Россия билан Украина ўртасидаги вазиятлар ривожи

428
0

Россия билан Украина ўртасидаги вазиятлар ривожи

 Оммавий ахборот воситаларида Россия миллий чегара қўшинлари 7 август куни Украина билан Россия томонидан аннексия қилинган Қрим Ярим ороли чегарасини кутилмаганда ёпиб қўйгани тўғрисида хабарлар тарқалди.

9 августда Қрим Ярим оролидаги ички ишлар вазирлиги Қримнинг шимолий қисмида беш нафар чегарабузувчиларни қидириш билан боғлиқ «қалъа» амалиёти ўтказишга буйруқ берди. Рус ахборот воситалари федерал хавфсизлик хизмати томонидан 7 августда Армянск шаҳри яқинида «қуролланган гуруҳ» қўлга олингани тўғрисида хабар тарқатган эди. Россия бир баёнотда «тўқнашув чоғида рус аскарлари орасида қурбонлар борлигини, Федерал хавфсизлик хизмати, ички ишлар вазирлиги ва рус миллий чегара қўшинлари минтақани ёпиб қўйгани» ҳақида хабар тарқатди.

Россия Федерал хавфсизлик кучлари 10 августда Украина махсус кучларига қарашли аскарлар қўлга олинганини, улар Қрим Ярим оролида террорчилик ҳужумларини режалаштиришганини хабар қилди. Ахборот воситаларида рус разведка хизмати тақдим этган видеолавҳа тарқатилиб, унда айни чегарабузувчиларга қарашли 20 дона қўлбола портловчи мослама, шунингдек, ўқ-дорилар, гранаталар, қуроллар ва турли русумдаги миналар сақланган жойлар тасвирланган. Ўша куннинг ўзида Москвада Россия президенти Владимир Путин Киевни «террорчилик билан шуғулланишга» ўтганликда айблаб, Донбасдаги низони бартараф этиш масаласида ортиқча музокаралардан фойда йўқлигини айтди. У жумладан бундай деди: «Аслида, бизнинг разведка хизматимиз Украина мудофаа вазирлигига қарашли бир гуруҳ чегарабузувчилар ва разведкачиларнинг Қрим Ярим оролига кириб олишларидан қайтара олди. Ҳозирги бундай ҳолатда Нормандия учрашувининг ҳеч қандай мазмуни қолмади, хусусан, Хитойдаги учрашувда. Агар айни дамдан келиб чиқиб ҳукм чиқарадиган бўлсак, Киевда ҳокимиятни эгаллаб олганлар – ҳозирда ҳам улар ҳокимиятни маҳкам ушлаб туришибди – бирорта ҳам ўртача ечимни излашаётгани йўқ. Тинчлик ечимига эришиш йўлларини қидириш ўрнига, улар террористликка ўтишди. Бундай ҳолда, табиийки биз бу ишларга кўз юма олмаймиз». Айни ҳодисалар содир бўлиши ортидан Россия Қрим Ярим оролининг шимолий қисмига қўшимча кучлар ва зирхли машиналар юборди.

Украина мудофаа вазирлиги 11 августда рус томонидан қўйилган айни айбловларни рад этиб, ўз навбатида, русларни чегарабузарликда айблади ва бу отишмалар рус аскарлари билан Россия Федерал хавфсизлик хизматига қарашли чегара кучлари ўртасида бўлиб ўтганини билдирди.

Айни воқеа-ҳодисалар орқали кузатиш мумкинки, бу ерда рус томонининг алоҳида роли бор, афтидан, у вазиятни қасддан мураккаблаштирмоқда. Чегара ҳодисалари тафсилотлари, аслида, жуда кўплаб саволларни пайдо қилади. Чунки Россия ҳукумати тарқатаётган воқеалар тафсилоти умуман тескари хабарлардан иборат. Улардан энг муҳими, Россия қарашларига кўра, гўё Украина ҳукуматининг Қрим Ярим оролида террорчилик ҳужумларини режалаштираётгани тўғрисидаги гапдир. Бу ақлга мутлақо тўғри келмайдиган гап! Россиянинг вазиятни қасддан мураккаблаштираётганига яна бир далил бор: Путиннинг ҳужумкор буёноти. Бу баёнотида у Украина ҳукуматини террорчиликда айблаяпти, Нормандия анжуманидан бирор фойда чиқишига шубҳа билдиряпти, ҳатто ҳозирги ҳукуматни ҳам ҳокимиятни куч билан эгаллаб олганликда қайта айблаяпти. Ҳолбуки, рус ҳукумати бунга ўхшаш гаплардан анча вақтдан буён тийилиб қолганди.

Қрим Ярим ороли чегараларида ҳодисалар содир бўлишидан олдин Россия-Украина ўртасида содир бўлган ҳодисаларга ҳам эътибор қаратмоқ лозим: 29 июлда Россия ташқи ишлар вазирлиги Михаил Бабични Россиянинг Украинадаги элчиси лавозимига номзод қилиб кўрсатиш таклифини қўйди, ДУМА уни маъқуллади. Аввалги элчи Михаил Зурабов эса бир кун олдин президент Путин кўрсатмаси билан ишдан олинган эди. Шунга эътибор қаратмоқ лозимки, Зурабов Россия билан Украина ўртасида уруш ҳолати бўлишига қарамай, Украина ҳукумати билан бўлган муносабатларни ҳам, президент Порошенко билан бўлган шахсий муносабатларни ҳам жуда яхши ўрнатиб келганди. Бабич биринчи иш фаолиятини Россия федерациясига қарашли қуролли кучларда ва хавфсизлик хизматида бошлаган. Кейинчалик ўтган йигирма йилни Россия ҳукумати ва регионал ҳукуматлар каби турли сиёсий лавозимларда ўтказди. 2002-2003 йилларни Чеченистон бош вазири лавозимида ўтказди ва у ерда ҳам Федерал хавфсизлик хизмати аъзоси ҳисобланарди. Аслида, Россиянинг Украинада хизмат қилган ҳар қандай элчисининг роли хос рол бўлиб, деярли АҚШнинг турли давлатлардаги элчилари ролига ўхшайди. Масалан, Россиянинг Киевдаги элчиси Украинадаги россияпараст сиёсий кучлар фаолиятини мувофиқлаштиришга жавобгар бўлади. Демакки, Федерал хавфсизлик хизматидаги зобит Бабични Зурабовдек фуқаровий сиёсатчига алмаштириш Украина ҳукумати учун яхши нарса эмаслиги табиий. Шунинг учун ҳам Украина томонининг айни ўзгаришга жавоби ғоят қаттиқ бўлди, янги тайинланган шахсга рози бўлмади. Масалан, Украина ташқи ишлар вазири ўринбосари Елена Зеркаль 3 августда «бу масала кун тартибида бўлмаган ва чиқариб ташланган масаладир», деди. Кейин, элчининг йўқлиги икки давлатнинг ўзаро муносабатлари ривожига асло таъсир қилмайди, бинобарин, Россиянинг Украина ҳукумати реакциясини қўзғаб, ҳали чегарабузувчилар воқеаси бўлмай туриб, муносабатларни атайин мураккаблаштиришни истаётганини билиш мушкул эмас, деди.

Лекин Кремьлнинг Украина билан вазиятни мураккаблаштиришдан мақсади нима, ваҳоланки, Россиянинг аҳволи бунинг акси ўлароқ, у муносабатларни юмшатишга кўпроқ эътибор бериши лозимку? Бунинг жавоби Путиннинг баёнотларида мужассам. У Қрим Ярим ороли билан чегарадош ерларда чегарабузувчилар амалиёти фош этилиши ортиданоқ, 10 августда журналистларнинг – сентябрда Хитойда ўтказиладиган 20лик давлатлар саммити чоғида Нормандия учрашуви ҳам бўлиши мумкинми, деган саволларига бундай жавоб берди: «Ҳозирги бундай ҳолатда Нормандия учрашувининг ҳеч қандай мазмуни қолмади, хусусан, Хитойдаги учрашувда. Шунга қарамай, мен америкалик ва европалик ҳамкорларимизни шунга чақираман. Ишонаманки, Киев ҳокимияти бугунги кунда муаммони музокаралар орқали ҳал этиш йўлларини изламаётгани, бироқ терроризмга ўтиш орқали ҳал қилмоқчи бўлаётгани бугундан бошлаб барчага аён. Бу ғоят хавотирли вазиятдир».

Демак, Россиянинг қилаётган ҳамма ишларидан мақсади, ҳодисаларга ўз режаларини зўрлаб тиқиштириш, ҳатто Украина масаласига оид халқаро анжуманларни ҳам муваффақиятсизликка учратишдир. Чунки Россия «Нормандия тўртлиги» (Германия, Франция, Россия, Украина) учрашувларидан бўйин товлаш учун жиддий бир баҳонага муҳтож, имкон қадар тез вақт ичида айни курашдан Украинадаги кураш, деган эътиборни йўқ қилишни, ўзи терроризмнинг қурбони ролини ўйнашни, Украина ҳукуматини эса, ҳамкорликка ярамайдиган, ҳужумкор қилиб кўрсатишни истайди.

Россия учун сабаблар аниқ-маълум. Аслида, у Қримни аннексия қилиб, Украина жанубида урушга киришиши ортидан географик сиёсий тупикка кириб қолган экан, энди ундан чиқиб олиши учун кўпроқ вақтга эга бўлишни истаяпти. Бошқача ибора билан айтганда, Россия халқаро қонунни шармандали тарзда бузаётган жиноятчи давлат сифатида намоён бўлишни истамаяпти. У мудом гуноҳкор томон бўлиб қолаверишдан зада бўлди, қилган жиноятлари энди тилга олинмаслигини истайди. Яъни шу хусусда барча халқаро анжуманлар тўхташини, Донбас муаммоси фақат Украинанинг ички муаммосига айланишини жуда истайди. Бу ҳолатда Россиянинг сўнгги истаги, Украинадаги вазият музлаб турсин, ҳеч қандай маъно-мазмун касб этмайдиган вазиятга айланиб, худди Приднестровье, Жанубий Осетия, Абхазия ва Тоғли Қорабоғдаги вазиятга ўхшаб қолсин, Украинанинг ўз ерлари ўзининг назорати остига қайтиши тўғрисидаги тинимсиз талаб-баёнотлари ҳам ҳеч қандай маъно касб этмайдиган бир расмий баёнот бўлиб қолсин. Масалан, Молдавия, Гуржистон ва Озарбайжон мунтазам шаклда айтиб келаётган баёнотлар каби.

 Муҳаммад Мансур қаламига мансуб

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here