Путин навбатдаги сайловда ҳам қатнашади

Путин навбатдаги сайловда ҳам қатнашади

 Россия президенти Владимир Путин 2018 йилги президент сайловида иштирок этишини маълум қилди.

 Путин Нижний Новгороддаги Горкий автомобиль заводи ташкил этилганига 85 йил тўлиши муносабати билан ўтказилаётган тадбирда чиқиши вақтида бу ҳақда расман маълум қилди.

 “Мен Россия Федерацияси президентлиги учун номзодимни илгари сураман. Бу ҳақда эълон қилиш учун бундан яхшироқ вақт ва жой йўқ эди. Россия фақат олдинга юради ва бунда унга ҳеч ким тўсиқ бўла олмайди, ҳеч ким тўхтата олмайди”,- деди Путин.

 Бунгача Путин ОАВ томонидан у навбатдаги президентлик сайловида қатнашиши эҳтимоли ҳақидаги саволларини очиқ қолдириб келаётганди.

 Россияда сайловолди кампанияси 2017 йилнинг 17 декабрида бошланади. Овоз бериш жараёни 2018 йилнинг 18 мартида бўлиб ўтади.

 Агар Путин бу сайловда ғалаба қозонса, тўртинчи муддатга Россия президенти бўлади ва 2024 йилгача шу лавозимда бўлади.

 Бунгача президентлик сайловида иштирок этиш истаги КПРФ етакчиси Геннадий Зюганов, ЛДПР етакчиси Владимир Жириновский, “Яблока” асосчиси Григорий Явлинский, тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳимояси бўйича вакил Борис Титов ҳамда телебошловчи Ксения Собчак томонидан билдирилганди.

Дўстларингизга юборинг

Шарҳ қолдириш