Эрон АҚШни фитнага ундашда айблади

Эрон АҚШни фитнага ундашда айблади

 Эроннинг БМТдаги доимий вакили Ғулом Али Хушрав БМТга расмий шикоят юбориб, АҚШни Эрон ишларига аралашиш ва зўравонликка ундашда айблади. Бу ҳақда Tasnim агентлиги хабар бермоқда.

 “АҚШ ҳукумати халқаро ҳуқуқ, давлатлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишнинг барча принципларини бузишда давом этмоқда. Дональд Трамп раҳбарлигидаги Америка маъмурияти сўнгги кунларда Эроннинг ички ишларига уялмасдан аралашди, бу зўравонлик ҳамда вандализмга олиб келган норозилик намойишларини қўллаб-қувватлашда ўз аксини топди”,- дейилади матнда.

 Эронлик дипломатнинг сўзларига кўра, АҚШ президенти ва унинг ёрдамчиси кулгига сабаб бўлувчи твитлар орқали эронликларни қўпорувчилик ва фитна ҳаракатларига ундаган.

 “Эрон Ислом Республикаси ҳукумати барча мамлакатлардан бу хавфли сиёсатнинг қораланишини кутмоқда ҳамда Қўшма Штатлардан БМТ ва халқаро ҳуқуқ принциплари асосида масъулият билан ҳаракат қилишни талаб этади”, — дея таъкидланади хабарда.

 Мамлакат президенти Ҳасан Руҳонийнинг маълум қилишича, намойишлар давлатдаги ички муаммолар туфайли, шунингдек бошқа мамлакатлар фитнаси билан ўтказилмоқда. ОАВ маълумотларига кўра, норозилик намойишлари вақтида камида 20 киши ҳалок бўлди. Теҳронда сўнгги уч кун ичида тахминан 450 киши қўлга олинди.

 3 январ куни Эрон Инқилоб соқчилари корпуси раҳбари Муҳаммад Али Жаъфарий мамлакатни кейинги ҳафта давомида қамраб олган норозилик намойишлари якунлангани ҳақида маълум қилди.

 АҚШ президенти Дональд Трамп эса Вашингтон Эрондаги норозилик намойишлари қатнашчиларига “керакли вақтда” қўллаб-қувватлов тақдим этишини айтди.

Дўстларингизга юборинг

Шарҳ қолдириш