Обама Россияга “ҳақиқий улуғворлик”ни таклиф қилди

498
0

 АҚШ президенти Барак Обама Ҳанноверда Германия, Буюк Британия, Франция ва Италия етакчилари билан учрашувидан аввал, Россияга нисбатан санкциялар Минск келишувлари ижро этилгунга қадар амалда бўлиши, расмий Москва эса жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорлик қилиши зарур, деган фикрларни билдириб ўтди.

 “Россия ҳақиқий буюклик қўшниларни қўрқитишда эмас, балки дунё давлатлари билан ҳамкорлик қилишда эканини англаб етишига ишонаман”,- деб АҚШ раҳбари сўзларидан иқтибос келтиради Euronews телеканали.

 Россия билан яхши алоқаларни олиб боришга интилаётганини қайд этган Обама, Минск келишувларидаги бандлар бажарилмагунча Россияга нисбатан жазо чоралари ўз кучида қолиши кераклигини таъкидлаган.

 Обаманинг сўзларига кўра, Украинадаги “рус агрессияси” НАТОнинг шарқий Европадаги иттифоқчилари асабига тегмоқда ва “совуқ уруш давридан кейин эришилган тараққиёт”ни хавф остига қўймоқда. Обаманинг таъкидлашича, ҳарбий альянс бундан кейин ҳам Болтиқбўйи давлатлари, Польша ва Руминияни қўллаб-қувватлайди.

Ўтган ҳафтада Кремль маъмурияти “НАТО билан ўзаро ишончсизлик ҳукм сураётгани” ҳақида баёнот бериб, расмий Москва альянснинг нодўстона ҳатти-ҳаракатларини, хусусан Россия чегаралари яқинида ҳарбий салоҳиятини тобора кучайтираётганини қайд этган эди.

Ҳанноверда чиқиш қилган АҚШ президенти Европа хавфсизлигига ҳам тўхталиб, баъзан “Европа ўз хавфсизлиги борасида етарли даражада қайғурмаслигини” иддао этди. Унинг сўзларига кўра, НАТОнинг барча мамлакатлари мудофаа соҳасига ЯИМнинг 2фоизини сарф этишга ҳаракат қилишлари керак.

Америка етакчисининг айтишича, ЕИ глобал коллектив хавфсизликни таъминлаш мажбуриятининг бир улушини зиммасига олиши лозим. Обама, шунга биноан НАТОнинг июл ойида бўлажак саммитида, хавфсизлик бўйича мажбуриятни алъянснинг барча аъзолари тенг бажариши шарт, деган таклифни илгари суришини билдирди.

Туркистон:

Россия халқаро сиёсатда кўп хатоларга йўл қўйди. Натижада АҚШ ундан Европа иттифоқи давлатларини қўрқитиш учун фойдалана бошлади. АҚШ Европа ҳудудини ягона ҳимоячиси сифатида НАТОни сақлаб туриши керак. У ЕИ давлатларини бу ҳарбий ташкилотга мухтож эканларига ҳам ишонтириб бориши лозим. Уларда пайдо бўладиган бу қўрқув ва ишонч, уларнинг зиммаларига бу ташкилотнинг сарф харажатларининг бир бўлагини юклаб боришида ҳам асосий ўрин эгаллайди. Россия Украинадаги бир қатор хатолари сабабли АҚШнинг ЕИни қўрқувда ушлаб туриши учун навбатдаги васвасали қуролига айланди.

Энди Россия Минск шартномасини бажариши билан ҳам АҚШдан қутула олмайди. Чунки ундан кейин Қримни озод қилиш масаласи кўтарилади. Қрим эса, Россия учун ўта муҳим ва стротегик минтақа ҳисобланади. АҚШ Россиянинг манфаатларини рўёбга чиқариб бермайди. У Путинни Сурияга қарши ҳамкорликка чақириб уни алдади. Энди Путин ундан умид қилмаса ҳам бўлади. АҚШ Россияни ўта заиф ва сиёсий фалаж ҳолатга олиб бориб, ундан фақат ўзининг манфаатларида фойдаланаверади. Россиянинг ҳатто шу кунги ҳолати ҳам АҚШни қаноатлантирмайди. У Россияни етакчи давлатлар сафидан мутлақо ўчириб юборишга ҳаракат қилади. Имкони етса, уни парчалаб юбориши ҳам мумкин. Лекин, уни ўз ҳолига ташлаб, ривожланиб кетиши учун унга имкон бермайди, ҳатто шу кунги ҳолатида туришига ҳам рози бўлмайди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here