороли хавфсизлиги ва барқарорлигига оид давлатлараро вазирлар учрашуви» чоғида, АҚШ ташқи ишлар вазири Тиллерсон билан ҳам учрашганини айтди. Човушўғли яна бундай деди – АҚШ мудофаа вазири Мэттис «Биздан (Сурия шимолида янги армия тузилаётгани) тўғрисидаги хабарларга ишонмаслигимизни талаб қилди», бу ишни «Шахсан ўзи кузатиб боришини ва биз билан алоқада бўлишини таъкидлади». (Онадўли ахборот агентилиги, 2018 йил 17 январ).
  • Ўтган икки кун мобайнида Америка томонидан берилган баёнотлар ҳам буни тасдиқлаб турибди. Улардан шуни тушуниш мумкинки, Зайтун новдаси амалиёти, Африн мавзуси, Туркия армияси ва Озод армиянинг ҳаракатлари, ҳаммаси батамом Американинг розилиги билан бўляпти. Шунингдек, Америка билан келишган ҳолда Сурияга кирган Россия ҳам бунга рози бўлган. Қуйида мана шу баёнотлардан айримларини келтириб ўтамиз:
    • «Африндаги турк ҳарбий амалиёти кеча жума куни бошланган кўринади ва афтидан, у ўзининг дастлабки босқичида. Россиянинг ҳарбий полиция кучлари Африн ва унинг атрофидан чиқиб кетганидан сўнг, Туркия пайшанбадан жумага ўтар кечасидан бошлаб, Африндаги муайян минтақаларни кенг кўламда тўхтовсиз бомбардимон қилишни бошлади. Буни Туркия мудофаа вазири Нуриддин Жаникли – Ал-Жазира каналига кўра – «Ҳужумнинг ростдан бошлангани» билан ифодалади. «Арабий Жадид»нинг турк манбасига таяниб хабар қилишича, «Афринни идора қилиш борасида Анқара билан Москва ўртасидаги келишувга муқобил бўлган, шаҳарни назорат қилиш тўғрисида яна бир таклиф ўртага ташланди. Туркия ҳукумати «Фурот қалқони» минтақалари бўйлаб реконструкция қилиш ишларининг асосий қисмини кафолатлайдиган бўлди ҳамда Сочи конференцияси муваффақиятини ўз бўйнига олиб, бу йўлда Сурия мухолафатини конференцияга келишга кўндирадиган бўлди. Бироқ Россия шаҳарни назорат остига олингандан кейин уни Сурия режимига топшириш, у ерда мухолафатчи кучлар қолмаслиги ҳамда Идлиб вилоятида режимнинг кўпроқ муваффақиятларга эришишига ёрдам бериш масаласида қаттиқ турибди. Шу нуқтаи назардан, кеча турк мудофаа вазири Нуриддин Жаникли ўзининг телевизион интервьюсида «Россия режимни қаттиқ қўллаб-қувватлаётганини биламиз», деди. Туркия амалиётининг қанча вақт давом этиши ҳақида эса, турк манбаи «Арабий жадид»га «Бу амалиёт кўпи билан беш-олти ой давом этиши кутилмоқда», деди. Айни манба яна «Вашингтон билан дипломатик каналлар бузилмагани»ни таъкидлади». (Арабий жадид, 2018 йил 20 январ).
    • «Россия ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида «йигирманчи январда Туркия Суриянинг шимоли ғарбий қисмидаги Африн шаҳри яқинида жойлашган ўз кучларига мурожаат қилди. Москва бу маълумотдан хавотирда», деди, сўнг «Вазият ривожини диққат билан кузатиб бораётгани»ни билдирди. Баёнотда қўшимча қилинишича, Россия Сурия можаросини ҳал этишдаги саъй-ҳаракатлар билан боғлиқ ўзининг позициясини ўзгартирмайди ҳамда ушбу мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини сақлаш ва суверенитетини ҳурмат қилишга таянади». (Рудав, 2018 йил 1 январ).
    • «Қўшма Штатлар айни турк ҳарбий амалиётининг муддат ва минтақа жиҳатидан чекланган бўлишини истайди ҳамда фуқаролар ҳаёти муҳофазаси йўлида босиқ бўлишга чақирди… АҚШ ташқи ишлар вазирлиги матбуот воизаси Хизер Нойерт «Биз фуқаролар ҳаёти муҳофазаси йўлида Туркияни босиқ бўлишга, ҳарбий амалиётларини муддат ва доира жиҳатидан чекланган бўлишини таъминлашга, оддий фуқаролар орасида талофатлар бўлишидан сақланишга тарғиб этамиз», деди. Якшанба куни АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис – Туркия ўз ҳаракатларини бошлашдан олдин Қўшма Штатларни хабардор қилганини таъкидлаб, Вашингтон Анқара билан биргаликда воқеалар ривожини кузатиб бораётганига эътиборни қаратди… Нойертга кўра, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўзининг америкалик ҳамкасби Рекс Тиллерсон билан бирга «Сурия шимолида барқарорликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар»ни муҳокама қилган… Турк ташқи ишлар вазири ҳам ўзининг америкалик ҳамкасби билан айни ҳарбий амалиётни муҳокама қилди, аммо ҳалигача томонлар ўртасидаги суҳбатни очиқлагани йўқ». (Би-Би-Си арабий, 2018 йил 22 январ).
    • «АҚШ ташқи ишлар вазири Рекс Тиллерсон – Сурия шимоли ғарбида Анқаранинг хавфсизлик эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган хавфсиз зона ташкил қилиш масаласида Туркия билан биргаликда ҳаракат қилишга Американинг умидвор эканини билдирди. АҚШ марказий қўмондонлиги раиси генерал Жозеф Вотел – Туркия Африндаги ўзининг ҳарбий амалиётлари ҳақида Американи хабардор этганини маълум қилди. Вотелнинг таъкидлашича, Африн АҚШнинг ҳарбий амалиётлари доирасига кирмайди… АҚШ мадофаа вазирлиги «вазиятни кескинлаштирмаслик»ка чақириб, Туркиянинг минтақа хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирларини тушунишини таъкидлади». (Русиял Явм, 2018 йил 23 январ).
    • «АҚШ армияси марказий қўмондонлиги – Туркия Суриянинг Африн шаҳридаги ўзининг ҳарбий амалиётлари ҳақида уларни хабардор қилганини айтди. Бир вақтнинг ўзида, Африн АҚШнинг ҳарбий амалиётлари доирасига кирмаслигини ҳам таъкидлади. АҚШ армияси марказий қўмондонлиги раиси генерал Жозеф Вотел якшанба куни берган пресс-конференцияда Туркия амалиёт олиб бораётган минтақага Американинг алоҳида эътибор қаратмаётганини қўшимча қилди». (Қудс Пресс, 2018 йил 21 январ).
    • «АҚШ ташқи ишлар вазири Рекс Тиллерсон – Сурия шимоли ғарбида Туркиянинг хавфсизлик эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган хавфсиз зона ташкил қилиш масаласида Туркия билан биргаликда ҳаракат қилишга Американинг умидвор эканини билдирди. Унинг бу баёноти Туркия қуролли кучлари Сурия озод армияси билан биргаликда Суриянинг Африн минтақасида «Зайтун новдаси» амалиётларини бошлаганидан уч кун ўтиб янгради. АҚШ ташқи ишлар вазири: «Биз турк масъуллари ва Сурияда фаолият олиб бораётган айрим кучлар билан қандай қилиб вазиятни барқарорлаштириш ҳамда Анқаранинг хавфсизлик билан боғлиқ қонуний хавотирларига қандай жавоб бериш кераклигини муҳокама қиламиз» деди». (Турк Пресс, 2018 йил 23 январ).
    • «Анқаранинг жаҳлини чиқарган Америка эълони, яъни «чегараларни қўриқлаш» вазифаси юклатиладиган 30 минг аскарни ташкил қилиш нияти тўғрисидаги эълони АҚШ ташқи ишлар вазири Рекс Тиллерсонни бу ҳақда баёнот бериб, уни изоҳлашга мажбур қилди. Тиллерсон ҳукумат самолёти бортида журналистларга берган интервьюсида «Ўзининг мамлакати Сурия ҳудудида ҳеч қандай куч ташкил қилмоқчи эмаслиги»ни билдирди. Шунингдек, «Онадўли» ахборот агентлигига кўра, Тиллерсон – Сурия ҳудудида хавфсизлик кучларини ташкил қилиш кўзланаётгани тўғрисидаги хабарларни Қўшма Штатлар Туркияга изоҳлаб беришга мажбур эканини қўшимча қилди. Нойерт ҳам «Биз маҳаллий гуруҳлар билан ҳамкорлик мақсадлари ҳақида турклар билан фикр алмашдик. Зеро, бу гуруҳлар ИШИДдан тортиб олинган минтақалар хавфсизлигини таъминлайди», деди. (Ориент нет, 19 январ 2018 йил».
    • «Ўтган сешанба Пентагон матбуот воизи Эрик Пехон – Сурияда ташкил қилиниши режалаштирилаётган чегара хавфсизлик кучлари билан боғлиқ Туркия хавотирларини Америка тушуниб турганини, бу масала турк масъуллари билан муҳокама қилинаётганини билдирди. Саволларга жавоб берар экан, Пехон – Америка ўзининг НАТОдаги иттифоқчиси бўлган Туркиядек бир ҳамкори билан мунтазам ва яқин алоқада эканини таъкидлади. «Онадўли» ахборот агентлиги мухбирига кўра, Пехон жавоб бериш асносида «кутилаётган чегара хавфсизлик кучлари», деган иборани қўллади… Пайшанба куни эса, АҚШ ташқи ишлар вазири Рекс Тиллерсон чиқиш қилиб, Қўшма Штатларнинг Сурияда ҳеч қандай чегара хавфсизлик кучларини ташкил қилиш нияти йўқлигини билдирди. У буни шу хусусдаги хабарларга изоҳ сифатида айтди. Тиллерсон пресс-конференцияларнинг бирида «Масалани тасвирлаш ва талқин қилишда хатолик содир бўлган. Баъзи шахслар нотўғри гапириб қўйган. Ҳеч қандай чегара кучларини ташкил қилаётганимиз йўқ», дея қўшимча қилди». (Ени Шафақ, 2018 йил 17 январ).

Юқоридаги баёнотлардан кўриниб турибдики, Зайтун новдаси Туркиянинг АҚШ ва Россия билан мувофиқлашган ҳолда кўтариб чиққан «новда»сидир. 30 минг аскардан иборат чегара кучларини ташкил қилиш тўғрисидаги Американинг дастлабки берган баёнотлари эса, Африн амалиётини оқлаш учун айтилган баёнотлардир. Амалиёт бошлангандан кейин эса, ўз баёнотларини инкор қилишга ўтиб олди. Чунки мақсад амалга ошган эди!

  • Демак, Туркиянинг Суриядаги ҳаракатлари – у ердаги илмоний режимни мустаҳкамлашдек Америка лойиҳасига хизмат қилиш учун олиб бориляпти. Эрдоганнинг оташин баёнотлари эса, содда одамларни алдаш учун айтилган ва тилда бору амалда йўқ алдовлардан ўзга нарса эмас. Илгари «Биз иккинчи Ҳамага ҳаргиз йўл қўймаймиз», дегандан кейин ҳам, режим Суриянинг ҳар бир шаҳар ва районларида Ҳамада содир этган қирғинларини такрорлади… Шунингдек, Эрдоганнинг сунъий ҳаракатлари ҳам бирор бир самимий амалиётларни келтириб чиқармайди. У ўзининг адаштирувчи, ёлғон гаплари билан доим содда инсонларни лақиллатиб келади. Мисол учун, Қуддусни яҳуд вужуди пойтахти сифатида тан олиш тўғрисидаги Трамп қарорига нисбатан айтган гапларини олайлик. Эрдоган – агар Америка Қуддусни яҳуд вужуди пойтахти, дея тан олса, яҳуд вужуди билан алоқаларни узиш билан таҳдид қилди. Бироқ на яҳуд вужуди билан, на уни куч-қудрат ва тирик қолиш сабаблари билан таъминлаётган АҚШ билан алоқасини узди. Аксинча, Фаластиннинг 80 % еридан яҳудийлар учун воз кечишга қаратилган икки давлат ечимига чақириб, Шарқий Қуддус Фаластин пойтахти бўлишига, Ғарбий Қуддусдан эса яҳудийлар учун воз кечишга тарғиб қилди. Унинг Сурияда қилган ва ҳамон қилаётган ишлари ҳамда содир этаётган қатор хиёнатлари Россия, Америка ва қонхўр режимдан иборат душманларимизнинг Шомдаги ҳозирлигини янада кучайтирмоқда. Унинг бу хиёнатларига Ҳалабни топшириш, Американинг Сурияга аралашиши учун унга ўзининг базаларини очиб бериш, Россия самолётлари учун Туркия ҳаво бўшлиқларини очиб бериш ёки Остона учрашувлари каби бир қанча ишларини мисол қилса бўлади. Зеро, бу Остона учрашувлари айрим қуролли гуруҳлар етакчиларини ундаги қарорларни қабул қилишга мажбурлаш учун ўтказилди. Мана шу учрашувлар сабабли «вазиятни юмшатиш», деган баҳона билан режимга қарши фронтлар олови ўчирилди ҳамда баъзи бир минтақалардан кучларни олиб чиқиб кетилиб, ўша минтақалар режимга топширилди. Натижада, ўша гуруҳларнинг ўзлари Идлиб ва бошқа ерларда қамал қилинди… Мана энди, Зайтун новдаси мавзусида навбатдаги хиёнат саҳнаси бошланиб, режимнинг Идлибга кириб олишига имконият яратиб берилмоқда!

Хуллас калом, биз барча гуруҳларга юзланиб, уларни Эрдоганнинг бу каби ҳаракатларига алданиб қолмасликка, Идлибни режимга бўшатиб бермасликка… Ҳалабдаги мусибатларини унутмасликка, имом Бухорийнинг Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, Абу Ҳурайра Набий ﷺдан ривоят қилган қуйидаги ҳадислари барчаларига эслатма бўлишига чақирамиз. Пайғамбар ﷺ айтдилар:

«لَا يُلْدَغُ الْمُؤْمِنُ مِنْ جُحْرٍ وَاحِدٍ مَرَّتَيْنِ»

«Мўмин битта тешикдан икки марта чақтирмайди». Модомики, мўмин икки марта алданмаслиги керак экан, бу етакчиларнинг қайта-қайта алданаётганини нима дейиш мумкин?!!

 إِنَّ فِي ذَلِكَ لَذِكْرَى لِمَنْ كَانَ لَهُ قَلْبٌ أَوْ أَلْقَى السَّمْعَ وَهُوَ شَهِيدٌ 

«Албатта бунда (огоҳ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи ҳозир бўлган ҳолда (яъни сидқидилдан) қулоқ тутган киши учун эслатма-ибратлар бордир» [Қоф 37]

 

6 жумодул-аввал 1439ҳ

24 январ 2018м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here