АҚШ мутахассислари: Афғонистонда ўз қабримизни кавлаяпмиз

АҚШ мутахассислари: Афғонистонда ўз қабримизни кавлаяпмиз

АҚШ Президенти Доналд Трамп душанба куни кечқурун АҚШнинг Афғонистонга доир янги стратегиясини эълон қилиб, Афғонистонга кўпроқ аскар юбориш ва “ғалаба қозониш учун жанг қилиш”га ваъда берди. Президент Трампнинг янги Афғонистон стратегияси АҚШ тарихида энг узоқ давом этган Афғон урушини номаълумлик гирдобига тортиш билан изоҳланмоқда.

“Тезкор чекинишнинг натижалари бир тарафдан ижобий бўлса, бошқа бир тарафдан уни қабул қилиб бўлмайди. Шошма-шошарлик билан чекиниш бўшлиқ яратади. Натижада бу бўшлиқ ИШИД ва Ал-Қоида террорчилари билан тўлдирилади”, “Биз яна бир халқ падо қилаётганимиз йўқ, террористларни ўлдиряпмиз”, деди Трамп Вашингтон ташқарисидаги бир ҳарбий базада сўзлаган нутқида.

Президент Трамп Сайлов кампаниясида АҚШ кучларининг Афғонистондан аста-секин чиқиб чиқилишини ваъда қилган эди.

Трампнинг янги қарори Америкалик ҳарбий маслаҳатчилар томонидан салбий баҳоланганлиги кузатилмоқда. Ню-Ёрк Таймс ва CНН ахборот агентлигига интервю берган миллий хавфсизлик масалалари бўйича эксперт Метю Росенберг “биз ғалаба учун курашамиз – дегани нимани англатади? Америкалик 100 минг аскар Толибонни йўқ қила олмадику”, дея Трампнинг янги стратегиясига эътироз билдирди.

Депутат Валтер Жонс ҳам Трампнинг янги стратегиясига баҳо берар экан, “Тарих шуни кўрсатадики, Афғонистон императорликларнинг қабри бўлган. Америка ҳам 16 йил давомида у ерда ўз қабрини кавламоқда”, дея илова қилди.

Толибон ҳаракати Доналд Трампнинг «янги стратегияси» ҳақида расмий баёнот чиқариб, шундай деди: “Афғонистонни Америка ишғолидан халос қилиш бизнинг диний ва миллий бурчимиздир. Танамизда жон бор экан, биз бу вазифага содиқ қоламиз Америка урушни давом эттириш ўрнига, Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ҳақида ўйласа ўзи учун яхши бўлар эди. Агар Америка ўз қўшинларини олиб чиқиб кетмаса, Афғонистон Америка империясининг қабри бўлиб қолади ва Америка раҳбарлари буни тасаввур қилиши узоққа чўзилмайди”.

Туркистон:

16 йилдан буён давом этиб келаётган ва минглаб Америка аскарларининг ўлими, ўн минглаганининг майиб-мажруҳ бўлиб қолишига сабаб бўлган Афғонистон жанги АҚШ тарихидаги энг узоқ давом этган уруш ҳисобланади. Дарҳақиқат Ироқдан ҳолдан тойиб чиққан АҚШни бир тарафдан Араб баҳори, хусусан Сурия масаласи тентиратиб қўйган бўлса, иккинчи тарафдан Хитойнинг иқтисодий юксалиши унга “бош оғриқ” бўлмоқда. Мана шулар сабабли АҚШ учун Афғонистоннинг аҳамияти бироз камайган эди.

Бироқ Америка бугунги кунга келиб Афғонистон стратегиясини жиддий тарзда қайта кўриб чиқишга мажбур бўлмоқда. Чунки Афғонистонда 16 йил жанг олиб борган Америка ва НАТО қўшинлари дунёнинг энг юксак ҳарбий технологияларига эга бўлишига қарамай, муваффақиятсизликка юз тутди. Шунингдек Толибон билан ўтказмоқчи бўлган тинчлик музокаралари ҳам фойда бермади. Шунинг учун айтиш мумкинки, 16 йилдан кейинги Афғонистондаги вазият АҚШ учун жуда даҳшатлидир. Ҳатто Америка аскарларига қарши уюштирилаётган кўпгина ҳужумлар АҚШнинг ўзи тарбиялаган Афғонистон армияси сафидаги аскарлар тарафидан содир этилмоқда.

 “Carnegie Foundation” фонди тарафидан тайёрланган ҳисоботда келтирилишича, Афғон уруши АҚШ учун йиллик қиймати 23 миллиард долларга тушмоқда. Бу эса АҚШ маъмурияти Афғон жанги учун ҳар бир соатда 2.5 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлаётганлигини англатади. Шунингдек, ҳисоботда молиявий сарф харажатдан ташқари у ерда АҚШнинг вариантлари тугаганлиги ҳам таъкидланади.

Кўриниб турибдики, Америка Афғонистонда чуқур инқироз ва чорасизликни бошидан кечирмоқда. Шу боис у Афғон урушининг ҳароратини камайтиришга мажбур. Бунинг учун АҚШ қўмондонлари Афғонистонга қўшимча аскар юборишни талаб қилишмоқда. АҚШнинг бу ҳаракати муаммони ҳал қилмаса-да, унинг бундан бошқа чораси қолмади.

Дўстларингизга юборинг

Шарҳ қолдириш