Украиналик ҳарбийлар Донбассда яна жанглар тикланганини хабар берди

474
0

Украиналик ҳарбийлар Донбассда яна жанглар тикланганини хабар берди

“Kun.uz”нинг хабар қилишича, Украиналик ҳарбийлар Донецк халқ республикаси вакилларини ҳукумат қўшинлари позицияларига янги ҳужумни уюштириш ҳамда минтақада 2014 йилдан буён давом этаётган можарони авж олдиришда айблашди.

 Донбассда жойлаштирилган 72-алоҳида механизацияланган бригаданинг “Би-би-си”га маълум қилишича, 31 январь куни эрталаб ДХР тарафдорлари сулҳни тиклаш ҳақида таклиф қилишди, кейинчалик эса кутилмаганда ҳужумга ўтишган.

 Бригадада маълум қилишларича, ҳужумдан аввал маҳаллий вақт билан эрталабки соат 7 да Авдеевка туманида замбарак орқали ўт очилган. Украина ҳарбийлари сўзларига кўра, шундан сўнг ДХР тарафдорлари ҳужум қилишди.

 Бригада матбуот зобити Елена Мокренчук сўзларига кўра, ҳужум тўхтатилган, бироқ жанг ҳозирга қадар давом этмоқда. Бригадада якшанба кунидан бери отишмалар туфайли етти киши ўлдирилганини тасдиқлашди.

 Донецк ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари Павел Жебривский ҳам янги жанг ҳақида хабар берди. Унинг қўшимча қилишича, айни дамда маъмурият ДХР тарафдорлари билан ўт очишни тўхтатиш борасида музокаралар олиб бормоқда.

 Стратегик муҳим пункт деб ҳисобланувчи Авдеевка ҳудуддаги энг қайноқ нуқталардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳарбийлар маълумотига кўра, унга реактив ва тўп артиллериясидан, шунингдек, танклар ёрдамида ўт очишмоқда.

 ДХРнинг ўзида эса можаро кучайишида украиналик ҳарбийларни айблашди. Республика вакиллари тўрт нафар жангчиси қурбон бўлганини тан олди ҳамда Украина ўз талофотларини пасайтириб кўрсатганини маълум қилди.

 Украина президенти Пётр Порошенко 31 январь куни Германияга бўлган ташрифини мамлакат шарқидаги можароли ҳудудда вазиятнинг кескинлашиши туфайли тўхтатди. Унинг матбуот хизмати Авдеевкада отишмалар сабаб фавқулодда ҳолат юзага келганини ва бу гуманитар ҳалокатга чегарадошлигини маълум қилишди.

 Аввалроқ маҳаллий ҳукумат отишма туфайли зарар кўрган электрузатиш тармоқлари ишламаётгани сабабли Авдеевканинг 25 минг аҳолиси чироқсиз қолганини хабар берди. Шаҳарда, шунингдек, сув ва иситиш тизими ҳам йўқ.

 Кутилишича, Порошенко таркибига Украина, Россия ва ЕХҲТ кирувчи уч томонлама алоқа гуруҳининг навбатдан ташқари йиғилишини чақиради. Унинг учрашуви 1 февралга режалаштирилганди, бироқ эндиликда 31 январь куни бўлиб ўтиши мумкинлиги хабар қилинди.

Маълумот учун, стратегик аҳамиятга эга Авдеевкадаги вазиятнинг жиддий кескинлашиши 29 январга ўтар кечаси юз берди. Можарода иштирок этаётган томонлар ҳодисада бир-бирларини айблашди. “Рейтер” агентлиги Украина ҳарбийлари бир ярим ойдаги энг йирик талофотга эга бўлганини таъкидлаб ўтган.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here