Боку Ереванни Қорабоғ можаросини ҳал қилиш масаласига тўсиқ қўяётганликда айблади

454
0

Озарбайжон президенти Илҳом Алиевга кўра, жорий ой бошида Қорабоғ минтақасида юзага келган кескинлик Арманистоннинг тинчликни истамаётганини, аксинча муаммо ечими йўлидаги ҳаракатларга тўсиқ қўяётганини исботлади.

Алиев ўтган шанба куни вазирлар йиғилишида бундай деди: «Яқинда содир бўлган қонли тўқнашувлар яна бир карра Арманистоннинг тинчликни истамаётганини, аксинча, музокара жараёнини муваффақиятсизликка учратишни кўзлаб, босқинчилик сиёсатида қаттиқ турганини исботлади».

Алиев Арманистоннинг – ҳар сафар музокараларда сезиларли ютуққа эришай, деб турилганда – низоли минтақада провокация келтириб чиқараётганини таъкидлади. У ўтган йилнинг декабр ойида Германиянинг Пирна шаҳрида Арманистон президенти Серж Азатович Саргсян билан ўтказилган ўзаро учрашувлари деярли натижа бермаганини маълум қилди.

Шунингдек, Алиев айни масалада озар армияси арман томони билан бўлган бу сафарги тўқнашувларда юксак тайёргарликни намоён қила олганига ва ўз позициясини мустаҳкамлаганига диққатни қаратди.

Ўз навбатида, шанба куни арман мудофаа вазирлиги ҳам Ереваннинг низоли минтақага ҳарбий техника ва қўшинлар юборганини инкор қилди. Арманистон мудофаа вазири секретари Арцрун Ованнисян Россиянинг «ТАСС» ахборот тагентлигига «2-6 апрел кунлари Қорабоғ билан Озарбайжон ўртасидаги низо чизиғида бўлиб ўтган тўқнашувлар мобайнида Қорабоғ қуролли кучлари ишга солинди, холос. Арманистон минтақага ҳеч қандай ҳарбий қисм ёки техникани киритгани йўқ», дея билдирди. Бироқ шундай бўлса-да, мудофаа вазири секретари «кўплаб кўнгиллилар» Қорабоғга боришганини, улардан «кўпчилиги», айниқса, тиббий ёрдам кўрсатиш учун борганлар ҳозирда «ўз уйларига қайтаётганларини» эътироф этди.

Маълумки, Тоғли Қорабоғ вилоятига эгалик қилиш билан боғлиқ Озарбайжон-Арманистон ўртасидаги можаро 1988 йил бошланган. 1991 йилда эса Қорабоғ аҳолисининг кўпчилигини ташкил қилувчи арманлар минтақани Озарбажойдан ажралиб чиққанини ва ўзлари томонидан бошқариладиган автоном бошқарувга асос солишганини эълон қилишган эди. (Россия Сегодня).

Роя гезетаси шарҳи:

Бу жанглар 2016 йил 2 апрелда тоғли Қорабоғ минтақасида Арманистон билан Озарбайжон ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш чизиғи бўйлаб деярли тўсатдан аланга олди… Хулоса чиқариш мумкинки, рус нуфузи Арманистонда ғоятда барқарор бўлиб келди. Арманистонда русларнинг йирик ҳарбий базаларидан бири бор. Бу базада рус армиясининг 102 дивизияси турибди ва унда 5000 рус аскари жойлаштирилган. Россия камбағал Арманистон давлатига грантлар, қарзлар ва ресурслар билан ёрдам кўрсатиб келмоқда. Россия илгари ҳам ва Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан кейин ҳам Арманистонга тоғли Қорабоғ минтақасида Озарбайжон билан бўлган низо даврида ёрдам кўрсатиб келган эди. Россия 1994 йилда икки тараф ўртасида ўт очишни тўхтатиш режимини ўрнатишда воситачилик ҳам қилди. Ана шу воситачилик Арманистон фойдасига бўлган эди. Чунки Арманистон ва унинг тўдалари Қорабоғ минтақасида озарлар яшайдиган минтақани бутунлай босиб олди. Озарбайжоннинг бу минтақа ғарби ва жанубидаги, балки шарқидаги бошқа ерларидан ҳам 9 %и босиб олинди. Шунинг учун Россия бу охирги урушни тўхтатишдан манфаатдор ҳисобланади.

Американинг яна аланга олган бу урушдаги роли эса парда ортидан бўлди. Уни пардасиз дейиш ҳам мумкин. Масалан «Мисрийюл Явм» сайти 2016 йил 31 мартда қуйидаги хабарни тарқатди: «Озарбайжон президенти 2016 йил 30 мартда Вашингтонда Америка ташқи ишлар вазири Керри ҳузурида Арманистондан ўз кучларини Тоғли Қорабоғдан «дарҳол» олиб чиқиб кетишини талаб қилди. Бу минтақа теварагида иккала мамлакат ўзаро низолашиб келмоқда. Вашингтон бу низони ҳал қилишга анча йиллардан бери уриниб келади. Керри Озарбайжон президентини АҚШ президенти Барак Обама томонидан пайшанба ва жума кунлари ўтказилган ядровий хавфсизликка оид халқаро саммит чоғида алоҳида қабул қилди. Алиев Керри ҳузурида журналистларга «Биз АҚШ ҳукуматининг Арманистон билан Озарбайжон ўртасида давом этаётган низони ҳал қилишдаги саъй-ҳаракатларидан мамнунмиз» деди. Алиев қўшимча қилиб: «Бу низо Хавфсизлик Кенгашининг арман кучларини ерларимиздан дарҳол ва ҳеч бир шартлар қўймай олиб чиқиб кетишга чақирадиган қарори асосида ҳал қилиниши лозим» деди. Керри ҳам ўз навбатида «Тоғли Қорабоғдаги ҳал қилинмай келаётган бу низо учун узил-кесил ечим музокаравий ечим бўлиши зарур»лигига чақирди».

Шунинг учун озар президентининг бу жанглар аланга олишидан уч кун олдин Вашингтондан туриб, Америка ташқи ишлар вазири Керрининг ёнида туриб берган баёнотлари Россиянинг Кавказ минтақасида бу урушни аланга олдираётган Американинг ўзи эканлигига шубҳага ҳеч қандай ўрин қолдирмайдиган даражада ишора қилиб турибди. Бу эса Россиянинг Арманистон ва Кавказдаги манфаатларига таҳдиддир. Чунки бу минтақа Россия учун ўта нозик ҳисобланади… Яъни Америка бу урушни «портлатиш» билан Россиянинг қоқ биқинига қаттиқ зарбаларни аниқ йўлламоқда… (Ҳизб ут-Таҳрирнинг 2016 йил 9 апрелдаги саволга жавобидан олинди).

Роя газетасининг 2016 йил 13 апрел чоршанба кунги 73-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here