Эрбаш: Шариат қонунлари билан давлат қонунлари ўртасида зиддият мавжуд

Эрбаш: Шариат қонунлари билан давлат қонунлари ўртасида зиддият мавжуд

Туркиянинг диёнат ишлари бўйича вазири профессор доктор Али Эрбаш ҳозирда давлат қонунлари билан шариат ҳукмлари ўртасида фарқ мавжудлигини ва бу иккиси бир-бирига уйғун эмаслигини билдирди. Диний кенгаш томонидан давлат қонунларига зид равишда чиқарилган фатволарнинг оммавий ахборот воситаларида реакцияга учраши Али Эрбашнинг “Евроосиё Ислом Кенгаши фатво мажлиси”да бу ҳақида сўз очишига туртки бўлди. Эрбашнинг таъкидлашича, диний кенгаш томонидан чиқарилган фатволар билан давлат қонунлари ўртасида зиддият мавжуд. Бирида жоиз бўлган нарса иккинчисида ҳаром бўлиши мумкин.

“Масалан, – дейди диёнат ишлар вазири – давлат тизимидаги қонуний (ҳалол бўлган) иш диний нуқтаи назардан жоиз бўлмаслиги, яъни ҳаром бўлиши мумкин. Бунга фоиз (судхўрлик) масаласини мисол қилиб келтириш мумкин. Фоиз давлатга кўра қонунийдир (яъни ҳалолдир). Аммо Ислом динига кўра тақиқланган. Ёки маст қилувчи ичимликлар, қимор ўйинлари, омадли ўйинлар (лотариялар) ва ҳоказо… буларнинг ҳаромлиги оятларда очиқ-ойдин баён қилинган. Булар ҳақида берилган саволга “жоиз эмас” ёки “ҳаромдир” деб фатво берилган бўлса, айрим кимсалар ўзларича бу фатвога қарши чиқадилар. Бу ерда давлат назарида қонуний (ҳалол) бўлган нарса баъзан диний нуқтаи назардан жоиз эмаслиги, ҳаромлиги маълум. Фуқаролар кенгаш томонидан берилган фатволарни кўрганларида шу нарсага эътибор беришларини истардим”.

Али Эрбаш давлат рухсат берган нарсаларнинг ҳаром деб фатво берилишига қарши чиққан кимсаларга раддия берар экан, шаръий ҳукмлар давлат қонунларига эмас, балки Қуръон, Суннат, Ижмо ва Қиёсга таянишига урғу берди.

“Айниқса, айрим кимсалар – давлат қонуний (ҳалол) қилиб қўйган нарса ёки ишларни сен қандай ҳаром қила оласан – дея бир қанча танқидларни ёғдириб ташлайди. Бу ерда кенгашимиз ёки фатво бериш вазифаси юклатилган кишиларнинг таянадиган асослари Қуръон, Суннат, Ижмо ва Қиёсдир. Бундан ташқари мазҳабларнинг қарашлари ҳам бор”, деди Али Эрбаш.

Диёнат ишлари вазири сўзининг якунида Қуръони Каримнинг Моида сурасидан ушбу оятни келтирди:

أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنْ اللَّهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ

“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Иймонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”. (Моида 50)

Дўстларингизга юборинг

Шарҳ қолдириш