Картер: Осиё-Тинч океани давлатлари учун НАТО каби ҳарбий ташкилот лозим

477
0

Сингапурда “Осиё-Тинч океани минтақаси” ҳукуматлараро хавфсизлик форуми бўлиб ўтди. Ўн бешинчи йили бўлиб ўтаётган мазкур форумда Осиё-Тинч океани давлатларининг хавфсизлик масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек бу йилги форумда Осиёда хавфсизлик масалалари, Осиё-Тинч океани минтақасидаги ҳарбий рақобат, дунёдаги ноаниқлик қаршисида минтақа давлатларининг мудофаа сиёсати, минтақавий можароларнинг ечимларини қийинлаштирган мураккаб муаммолар ва минтақадаги хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Уч кун давом этган “Шангри-Ла мулоқоти”, номли бу форум, маркази Лондонда жойлашган халқаро стратегик тадқиқотлар институти тарафидан олиб борилди. Учрашувда Форумнинг доимий аъзоси бўлган Австралиядан тортиб, Ветнамгача бўлган 28та Осиё-Тинч океани давлатларининг мудофаа вазирлари, қуролли кучлари қўмондонлари, сиёсатчилари ва турли мамлакатлардан келган мутахассислар халқаро ҳодисаларга ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

Осиёда мураккаб хавфсизлик масалаларига бағишланган форумннинг биринчи мажлисида АҚШ Мудофаа вазири Эштон Картер нутқ сўзлади. Пентагон раҳбари ўз нутқида Вашингтоннинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги ҳарбий сиёсатини амалга ошириш бўйича кўз-қарашини эълон қилар экан, Осиёда Хитойга қарши НАТОга ўхшаш яна бир ҳарбий ташкилот тузиш таклифини ўртага ташлади.

Картернинг таъкидлашича, Осиё-Тинч океани минтақасида уруш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш Европадаги НАТОга ўхшаш марказлашган ташкилот томонидан назоратга олинмаган. Шундай экан, минтақанинг хавфсизлиги борасида худди НАТО каби ҳарбий иттифоқ лозим бўлади.

Россиянинг “Независимая” газетасига кўра, Хитойнинг тобора ортиб бораётган иқтисодий ва ҳарбий қуввати Тинч океани минтақасида ва умуман жаҳон миқёсида Американинг устунлик умидларига путур етказиши мумкин. Шунинг учун Оқ уй минтақадаги давлатларнинг ҳарбий кучларини бирлаштирадиган ҳарбий ташкилотга муҳтождир.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here