Эндрюс ҳарбий саммитидан кўзланган мақсадлар

449
0

Эндрюс ҳарбий саммитидан кўзланган мақсадлар

 АҚШнинг Мэриленд штатида жойлашган Эндрюс ҳаво базаси жорий йилнинг 20-21 июл кунлари ҳарбий саммитга гувоҳ бўлди. Мудофаа вазирлари, ташқи ишлар вазирлари, АҚШ етакчилигидаги НАТОга аъзо ўттиздан зиёд давлатдан ҳарбий қўмондонлар иштирок этган бу саммит бу турдаги саммитларнинг биринчисидир. Бу саммит уларнинг даъвосича Исломий Давлат ташкилотини мағлубиятга учратиш учун кенг қамровли стратегияни белгилаш мақсадида ўтказилаётгани очиқланди.

Саммитда ҳарбий техник соҳа бўйича икки генерал: АҚШ армияси бош штаби бошлиғи Мартин Демпси билан Ўрта Шарқ ва Жанубий Осиё масалалари бўйича АҚШ марказий қўмондонлиги раҳбари Ллойд Остин раислик қилди. Сиёсий ҳарбий жиҳатдан АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер билан АҚШ ташқи ишлар вазири Жон Керри раислик қилди.

Эштон Картер АҚШнинг коалициядаги мақсадларини изоҳлаб, бундай деди: «Коалициянинг асосий учта мақсади бор: Ироқ ва Сурияда иллат бўлиб турган ИШИД ташкилотининг бош қалъасини вайрон қилиш, дунёнинг бошқа ерларидаги гуруҳларига қарши курашиб, қувғин қилиш, маҳаллий ҳукуматлар саъй-ҳаракатларини ҳарбий, хавфсизлик ва разведка билан қўллаб-қувватлаш». У ҳамкор давлатлар мудофаа вазирларининг «Ироқнинг Мосул ва Суриянинг Раққа шаҳарларидаги ИШИД назоратига якун ясаш»ни ўз ичига олган келишувга қўшилишларини таъкидлади. Айни мақсадни амалга ошириш учун ишлаб чиқилган стратегиядан мақсад, ташкилотнинг «Ироқнинг Мосул ва Суриянинг Раққа шаҳарларида мавжуд қалъаларидаги тўдаларини қамал қилишга қаратилгани»ни изоҳлади. Кейин коалиция Ироқ ва Сурияда битта қўмондонлик остида ҳарбий ҳужумлар олиб бориш режасини бир йил муқаддам ишлаб чиққан бўлиб, амалиётлар учун қўмондон сифатида генерал Шон Макфарландни вакил қилганини, энди шу режани қўллаб-қувватлаш вақти келганини билдирди.

Жон Керри ҳам коалиция аъзоларини ўзаро маълумотлар алмашишни кучайтиришга тарғиб этиб, «ўзаро саъй-ҳаракатларни мустаҳкамлаш ва айни таҳдидлар ҳақида ўзаро маълумотлар алмашишни кучайтириш учун ташкилий чекловларни олиб ташлаш» зарурлигини таъкидлади. Кейин «Вашингтон коалицияга аъзо давлатлар ўртасида разведка маълумотлари алмашилишини енгиллатиш учун бюрократик тўсиқларни ошиб ўтишга ҳаракат қилиши»ни қўшимча қилди. Саммит иштирокчиларини Давлат ташкилотини ҳатто қалъасидан қувиб ташлангандан кейин ҳам хавфли экани билан чўчитиб, бундай деди: «ИШИД ташкилоти мослашувчан ва етарлича реал иш тутади, у ўзини сохта бир давлатдан халқаро тармоқ даражасигача ўзгартиришга яна ҳаракат қилади, унинг бирдан-бир ва асл мақсади жойларда мумкин қадар кўпроқ инсонларни ўлдиришдир».

ИШИД ташкилотига қарши курашни молиялаштириш масаласида АҚШнинг БМТдаги элчиси Саманта Пауэр донор давлатларга дарҳол ўзларининг молиявий ҳиссаларини қўшишни кучайтиришни етказар экан, жумладан, бундай деди: «Бугун узиб қўйилган молиявий тўловларга тезроқ ва мукаммал тарзда вафо қилиш вақти келди, чунки сўнгги пайтларда барча гуманитар кампанияларда биз донор давлатларни ваъдаларда муболаға қилишаётганини, амалда эса пайсалга солишаётганига кўп гувоҳ бўлдик».

Демак, саммитдаги америкалик масъуллар берган баёнотлардан яққол кўриниб турибдики, АҚШ арабий ва исломий юртлар раҳбарларини барча соҳаларда максимал даражада ўзи билан ҳамкорлик қилишга шантаж қилмоқда. Мисол учун, ҳарбий жиҳатдан олсак, Картер араб масъулларига ўз давлатлари ва тахтларини ҳимоя қилиш учун ҳарбий, хавфсизлик ва разведка буйича АҚШ билан ҳамкорлик қилишга мажбур эканликларини очиқлади. Керри ҳам ўзаро маълумотлар алмашишни кучайтириш орқали ташкилий чекловларни олиб ташлаш зарурлигини, бирорта ҳам маълумот, кичик бўлса ҳам, Америка разведкасидан махфий қолмаслигини алоҳида урғулади. Йиғилганларни агар АҚШ билан ҳамкорлик қилишмайдиган бўлса, келажакда Давлат ташкилоти уларнинг давлатларига хавф солажаги билан пўписа қилди. АҚШнинг БМТдаги элчиси бу давлатлар билан АҚШ ўртасидаги молиявий муносабатни ҳал этиб, унинг юрти айни ташкилотга қарши еткакчилик қилаётган кампанияни молиялаштириш учун улардан тезроқ, бевосита маблағ беришни талаб қилди, маблағ беришни пайсалга солиш ва кечиктириш оқибатларидан огоҳлантирди.

Америка итоатгўй ҳукмдорларни ўз халқлари олдида шантаж қилиш борасида уларга янада ишонч ҳосил қилиш учун Давлат ташкилотига қарши маълум турда ютуқларга эришишни истамоқда. Бироқ бу ютуқ Давлат ташкилотини бутунлай йўқ қилинишини англатмайди, чунки АҚШ ундан кўп фойдаланишда, унинг борлигини ҳужжат қилиб, коалицияга етакчилик қилишда ҳануз давом этмоқда. Шунинг учун уни бутунлай йўқ қилиши амри маҳол иш. Агар буни истасайди, аллақачон уни бутунлай йўқ қилган бўлар эди. Бироқ у бу ташкилотни мағлубиятга учратишда сезиларли ютуқларни қўлга киритмоқчи.

Ҳа, бундай тобе малай ташкилотлар сабабли халқларимиз не-не балоларни бошдан кечирмади дейсиз?! Бу раҳбарлар ўз халқларига қарши не-не жиноятлар содир этиб, ўзларига қандай аҳмоқона сифатларни орттиришмади дейсиз?!

Америка эса узоқ йилларни мўлжаллаб, биздан халқаро коалиция тузмоқда, юртларимизда ҳарбий базалар очмоқда, армияларимизни Давлат талкилотига қарши ўз урушига тортмоқда, бу уруш харажатларини бизнинг маблағ ва бойликларимиз билан молиялаштирмоқда, анави ёмонлик ҳукмдорлари – шу ташкилот сабабли – Америкага разведка маълумотларини текинга тақдим этишмоқда… Бу хорликлар, шармандаликларнинг барчаси бир сиқим арзимас бир ташкилотга қарши кураш, деган баҳона ва ёлғон орқали содир этилиб, гўё юртларимиздаги армияларимиз шу ташкилотга қарши урушишдан ожизликларини иддио қилиб, АҚШдек жинояткор мустамлакачи давлатдан ёрдам сўрашяпти. АҚШ эса халқларимиз қони, фарзандларимизнинг чор атрофга сочилган аъзолари, оилаларимиз насибаси ҳисобига ўша ташкилотга қарши урушга етакчилик қиляпти… хорлик ва шармандалигимиз шу даражада!

Агар бу малай ҳукмдорларимиз ўз мустақил қарорларига эга бўлганларида эди, шунча машаққатлардан ўзларини қутқарган ва бўрттириб кўрсатилаётган бундай кичик муаммони – АҚШ ё бошқа давлатларга мурожаат қилмасдан – аллақачон ҳал қилиб бўлган бўлар эдилар. Ахир, қўлимизда молимиз, асбоб-ускуналаримиз ва армияларимиз бор, ҳеч нарса керак эмас, фақат кескин қарор қабул қилиш керак, холос. Бироқ масала бунданда мушкулроқ. Мушкулроқ масала шуки, бу ҳукмдорлар мустамлакачи кофирга ёлланган, АҚШ шу ташкилотларнинг борлигидан фойдаланиб, уни бўрттириб кўрсатди, унинг баҳонасида минтақамизга барча лаш-лушлари билан келиб олди, нияти минтақамизни мутлақ ўз назоратига олиш, нуфузини  мажбуран тўла тиқиштириб олиш, чангалидан чиқиб кетишига йўл қўймай, қўзғолонларини барбод этиш, унга ювиндихўрлик билан хизмат қилувчи ҳукмдорларни сақлаб туриш… Оддий ва мўжаз қилиб айтганда, мана шундай.

Энди, Британия, Франция ва Германия каби бошқа йирик давлатларнинг АҚШ тарафида туришларига келсак, бу алоҳида масала. Бу давлатлар АҚШнинг ниятларини билади ҳамда ташқи сиёсатларидан нималарни кўзлаётганини тушунади. Улар коалицияга АҚШ билан бирга маълум насибада ўз нуфузларини олиш учун киришяпти. Америка ҳам уларга муҳтож. Дунёга етакчилик қилиш ролини шулар ёрдамида бажариш ва ўзининг мустамлакачилик ролига қонунийлик тусини бериш учун уларга муҳтож. Шунинг учун АҚШ ҳали Эндрюс саммити бошланмай туриб, ундаги ишларни айни давлатларга очиқлади, ўзи билан Россия ўртасидаги айрим яширин битимлардан уларни хабардор қилди. Масалан, АҚШ ташқи ишлар вазири Жон Керри саммитдан олдин Британия, Франция, Германия, Италия ва Европа Иттифоқи бош вазирлари билан Лондонда учрашиб, уларга АҚШнинг минтақадаги стратегияларидан бир қисмини маълум қилди. У уларнинг ҳаммасига ролларни бўлиб берди, уларнинг ҳар бири ўз вазни ва нуфузига қараб рол олди. Одатдагидек, энг кўп зиён кўрган биз бўлдик, агар бирдан-бир зиён кўрган бўлмаган бўлсак, албатта. Бу зиёнларга фақат бир сабаб билан дуч келдик, у ҳам бўлса, ҳукмдорларимизнинг разиллиги, қўрқоқлиги ва малайлигидир.

 Абу Ҳамза Хутвоний қаламига мансуб

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here