Меҳмет Гўрмез: Ҳар бир мўмин Халифаликдан масъулдир

Меҳмет Гўрмез: Ҳар бир мўмин Халифаликдан масъулдир

Туркиянинг диёнат ишлари бўйича собиқ вазири доктор Меҳмет Гормез Иқтисодий ва Ижтимоий тадқиқотлар марказининг ҳафталик “Чоршанба конференцияси”да меҳмон бўлди. Конференцияда сўзга чиққан Гўрмез Қуръони Карим инсонларнинг яратилиш масаласини энг гўзал шаклда ёритиб берганлигини таъкидлади.

“Қуръонда инсоннинг яратилиши ҳақида жуда кўп оятлар мавжуд. Аммо бу оятларнинг барчасини тўртта яратилиш ғоясига, яъни ибодат, халифалик, амонат ва ободончилик ғоясига боғлаб тушунишимиз мумкин”, “Ибодат учун содиқлик ва самимият керак. Халифалик амалда бўлиши учун адолат зарур. Амонатни ўз ўрнига қўйиш учун Халифалик талаб қилинади. Ободончилик вазифасини бажариш учун эса жиҳод ва ижтиҳод талаб қилинади. Биз буларни қандай амалга оширишни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳаётидан ўрганамиз”, деди Гўрмез.

Ибодат сўзини фақат тоат-ибодат сифатида талқин қилиш нотўғри эканини таъкидлаган Гўрмез “Ибодат бу – ҳаёт тарзидир, у одамларнинг ўз яратувчисини таниб яшашга имкон беради. Ибодат бу – инсон ўз ҳаётини Аллоҳнинг хоҳшига кўра тартибга солишидир. Фақат тоат-ибодат билан машғул бўлишнинг ўзи етарли эмас”, дея қўшимча қилди.

Шунингдек, собиқ вазир Халифалик Мусулмонларнинг энг муҳим вазифаси эканлигига алоҳида урғу берди. Вазирга кўра, Халифалик бутун дунё масъулиятини мусулмонларнинг зиммасига юклайди.

“Халифалик мусулмонларга дунё устидан жавобгарликни юклайди. Ҳар бир мўмин Халифалик учун масъулдир. Бу масъулият инсонларни бошқариш истагига боғлиқ эмас. Бу масъулият Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам) келтирган динни бутун дунёга олиб чиқиш вазифасидир. Халифаликнинг вазифаси Ислом раҳм-шафқатини бутун дунёга ёйишдир. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг уммати эса, бутун дунё устидан масъулдир”, деди собиқ вазир.

Дўстларингизга юборинг

Шарҳ қолдириш